Хорижга кетаётган аёллар

Ваҳшийлик қурбони

Яқинда телевидение орқали берилган бир нохуш хабар қалбимни ларзага солди. Айтилишича, бу фожиа Андижон вилоятининг Асака туманида рўй беради. Муросаси келишмай эри билан ажрашган аёл Фирдавс исмли уч ёшли ўғлини ҳали оналик бахтига эришмаган қизга қолдириб, ўзи ишлаш учун хорижга кетади. Бироқ у ишонган  энага  кичкинтойнинг ўзига хос эркаликлари ва хархашаларига чидолмайди. Охир-оқибат уни шу йил 4 апрель куни ўткир ва оғир жисмлар билан аёвсиз калтаклайди. Мурғаккина вужуди жиддий жароҳатланган Фирдавс ҳушидан кетади ва 15 соат қаровсиз ётади. Дийдаси қаттиқ энага касалхонага олиб борганида эса, у аллақачон жон берган эди…

Табиийки, бу мудҳиш қотиллик жазосиз қолмади. Жабрланувчининг баданига оғир шикат етказиб, унинг умрига зомин бўлган 23 яшар энага Жиноят кодексининг  104-моддаси, 3-қисми, “д” банди билан кўра айбдор деб топилди. Суд томонидан унга узил-кесил ўташ учун 9 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Эҳтимол, кечирилмас хатога қўл урган бу аёл бир кун озодликка чиқар, лекин виждон азобидан қутулармикин?  Эл-юрт орасида бемалол бош кўтариб юра олармикин? Балки турмуш қуриб, фарзандлар ҳам кўрар, аммо ҳар гал уларни қўлига олганида ўзининг ваҳшийлиги қурбонига айланган болакайни кўз ўнгига келтириб, ич-ичидан зил кетмасмикин?..

Хўш, ўша гўдакнинг онаси-чи? У нега ҳали ўзининг меҳрига тўймаган  ва суяги қотмаган жигарбандини бировга қолдириб, узоқ сафарга отланди? Маоши камроқ бўлса-да, ўзимизда ишласа бўлмасмиди? Борингки, хорижда кўпроқ пул топиш имкони катта бўлган тақдирда ҳам ўғлини бемаврид чирқиллатмай, ўзи билан олиб кетгани маъқул эмасмиди?

Ана шулар ҳақида ўйлаганингизда онадан ҳам, энагадан ҳам беихтиёр нафратланасиз, улар аёллик шаънига доғ туширишганидан қаттиқ афсусланасиз. Айни чоғда, “Боланинг отаси қайда эди? Маҳалла-кўй қаёққа қаради?” деган саволларга жавоб излайсиз. Судда марҳум болакайнинг бирор-бир яқини, лоақал онаси ҳам қатнашмаганидан ажабланасиз. Кейин эса бунга ўхшаш нохуш ҳодисаларнинг туб сабаблари ҳақида чуқур ўйга толасиз…..

Чақалоқлар савдоси кўпаймоқда

Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, 2019-2020 йилларда одам савдосига боғлиқ жиноятлар 2018 йилгига нисбатан камайган бўлса-да, улар орасида чақалоқларни сотишга дахлдорлари  юқорилигича қолмоқда.

Хусусан, 2018 йилда содир этилган айни турдаги жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқлар савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган. Бундан ташқари, одам савдосига тааллуқли мурожаатларни қонуний ҳал этиш, бу жиноятларнинг аниқланиши ва судларда кўрилиши, жазо муқаррарлиги тамойили таъминланиши механизми самарали йўлга қўйилмаган. 2019 йилда келиб тушган одам савдоси жинояти ҳақидаги 710 та мурожаатдан атиги  94 таси, яъни 13 фоизи бўйича жиноий иш очилган.

Ўзбеклар бола сотмаган…

Иккинчи жаҳон уруши йилларида тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи турли миллатга мансуб 15 нафар етим болани асраб олиб тарбиялагани марҳум режиссёр Шуҳрат Аббосов яратган “Сен етим эмассан” бадиий фильмида  ёрқин ифодасини топган. Бу киноасарда ўзбек миллати ва ўзбек оиласининг ўзига хос бетакрор характери, айниқса, болажонлиги кенг очиб берилган. 

Зеро, халқимиз асрлар оша миллий қадриятларини ва хайрли анъаналарини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келган, уларга заррача гард юқтирмаган. Энг қийин ва қалтис дамларда ҳам инсонийлик тамойилларига путур етказмаган. Инчунин, ўша уруш ва қаҳатчилик йилларида ҳам меҳрибонлик уйларида болалар кам бўлган.

Ҳаётимиз тинч, турмушимиз фаровон, дастурхонимиз тўкин-сочин бўлган бугунги кунда эса гоҳ у ерда-гоҳ бу ерда болалар зуғумга учрагани ёхуд сотилгани тўғрисидаги хабарларни эшитиб ёки ўқиб қоламиз. Бундай пайтларда қуйидаги аччиқ саволлар виждонимизни қийнайди: “Биз – ўзбеклар учун бола сотиш аслида ор эмасми? Бундай  қабиҳ жиноятга қўл уриш ўз боласига хиёнат қилиш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини беаёв топташ эмасми?..”  Жавоби аниқ: албатта, шундай!

Маҳаллаларда нима гап?

Бугун ишлаш учун хорижга йўл олаётган аёлларга тегишли далиллар кишини қаттиқ ташвишга солади. Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизмати берган маълумотга кўра, 2019 йилнинг сўнгги тўрт ойи давомида 40 мингга яқин фуқаро чет элга ишлаш учун кетган. Уларнинг 48,3 фоизини хотин-қизлар ташкил этган.

– Бутун дунёда коронавирус пандемияси авж олган пайтда биргина Тошкент вилоятидан хорижга кетган 7 минг нафарга яқин аёл олиб келинди, – дейди ушбу вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг Бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича бўлими бошлиғи Барно Ҳамидова. – Шундан 2 мингдан зиёди доимий иш билан таъминланди. Оилавий шароитига кўра ишга жойлаша олмаган аёллар учун эса талай имкониятлар яратилди.

Масалан, меҳнат ва бандлик билан таъминлаш ташкилотлари орқали давлатимиз ажратган субсидияларни олиб, якка тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганлари ҳам бор. Кўплаб  оилаларга пул ажратилиб, иссиқхоналар қуриб берилди, шунингдек, сув билан таъминланди. Энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида солиқ пули тўлаган  аёлларнинг меҳнат дафтарчасига бир йиллик иш стажи ёзилмоқда. Ўзини-ўзи банд қилган хотин-қизлар ҳам худди шундай имтиёзга эга бўлишмоқда. Хуллас, ҳозир маҳаллаларда бошқа мамлакатларга ишлаш учун борадиган аёллар сони кескин қисқарган. Кетганлари ҳам қайтиш тараддудида.

Касалликни даволашдан кўра, олдини олган маъқул!

2020 йилнинг май ойигача 2 нафар чақалоқ савдоси аниқланган ва айбдорлар суд ҳукмига биноан қилмишларига яраша жазога тортилганлар. Аммо бўлар иш бўлиб, бўёғи сингандан кейин бундай чоралар қўллагандан кўра, айни турдаги жиноятларнинг олдини олган маъқулроқ. Бунинг учун эса, гўдагини сотган ёки хорижга кетишидан аввал боласини бировларга топшириб кетаётган аёлларнинг яшаш шароитини ҳар томонлама чуқур ўрганиш даркор. Аввало, дилбандини сотишга чоғланган онанинг психологик соғломлигини, ижтимоий аҳволини таҳлил қилиш, у билан индивидуал тарзда гаплашиш,  муаммоларини бартараф этиш чораларини излаш зарур. Ишсизлик ва пулсизлик эса  аёлларни ўз жигаргўшасини сотишгача олиб бормаслиги керак.

Умуман олганда, ҳозирги кунда оғир аҳволда қолган ёки фарзандларини ёлғиз ўзи боқиб ва тарбиялаб, вояга етказаётган аёлларга амалий жиҳатдан кўмаклашиш, уларни иш билан таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирларни кўришимиз шарт.

Маъмура ҚАЛАНДАРОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: