Хотира бонги

Ҳаёт кеча, бугун ва эрта деган учта довондан иборат. Инсон уларни илдам қадамлар билан босиб ўтганига қарамай, баъзида рўй берган воқеалар қалбидаги хотира денгизини доимо чайқалтириб, мавжлантириб ва тўлқинлантириб туради.

Ана шундай оламшумул, аммо даҳшатли воқеалардан бири шўролар тузуми даврида рўй берган ва юз минглаб бегуноҳ ватандошларимизни ўз комига тортган сиёсий қатағонлардир. Агар ўтган асрнинг 37-йилида бошланиб, 80-йиллар ниҳоясида “пахта иши” билан якунланган сиёсий кампаниялардан аввал бўлиб ўтган, аниқроғи, рус истилочилиги, миллий озодлик қўзғолонларининг бостирилиши пайтларида тўкилган дарё-дарё қонларни ҳам эсласак, қалбимиздаги Хотира бонги доим фарёд уриб тургандек бўлади.

Она Ватан сарҳадларида тўкилган қонлар қанчалик кўп бўлмасин, 1937 йил қонхўр мустамлакачи давлатнинг тимсоли бўлиб қолди. СССР Ички ишлар халқ комиссари Н.Ежов ўша йил 30 июлда имзолаган “Собиқ қулоқлар, жиноятчилар ва бошқа ғайришўровий унсурларни қатағон қилиш операцияси тўғрисида”ги буйруқ билан 10 августда Ўзбекистонда қатағон машинаси ишга туширилди. СССР Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД)нинг республика, вилоят ва шаҳар идоралари ўртасида қизғин мусобақа бошланди. У пахта ёки буғдойни кўпроқ топширишга эмас, асосан “халқ душманлари”ни тутиш ва қамашга йўналтирилди. “Қора тамға”га гирифтор бўлганларнинг рафиқаларини, ҳатто норасида фарзандларини ҳам темир панжарали масканларга қувғин қилишди. Бу – инсоният тарихида мисли кўрилмаган жиноят тантанаси эди.

Дастлабки хомаки режаларга кўра, Ўзбекистондан биринчи категория бўйича 750 киши, иккинчи категория бўйича 4 минг киши қамоққа олиниб, биринчи категориядагилар отилиши, иккинчи категориядагилар эса 8-10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши керак эди. Аммо бу режа 30 сентябрда қайта кўрилиб, биринчи категория бўйича 4 минг 750, иккинчи категория бўйича 8 минг киши, жами 12 минг 750 киши қамоққа олиниши белгиланган.

Собиқ СССРнинг мустабид ҳукмдори Сталиннинг ғайриилмий “назария”сига биноан, мамлакатда социалистик қурилиш ишлари кенг кўлам касб этиши билан синфий кураш ҳам кучайиб, жадаллашиб боради. Шунинг учун ҳам унинг “синфий” нафрати, аввало, собиқ қулоқларга қаратилди. Ўзининг буйруғи билан 1937 йил 5 августдан бошлаб Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон республикларида собиқ қулоқларни ҳибсга олиш кампанияси бошланиши ва 4 ой мобайнида улар қатори бошқа ғайришўровий унсурлар ҳам қамоққа олиниши лозим эди.

“Янги ташаббус”га мувофиқ, Омск вилояти НКВД бошқармаси бошлиғи Г.Горбач Н.Ежовга мурожаат қилиб, ундан ушбу вилоятда 1 минг эмас, балки 8 минг кишини қамоққа олиш учун рухсат беришини сўрайди. Н.Ежов бу илтимосни Сталинга етказади. У эса “Ўр. Ежовга. лимитни 8 мингга кўтаришга розиман. И.Сталин”, деб имзо чекади. Қарабсизки, бутун мамлакат бўйлаб қамоққа олинадиганлар сонини саккиз бараварга кўпайтириш ҳаракати авж олиб кетади.

Сталин иттифоқдош республикаларнинг НКВД органларида хизмат қилган миллий кадрларга мутлақо ишонмаган. Шу боис Ўзбекистон НКВДсининг бошлиғидан тортиб, бўлим ходимларигача – ҳаммаси четдан келтирилган. Улар ўрнига бошқа миллатларга мансуб кимсалар тайинланган. Устига-устак барчасига катта сиёсий ваколатлар берилган. Улар учун Ўзбекистон компартияси ва ҳукумати раҳбарлари ҳам, йирик олим ёки ёзувчилар ҳам 1937 йилнинг оддий қурбонлари ҳисобланган. Жаҳон тамаддуни тараққиётига улкан ҳисса қўшган миллатга нисбатан бундай шармандали муносабат 1937-1938 йилларда қизғин тус олди ва ўзбек зиёлиларининг аксарияти қирилиб кетишига сабаб бўлди.

Хорижлик тарихчи олимлар ўтган асрнинг 30-50-йилларида қатағон кампаниясидан озор чеккан СССРни “ГУЛАГ империяси” сифатида талқин этиб келишади. “ГУЛАГ” русча “Главное управление лагерей” сўзларидан таркиб топган атама бўлиб, “Лагерлар салтанати” – “Давлат ичидаги давлат” деган мудҳиш маъноларни англатади. Кимки хорижда чоп этилган “Коммунизмнинг қора китоби”ни кўрган бўлса, ундан ўрин олган СССР харитасида лагерь ва қамоқхоналари маҳбуслар билан тўлиб-тошмаган бирор ўлка, бирор шаҳар, бирор “борса-келмас” жой қолмаганидан ҳайратга тушади. Зеро, Ленин ва Сталин асос солган большевиклар партияси СССРни миллионлаб одамлар азоб-уқубат чеккан “Лагерлар салтанати”га айлантирган эди.

1980 йилларга қадар ГУЛАГга тааллуқли расмий статистика ўта махфий ҳисобланган. Тадқиқотчиларнинг ГУЛАГ архивларига кириши қатъиян тақиқланган. Архивлар очилганидан сўнг расмий рақамлардан фойдаланиш имконияти туғилган. Аммо ГУЛАГ статистикаси мукаммал эмаслиги, турли бўлимлар томонидан берилган маълумотлар бир-биридин кескин фарқланиши аён бўлди.

Расмий маълумотларга қараганда, ОГПУ–НКВД тизимидаги барча лагерь, қамоқхона ва колонияларда 1930-1956 йилларда, яъни бир вақтнинг ўзида 2,5 миллиондан ортиқ киши сақланган. 1990 йиллар бошларида Россиядаги етакчи архивлар, аввало, Россия Федерацияси Давлат архиви (собиқ СССР ЦГАОР) ва Россия социал-сиёсий тарих маркази (собиқ ИМЛ ЦПА)даги архив ҳужжатлари эълон қилингач, айрим тадқиқотчилар 1930-1953 йилларда меҳнат-тузатув колонияларида ўртача олти миллион киши бўлган, шундан 1-3 миллиони сиёсий маҳбуслар саналган, деган фикрга келдилар.

Алқисса, СССР ОГПУ–НКВД–МВД томонидан берилган расмий архив маълумотларига асосланиб айтиш мумкинки, 1920-1953 йилларда ГУЛАГда қулдорлик тизими унсурлари сифатида ўтирган маҳбуслар сони 10 миллиондан, аксилинқилобий жиноятларда айбланганлар сони эса 3-7 миллиондан кам бўлмаган.

Шу даврда эълон қилинган маълумотлар бўйича ГУЛАГ тизимидаги маҳбусларнинг миллий таркиби 1939 йилнинг 1 январида қуйидагича бўлган:

Руслар – 830 491 (63,05 %)
Украинлар – 181 905 (13,81 %)
Белоруслар – 44 785 (3,40%)
Татарлар – 24 894 (1,89 %)
Ўзбеклар – 24 499 (1,86%)
Яҳудийлар – 19 758 (1,50%)
Немислар – 18 572 (1,41%)
Қозоқлар – 17 123 (1,30%)
Поляклар – 16 860 (1,28%)
Грузинлар – 11 723 (0,89%)
Арманлар – 11 064 (0,84%)
Туркманлар – 9 352 (0,71%)
Бошқа миллатлар – 8,06% 

Энди ГУЛАГ лагерлари ва колонияларидаги маҳбусларнинг 1951 йил 1 январдаги миллий таркиби билан танишинг:

Руслар – 1 405 511 (805 995/599 516  – 55,59%)
Украинлар – 506 221 (362 643/143 578 – 20, 02%)
Белоруслар – 96 471 (63 863/32 608– 3,82%)
Татарлар – 56 928 (28 532/28 396 – 2,25%)
Литваликлар – 43 016 (35 773/7 243 – 1.70%)
Немислар – 32 269 (21 96/11 173 –1,28%)
Ўзбеклар – 30 029 (14 137/15 892 – 1,19%)
Латишлар – 28 520 (21 689/6 831 –1,13%)
Арманлар 26 764 (12 029/14 735 – 1,06%)
Қозоқлар – 25 996 (12 554/13 352 – 1,03%)
Яҳудийлар – 25 425 (14 374/11.051 –  1,01%)
Эстонлар  –  618 (18 185/6 433 – 0,97%)
Озарбайжонлар – 23 704 (6 703/17 001 – 0,94%)
Грузинлар – 23 583 (6 968/16 615 – 0,93%)
Поляклар – 23 527 (19 184/4 343 – 0,93%)
Молдаванлар  –  725 (16 008/6 717 – 0,90 %)
Бошқа миллатлар – 5% га яқин.

Кўриб турибсизки, ГУЛАГ лагерларидаги ўзбеклар сони Кавказ ва Ўрта Осиёда истиқомат қилган бошқа халқларга мансуб маҳбуслар сонига нисбатан кўп бўлган.

Ўзбекистонинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1999 йил 12 майда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуининг очилиш маросимида нутқ сўзлаб, жумладан, бундай деган эди:

Азиз юртдошлар!

Жафокаш халқимиз асрлар давомида не-не оғир синовлар, машаққатли кунларни кўрмади. Ўз озодлиги, эркинлиги, тинч ҳаёти йўлида курашиб, беҳисоб қурбонлар берган ота-боболаримиз жасорати тарихий хотирамиздан ҳеч қачон ўчмайди. Айниқса, машъум 1937-1953 йилларда содир этилган бедодликни тасаввур этиш учун Ўзбекистон бўйича қарийб 100 минг киши қатағонга учраб, 13 минг нафари отиб ташланганини эслаш кифоя”.

Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини ўрганишга киришилган 1999 йилда ҳали НКВД–КГБнинг “темир сандиқлари” тўлиқ очилмаган, бинобарин, 30-50-йиллардаги қатағонлар даврида қанча ватандошларимиз отиб ташлангани, қанчасининг хоки ГУЛАГ лагерларида қолиб кетгани маълум эмас эди. Бу масала, афсуски, ҳозир ҳам ойдинлашгани йўқ. Ёки айтайлик, 2005 йилдан нашр этилиши йўлга қўйилган “Репрессия. 1937-1938 гг.” тўпламларига ЎзССР НКВДси қошидаги Учлик йиғилишининг протоколлари ҳам киритилаётганди. Бу ҳужжаатлар бизгача тўлиқ етиб келмаган бўлса-да, 1937-1938 йиллардаги қатағон тарихига нур соча бошлаганди. Афсуски, маълум сабабларга кўра, бу иш ҳам давом эттирилмай қолди.

Юртимиздаги қатағон йилларида қанча ватандошларимизнинг ёстиғи қуриганини тасаввур ҳосил қилиш учун қуйидаги далил билан танишиш ўринли. Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби Акмал Икромов “халқ душмани” деб эълон қилингандан сўнг республикадаги барча вилоят, шаҳар ва туман партия ташкилотларининг котиблари, чунончи, Самарқанд вилоятидаги Жомбой тумани партия ташкилотининг биринчи котиби Зиё Ўлмасбоев ва унга алоқадор 56 киши қамоққа олинган. Биргина мана шу даҳшатли фактдан келиб чиқадиган бўлсак, 1937-1938 йилларнинг ўзидаёқ 100 минг нафардан зиёд ота-боболаримиз ГУЛАГ лагерларида азоб-уқубат чеккани аёнлашади.

Энг ажабланарлиси, Сталин Акмал Икромовга нисбатан илиқ муносабатда бўлган. Шу боис 1937 йилда у биринчилар қатори қамоққа олингани замондошларида гумон туйғуларини уйғотган. А.Икромовнинг иши бўйича тергов тафсилотлари билан танишган таниқли давлат арбоби Нуриддин Муҳиддинов “Кремлда ўтган кунларим” китобида шундай ҳикоя қилади:

“Мажлис баёни билан танишиб чиққач, Пётр Николаевич (Поспелов – Н.К.)дан сўрадим:

Нима сабабдан Каганович, Берия, Ежов, Микоянлар Сталин ижобий фикр билдирганига қарамасдан, уни отиб ўлдириш ҳақидаги фикрларга қаттиқ ёпишиб олдилар?

Улар, – деб жавоб берди у, – афтидан, Икромовни ўлдиришдан манфаатдор эдилар”.

Поспеловнинг бу сўзи 1937-1938 йилларда содир бўлган кўп масалаларга ойдинлик киритади.

* * *

Ҳозир мамлакатимизда ўзбекистонлик қатағон қурбонларининг Хотира китобини яратиш масаласи кун тартибига қўйилган ва бу хайрли ишга жиддий киришилган. Шу ўринда иккита масалага алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Биринчидан, Россиядаги ОГПУ–НКВД–МВД архивларида ишлаб, ЎзССР НКВДси қошидаги Учлик йиғилишлари протоколларини, иккинчидан, Россия, Украина, Беларусь ва Қозоғистонда нашр этилган хотира китобларини ўрганиб, уларда қайд этилган ватандошларимиз исм-шарифларини Хотира китобига киритиш лозим.

Наим КАРИМОВ,
академик

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: