Имтиёз эмас, билим учун кураш бўлсин

Жорий йилда қуйидаги тоифадаги абитуриентлар учун алоҳида давлат гранти асосида квота белгиланибди: ногиронлиги бўлган шахслар учун – 2068, ҳарбий қўмондонлик тавсияномаси бўлган шахслар – 928, Ҳарбийларнинг фарзандлари учун – 2068, ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари учун – 551, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун – 1035, ижтимоий кам таъминланган тоифадаги хотин-қизлар учун – 940, Сўх туманида яшовчи битирувчиларга – 500 ўрин ажратилибди. Имтиёзли шартларда давлат гранти асосида жами 8694та ўрин ажратилмоқда (ўтган йили қарийб 5 мингта эди).

Ушбу рўйхат билан танишиб, қишлоқ шароитида моддий шароити  тўкис бўлмаган, таълим тизими ҳаминқадар такомилига етказилган муҳитда ўқиётган,  шунинг баробарида мол-ҳолга, рўзғорга қарашиб, йўл-йўлакай олий таълим олиш истагида имтиҳонга тайёргарлик кўраётган абитуриентларга ичим ачиди, рости.

Ишонмасангиз бориб кўринг: кўча чангитиб юрган, бекорчихўжа йигит-қизларни топа олармикансиз? Қишлоқда ҳамманинг ўз иши, вазифаси бор. Шаҳар болалари каби турфа тўгаракларга қатнаша олмайди, тил ўрганиш, нисбатан сифатли таълим, тезкор интернет уларга орзу бўлиб қолмоқда. Буни, яъни жойлардаги шароитни таълим соҳаси мутасаддилари билмайдиларми?

Аввал абитуриентлар зулфиячилар ва армиячилар топширмайдиган йўналишларга ҳужжат топширишга ҳаракат қилишса, ажабланардик. Чунки бундай имтиёзга эга бўлганлар, албатта, талаба бўларди. Бошқалар эса кейинги йил имтиҳонларини кутарди.  Энди бу рўйхат тобора узунлашди. Ўз билимидан бошқа суянадиган таянчи бўлмаган абитуриентларнинг давлат грантида ўқиш  орзуси  эса…

Қолаверса, оддий мантиққа эътибор қаратишни истардим, яъни фарзандини контракт асосида ўқитиш камбағал оила аъзоларининг қўлидан келмаслиги аниқ.  Имтиёзлилар  рўйхатидаги ҳарбийлар ва ички ишлар ходимларининг фарзандларига чинакамига “Қуёш кулибди”.

Менинг фикримча, олий ўқув юртига кириш борасидаги имтиёзлар рўйхатида имконияти чекланганлар ва болалар уйлари тарбияланувчилар бўлгани маъқул. Қолган ҳамма абитуриентларга мутлақо тенг шароит ва тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Шунда ҳаммаси адолатли бўлади, ёш авлод соҳа мутасаддиларидан қалбан рози бўлади. Токи фарзандларимиз имтиёзлар учун эмас, тўлақонли ва мукаммал илм учун рақобат қилсинлар, ҳалол курашсинлар.

Феруза ЭГАМОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: