Икки хил баёнот одамларни иккилантирмайдими?

Ҳар куни янгиликларни ўқиш кундалик одатимизга айланган. Айниқса, пандемия билан боғлиқ турли хил хабарлар эътибордан четда қолмайди. Бугун ҳам янгиликларни ўқир эканман, икки қарама-қарши воқеликнинг гувоҳи бўлиб, қай бирига ишонишни ҳам билмай қолдим…

Биринчиси, “Замон” информацион дастури мухбирлари Зангиота туманидаги коронавирусга чалинган беморларни даволашга мўлжалланган касалхонадан репортаж тайёрлашибди. Касалхонанинг жонлантириш бўлимидан тайёрланган репортаж давомида маълум қилинишича, бу ерда 70 дан ортиқ беморларга тиббиёт хизмат кўрсатилмоқда. Таъкидланишича, беморларга реанимация бўлимида жой етарли бўлмагани сабаб, оғир аҳволдаги беморлар бошқа палаталарда ҳам даволанмоқда. Демак, бу борада ҳамон баъзи муаммоларга дуч келинмоқда.

Иккинчиси, коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус штаб аъзоси Ҳабибулло Оқилов “Ўзбекистон 24” телеканалидаги чиқишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги карантин юмшатилса, касалларнинг ошиши мумкин бўлган вазиятга соғлиқни сақлаш тизими тайёр экани ҳақида бонг урди. Ие, ўзи ҳозир жой етмаётган бўлса, Марказ директори бу фикрларни нимага асосланиб айтмоқда? Айни вақтда Чилонзордаги олимпия коллежи спорт залларида навбатдаги стационар ҳозирланаётгани ҳақида ҳурматли штаб аъзосининг хабари йўқ, шекилли?

Ўзи касалхоналарда жой етишмовчилиги, тез тиббий ёрдамнинг вақтида етиб келмагани ҳақидаги турли гап-сўзлар эндигина тинган бўлса, бундай тушунмовчилик ҳолати яна одамларнинг ишончсизлигига сабаб бўлмайдими? Очиғи, охирги кунларда соҳа масъул мутахассисларининг бир-бирига зид бундай баёнотлари аҳоли ўртасида турли фикрлар уйғотмоқда. Махсус штаб ташкил этилган бўлса, аввал масала юзасидан якдил қарор қабул қилиниб, кейин жамоатчиликка эълон қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Сайёра Қодирова

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: