«Халқ банки»даги ўйинлар

“Халқ банки” бутун Ўзбекистон бўйи­ча нақд пул шаклидаги пенсия ва нафақаларни тарқатишга ягона ваколатли банк ҳисобланади. Ушбу банк томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа маъмурий биноларда пенсия ва нафақаларни нақд пул шаклида бериш бўйича махсус кассалар фаолияти йўлга қўйилган. Мустақил равишда ўз пенсия ва нафақаларини олишга кела олмайдиган шахсларга пенсиялар “Халқ банки” томонидан уларнинг яшаш жойларига бевосита борган ҳолда тарқатилмоқда.

Афсуски, сўнгги вақтларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳақига хиёнат қилиш каби нохуш ҳолатлари учраб турибди. Тошкент шаҳрида “Халқ банки” Мирзо Улуғбек филиалининг сайёр касса ҳисобчи-назоратчиси ўзига ишониб топширилган пенсия ва нафақа пулларини эгаларига тарқатмасдан талон-тарож қилгани бунга бир мисол бўлади.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида таъкидлашича, АТ “Халқ банки” Мирзо Улуғбек филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда филиалнинг сайёр касса ҳисобчи-назоратчиси Т.Т. ўзига ишониб топширилган жами 170 млн сўм пенсия ва нафақа пулларини эгаларига тарқатмасдан, ўзлаштирилгани аниқланган. У бу пулларни 2020 йилнинг сентябрь ойидан жорий йилнинг январь ойига қадар бўлган даврда эгаларига тарқатиши керак бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Т.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми билан (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Буни қарангки, “Халқ банки” тизимида ишлаётган айрим ходимларнинг қинғирликлари пенсия ва нафақа пулларини эгаларига бермасдан ўзлаштириб юбориш билангина чекланиб қолмас экан. Айнан шу банкнинг Қуйичирчиқ туманидаги Дўстобод филиали собиқ бошқарувчиси Б.О. ҳамтовоқлари билан 2019-2020 йилларда 6 нафар фуқаронинг ҳужжатларини сох­талаштириб, уларнинг номига жами 119,1 млн сўм истеъмол кредитини расмийлаштирган. Энг қизиғи, номига кредит олинган фуқаролар бундан мутлақо бехабар бўлган. Юқорида кўрсатилган маблағни жиноий шериклар пластик карталарга ўтказиб, кейин ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборишган.

Мазкур ҳолат юзасидан банк филиали собиқ бошқарувчиси Б.О. ва унинг шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми ва 209-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

“Халқ банки” номига муносиб иш тутмаган ходимлар пенсия ва нафақа пулларини ўзлаштирадими ёки фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, бу маблағни чўнтагига урадими қилмиши жазосиз қолмайди.

Ирода КАТТАБЕКОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: