ИНДИРА ГАНДИ. Ҳиндистон тарихидаги ягона аёл Бош вазирнинг машҳурлик сири нимада?

Нима учун машҳур?

Афсонавий Индира Ганди дунёнинг машҳур давлат арбобларидан бири. У Ҳиндистон тарихидаги ягона аёл Бош вазирдир. Ҳинд халқи мард ва жасур Индира хонимни ҳамон ўз миллатининг жонкуяр онаси сифатида хотирлайди. 1999 йил Би-би-си канали томонидан ўтказилган сўровномада у “Минг йилликнинг машҳур аёллари” рўйхатидан ўрин олган. Бугун у таваллуд топган кун.   

Қандай машҳур бўлган?

Индира Ганди Ҳиндистондаги олий табақалардан бўлган брахманларга мансуб оилада 1917 йил 19 ноябрда дунёга келган. Унинг отаси Жавоҳарлаъл Неру миллий истиқлол курашчиси бўлган. Индира икки ёшида “миллат отаси” Маҳатма Ганди билан танишган. 8 ёшида эса унинг маслаҳатига кўра, ўз шаҳрида уй тикувчилигини ривожлантириш бўйича болалар иттифоқини тузган. Болалигидан қўрқувни енгишга ўрганган бу мард аёлнинг ҳаёти билан танишар эканмиз, у умри давомида бошига тушган кўргуликлар – яқинларининг ўлими, қамоқда ўтириш ва хоинликларни ҳам мардона енгиб ўтганининг гувоҳи бўлиш мумкин.

Индира Гандининг Махатма Гандига умуман қариндошчилиги йўқ, бу фамиляга у турмуш ўртоғи Феруз Ганди сабаб эга бўлган. 1947 йил 15 августда Ҳиндистон мустақилликка эришиб, биринчи миллий ҳукумат ташкил этилгач, Жавоҳарлаъл Неру Ҳиндистоннинг биринчи Бош вазири сифатида фаолият бошлаганида унга қизи Индира кўмаклашган.

1960 йил турмуш ўртоғи вафот этиб, у оғир жудоликка учраса-да, 1961 йилнинг бошида Конгресс ишчи комитети аъзоси сифатида миллий зиддиятлар авж олган ҳудудларга йўл олган. 1964 йил эса отаси вафот этгач, Ҳиндистонда тахт учун кураш бошланганида у узоқни кўзловчи сиёсатчи эканини кўрсата олди.

48 ёшида Ҳиндистоннинг олий даражадаги мансабдорига айланган. Кейинги 10 йилда у баъзи омадсизликлар билан бирга кўплаб муваффақиятларга эришса-да, 1977 йилдаги сайловларда кутилмаган мағлубиятга учради.

1980 йили Индира хоним фавқулодда катта ютуқлар билан яна катта сиёсатга қайтиб, йўқчилик, турли касалликлар, коррупцияга қарши кураш олиб борган. Шу пайтда Пенжоб штатидаги сикхлар ўртасида айирмачилик бошланиб, улар Амритсардаги “Олтин ибодатхона”да қурол-яроғ тўплашаётгани маълум бўлган. Бош вазир сифатида Индира Ганди жиноятчиларни қуролсизлантиришга қаратилган “Мовий юлдуз” операциясини ўтказган. Операция муваффақиятли ўтса-да, унда қон тўкилишлар кўп бўлиб, сикх террорчилари ўч олишга қарор қилишган. 1984 йил 31 октябр куни журналистлар билан учрашувга кетаётганида уни сикхлардан бўлган қўриқчи отиб ташлаган. Ҳинд халқининг юрагига абадий муҳрланган Индира Гандининг уй-музейи ҳар йили шу куни ташриф буюрувчиларга тўлиб кетади.    

Машҳур нима дейди?

“Мен Яратган томонидан ажратилган ҳар бир кунни ҳалқимга хизмат қилиш учун сарфладим. Ишончим комилки, ҳатто ўлганимдан кейин ҳам қонимнинг ҳар бир томчиси Ҳиндистон учун қувват бўлиб хизмат қилади, унинг қудрати янада кучлироқ бўлишига ярайди”.

“Энг муҳими, биз нима қилмоқчи бўлганимиз эмас, нимага эришганимиздадир”.

“Ҳаётий тажрибамдан маълумки, агар одамлар сизга қарши бирор иш қилишса, бу сизга албатта фойда келтиради”.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: