Ҳоким бобо, ғишт қуйиб, тирикчилик ўтказаётган момога ҳам 20 миллион сўм беринг

Кеча кўплаб телеграм каналларда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Россия давлатида чиқинди йиғиб, онасини боққан шаҳрисабзлик 11 ёшли Исломбекнинг оиласига 20 миллион сўм пул ҳамда Исломбек ва унинг опасига ўқув қуроллари совға қилгани ҳақида ахборот тарқатилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилинишича, мазкур воқеа “ҳокимнинг бир куни” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ва ҳоким бобонинг топшириғига кўра, оилага янги қурилаётган уйларнинг бошланғич тўлови тўланиб, уй ҳам бериладиган бўлибди.

Бу, албатта, таҳсинга сазовор ҳолат ва бундан кейин ҳам савобли ишлар давом этишига ишонамиз.

Аммо шу ўринда бир мулоҳаза: “ижтимоий тармоқларда тарқалган” деб бонг урилган мазкур видео аслида 22 июнь куни “Озодлик Радиоси”нинг телеграм саҳифасида ёритилган экан.

Қойил, “Озодлик Радиоси” битта чиқиш қилади ва ҳамма эътибор қаратади:вазир ҳам, ҳоким ҳам. Миллий масс-медиа ўнлаб бундай ҳолатлар ҳақида бонг уради, ҳеч ким эътибор қилмайди: вазир ҳам, ҳоким ҳам.

Майли, ҳозир гап бу ҳақда эмас. Балки кеча ростдан ҳам, ижтимоий тармоқларда тарқалган қашқадарёлик онахон фотоси, аниқроғи, ҳоким бобо эътиборига муҳтож вазият ҳақида.

Суратдаги момо Нишон тумани Қирққулоч қишлоғида яшаркан. У бошқаларга ўхшаб, “давлат қилиб берсин, мен ночорман”  деб нолимаскан. Яъни шу ёшида ғишт қуйиб, ҳалол меҳнат қиларкан. @nasafnewsuz каналининг ёзишича, у каби меҳнаткаш аёллардан ўрнак олсак, арзиркан.

Албатта, бу фикрларга қўшилолмаймиз. Аксинча, ҳоким бободан илтимос қилмоқчимиз: “ижтимоий тармоқларда тарқалган” фотога ҳам эътибор қаратиб қўйсангиз? Тўғри, онахон балки 20 миллион сўм пулни олишни ҳам рад этиши мумкин. Лекин барибир “ҳокимнинг бир куни” лойиҳаси доирасида бир кўнгил сўраб қўйилса, ҳақиқатдан ҳам, “ижтимоий тармоқларда тарқалган” ва маҳаллий масс-медиа нигоҳига тушган вазиятга эътибор қаратилган бўларди.

Фикр билдириш