Хуршид Дўстмуҳаммад: Ошкора бўлсин, танқид, таҳлил қилсин, фақат ҳақоратга, шахсга ўтмасин

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида «Ўзбекистон халқаро медиа имижининг когнитив аспектлари: назария ва амалиёт» мавзусида онлайн конференция ўтказилди.

Унда дастлаб сўзга чиққан ф.ф.д. Олий Мажлис депутати Хуршид Дўстмуҳаммад нутқида ОАВнинг мамлакат имижини шакллантириш ва ривожлантиришдаги ўрни ҳақида тўхталди.

Глобал миқёсдаги имиж ҳақидаги фикрларимизни бир четга сурайликда, феълимиздаги хусусиятдан келиб чиқайлик, менталитетимизда аввалдан «мен» деб кўкрагига уриш яхши баҳоланган эмас, мам-манлик дея талқин қилинган. Имиж нуқтаи назаридан олиб қарасак, айтишга арзигулик иш қилдингми айт.

Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақиллик даврини оладиган бўлсак, аввалги раҳбаримиз ҳам, раҳбарият ҳам Ўзбекистон ҳақидаги ижобий фикрга муҳтож эди. Қайсидир чет элдаги нашрда Ўзбекистон ҳақида бирор яхши гап чиқса хурсанд бўлиб кетамиз. Пахтамизни мақтайдими, олимимизни мақтайдими бу давлатнинг имижидек қабул қилинар эди. Турлари кўп: давлатни, миллатни, соҳаларни, туризм, ишлаб чиқаришнинг имижи.

Кейинги 4 йилликни олайлик. Ўзбекистоннинг давлат тизими, бошқарувида муайян ўзгаришлар бўлдими, йўқми? Холис айтайлик, менимча ўзгаришлар керакли даражада бўляпти ва тан олиняпти.

Ижобий имиж бор, салбий «имиж» бор.

Энг нозик масала холислик масаласи. Журналистлар, ОАВ ходимлари ўзларининг танқидий чиқишлари билан ҳам имиж яратишга хизмат қилади. Одам турли ёшда ахборотни турлича қабул қилар экан, ўзимни бошимдан ўтиб турибди. Негатив ахборотлар кўпайди, кўрсам, ўқисам кайфиятим бузилади. Пандемия шароитида чиққан хабарларни кўриб, оммавий коммуникацияни кўриб халқимиз коммуникация маданиятида анчайин узоқ экан деган хулосага келдим. Ошкора бўлсин, танқид, таҳлил қилсин, майли нима деб ёзсин, фақат ҳақоратга ўтмасин, шахсга ўтмасин. Бизда кенг оммада бир одат бор, расмий лавозимдаги одамнинг чиқишидан битта сўзни тутиб оламизда шарманда қилиш томонига ўтиб оламиз. Танқид қилиш мумкин, лекин ерга уришга, мулзам қилишга ҳаққи йўқ – дейди Хуршид Дўстмуҳаммад.

Шунингдек, анжуманда давлат имижи масаласига доир янги ёндашувлар, давлат бошқаруви органлари ахборот хизматларининг халқаро журналистлар ва ОАВ билан ишлаш масалалари муҳокама қилинди.

Инобат АҲАТОВА,
«Халқ сўзи»

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: