Фикр айтиш бетга чопарлик эмас!

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеолавҳа мени жуда таъсирлантирди: Австралиянинг Гугонг шаҳрида мамлакат бош вазири Скотт Моррисон ҳукумат янги уй қурадиган ёки эскиларини таъмирлайдиган фуқароларга 17,5 минг АҚШ долларига тенг миқдорида грант таклиф қилмоқчилигини эълон қилиш учун ҳудудда журналистлар билан учрашган. Мулоқот жараёнида кадр ортидан эркак кишининг “Йигитлар, илтимос ниҳолларни босманглар, ўзи яқиндагина эккандим”, деган овози эшитилади. Шунда бош вазир уй эгасидан узр сўраб, журналистларга четроққа ўтишни таклиф этади ва матбуот анжуманини давом эттиради.

Давлатимиз раҳбари ҳам ҳар доим мутасаддиларга муаммоларни ўрганишда аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлиш, уларнинг таклиф ва истакларини инобатга олиш кераклигини таъкидлайди. Ҳудудларга қилган ташрифи чоғида ҳам ўзлари ҳам аҳоли билан юзма-юз, очиқ мулоқотда бўлади.

Яқинда Фарғона вилоятига қилган ташрифи чоғида фарғоналикларга қарата “Мен қисқа, сизлар кўпроқ гапирсаларингиз тўғри бўлади. Мақтов керак эмас. Президентга энг катта мақтов бўлиб бўлган — бу халқ ишончи. Ҳали энди биринчи қадамларни қўйяпмиз. Келиб, қарсак эшитиб кетиш менгаям осон. Лекин бундан натижа бўлмайди. Туманларга ўзим боришимнинг сабаби — одамларнинг яшаш шароитларини юрагимдан ўтказиб, аниқ чоралар кўриш, ислоҳотлар узоқ-узоқ жойларда ҳам натижа беряптими, қуйи тизимдаги раҳбарлар садоқат билан, жон куйдириб ишлаяптими, деган саволларга жавоб топиш. Ҳар куни бундай учрашув бўлмайди. Масалаларни қатъий қўйинглар”, деган талаби фикримиз исботидир.

Баъзан айрим амалдорлар бирор ҳудудга бориб қолса, ҳамма жойни  “гуллатиб-яшнатиш”га киришилади, охирги марта қачон супуриб-сидирилгани ёддан чиққан бурчакларга ҳам супурги тегиб, жазирама дарахтлар экилади. Хуллас, камчиликларни хас-пўшлашга киришамиз.

Муаммоларни ўрганиш, халқ дардини аритиш учун келган амалдор эса (тан олиш керак, бугун чин маънода халқ дарди билан яшаётган раҳбарлар ҳам кўп), ўзига кўрсатилган иззат-икромдан маст бўлиб, “ҳаммаси жойида” қабилида олқиш олиб, ортга қайтади. Энг ёмони, шу зайл амалдорлар билан халқ ўртасидаги бўшлиқ пайдо бўлади.

Савол туғилади: биз ҳамон эскича фикрлаш билан овора бўлиб қолмаяпмизми? Ҳақиқатни гапириш, муаммони ўртага ташлашни ношукрликка, эркин фикр билдиришни бетга чопарликка йўйишни қачон тўхтатамиз?

Хуллас, ўз манфаатини ўйлайдиган айрим амалдорлар тегирмонига сув қуяверар эканмиз, юқорида мисол келтирганимиз — оддий австралияликнинг ҳатти-ҳаракати биз учун орзулигича қолаверади.

Зебинисо ҲАЙИТОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: