Фуқаролик позициясини билдириш — чақмачақарликми?

Чақмачақар ким?

Одатда, аноним, махфий ҳамкорлик қилиб, кимнидир айблаш, қоралаш билан боғлиқ маълумотларни хуфёна етказиш билан шуғулланадиган шахслар чақмачақар, деб аталади. Жамиятимизда шахснинг чақмачақарлиги қусур сифатида қораланади.

Мамлакат Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл ҳаракати қоидасини менсимай ҳаракат қилаётган ҳайдовчиларни аниқлаш ва уларни қилмишига яраша жазолаш учун кенг жамоатчиликни ҳамкорлик ўрнатишга чақирди. Шу масала юзасидан турли муносабатлар билдирилди. Улардан баъзиларида мукофот эвазига йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар тўғрисидаги маълумотни етказишдан, чақишдан тийилишга, исломда фуқаролар диндош биродарининг айбини яшириши лозимлигини иддао қилинди.

Дастурхон атрофида, ишхонада суҳбатлашаётганларнинг ҳангомасига эътибор берсангиз, баъзан улар ўзлари иштирок этган ёки гувоҳ бўлган маъмурий ва ҳатто жиноий ҳолатлар билан боғлиқ маълумотларни бемалол сўзлаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Айниқса, йўл ҳаракати хавфсизлиги, солиқ, МИБ инспекторлари билан қонунни четлаб, муроса қилгани ҳақидаги гап-сўзларни эшитгансиз, албатта. Бундай маълумотлардан хабар топган дастурхон атрофидагилар жўрасининг “уддабурон”лигидан ҳайратга тушса-тушади, лекин бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органига мурожаат қилишни хаёлига ҳам келтиришмайди. Чунки улар тегишли ташкилотларга мурожаат қилишни чақмачақарлик, деб билишади.
Савдо қилиш чоғида тадбиркор қилинган хизмат эвазига чек бермай солиқ тўловида ғирромлик қилаётганига бефарқмиз. Таксининг лицензиясиз хизмат қилишига-ку эътибор ҳам бермаймиз. Инсофли солиқ тўловчими, ноқонуний тадбиркорми бизга фарқи йўқ. Ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар тўғрисида солиқ идораларини хабардор қилишни ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Хабар берган одамларни “ёзувчи” деб, улар билан мулоқотда эҳтиёт бўламиз, яккалаб қўямиз.

Газ, электр токи, сувдан ўғирлаб фойдаланаётган танишларимизни инсофга чақириш ўрнига, унга бизни ҳам бу сирдан воқиф қилишни, ўргатиб қўйишни сўраймиз. Ҳокимиятга, шифохонага, таълим масканларига, банкларга мурожаат қилганимизда уларнинг баъзи масъулиятсиз ходимлари томонидан беҳуда оворагарчиликка йўл қўйилишига чидайверамиз. Таъмагирлар билан доимо муроса қиламиз. Ваколатли ташкилотларни хабардор қилишни чақмачақарлик, деб билган халқимиз кўз ўнгида маъмурий ёки жиноий ҳолатлар содир этаётганларга муроса билан қарайди. 

Ривожланган ғарб мамлакатлари аҳолиси чақмачақарликка қандай муносабатда? Улар ҳам ён-веридаги одамларнинг айбини яширишадими?

Йўқ, улар чақмачақарликка бошқача баҳо беришади. Улар ўзларини ҳар бир фуқаронинг жамиятда қабул қилинган қонун-қоидаларга сўзсиз итоат этишини муросасиз талаб қилишга ҳақли фаол фуқаро, деб билишади. Ўзлари гувоҳ бўлган камчиликларни бартараф этиш бўйича ваколатли ташкилотларни хабардор қилиш ғарб жамияти вакилларининг турмуш тарзига айланган. Қўни-қўшни, қариндошлар, жўраларининг содир этган ҳуқуқбузарлигидан тегишли ташкилотларни зудлик билан хабардор қилишини ҳеч ким қораламайди, балки уни қўллаб-қувватлайди.

Камчиликларни бартараф этиш, давлат тизимидаги майда ҳуснбузарларни сиқиб чиқаришнинг ягона йўли — кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришдир. Ривожланган мамлакатлар фуқаролари ўз мамлакатидаги камчиликларни бартараф этишда иштирок этишни ватанпарварлик ҳаракатига тенглаштиришади.

Биз-чи?

Биз бу масалада ғарб мамлакати аҳлининг тескарисимиз. Қўшнимиз, танишларимиз содир этган ҳуқуқбузарликни ошкор қилишдан тортиниб, гўёки оқибат қиламиз.

Алдовчи, қонунни четлаб муросасозликни одат қилган одамларни нормал қабул қиламиз. Ғарб мамлакатларида давлат органлари аҳолига сифатли хизмат кўрсатишида, ўқувчилар ва талабалар чуқур билим олишида, иқтисодиёти юксалишида, жамиятда мавжуд қонун-қоидаларга итоат этиш маданияти ривожланишида “чақмачақар”ларнинг ижобий ўрни бордек назаримда. 

Нега бир камчиликни бартараф қилиш юзасидан тегишли ташкилотга мурожаат қилган фуқарони чақмачақар деб, “ёзувчи”га чиқаришимиз, яккалаб қўйишимиз керак? Балки жамиятнинг соғломлашишида, шаффофлашишида шу одамларнинг ўрни муҳимдир?! Ўз-ўзини назорат қила оладиган, ўрнатилган тартиб-қоидаларга унинг ҳар бир аъзоси бирдай итоат қиладиган жамиятни, ўз ишини беғараз ва сифатли бажарадиган давлат идораларини фаол фуқароларсиз барпо этиш мумкинми? 

Танганинг яна бир томони бор. Мурожаатлари адолат билан кўриб чиқилмайдиган, айбдор муқаррар жазосини олмайдиган, амалдорлари қонунларни менсимайдиган жамиятда фуқаролар ўз позициясини баён қилишдан тийилади. Чунки танишини адолат билан иш кўрмайдиган тўрага топширишни ёмон оқибат, деб билишади. 

Мукаммал сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ривожланган мамлакатлар аҳолисининг демократик сайлов орқали давлат бошқарув органларига раҳбарлик қилаётган идораларга ишончи баланд. Шунинг учун улар ўзлари билган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мазкур идораларга тинимсиз мурожаат қилаверади. Мурожаатларнинг умумий сони фуқароларнинг шу идорага бўлган ишонч мезонини белгилайди. 

Фуқаролик позициясини баён этишни халқимиз чақмачақарлик, деб аташи таассуфли ҳол.

Бир саволнинг жавоби мени қизиқтиради: ғарб мамлакатларида улар ривожлангандан сўнг чақмачақарлик авжига чиққанми ё фуқаролар орасида чақмачақарлик авжига чиққандан сўнг мамлакатлар ривожланганми? 
Аслида маданий даражаси юксак халқгина умумжамиятга боғлиқ ҳодиса ва воқеаларга бефарқ бўлмайди, бўлолмайди.

Сиз қандай фикрдасиз?

Алимбой НИШОНОВ,
журналист

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: