Инсофга келишнинг фурсати етмадими? Яна тўйлар ҳақида

Халқимизда «Ҳаммани тўйга етказсин», деган чиройли ибора бор. Албатта, тўйларимиз, шоду хуррамликда ўтадиган кунларимиз кўпайсин, ҳаммамизни тўйга етказсин. Лекин тўй қувончли воқеадек ўтсин, исрофгарчиликка сабаб бўлмасин.

Кейинги йилларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, турли маърака ва маросимлар ўтказишни тартибга солиш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилиб, қатъий маъмурий чоралар белгиланди. Асосий эътибор тўй-маъракалардаги ким ўзар пойгалару, исрофгарчиликларнинг олдини олишга қаратилди. Лекин, шунга қарамай, дабдабали тўй-ҳашамлар, мантиқсиз тантаналар камайгани йўқ.

Пандемия сабабли ноўрин муҳокамалар ва эътирозлар, ҳар хил тортишувларга барҳам берилди. Синовли кунлар йиғин ва тўйларни ҳам чеклашга мажбур қилди. Бугун барча маросимлар камтарона, ортиқча дабдабасиз ўтказилиши лозимлигини ҳамма билади. Махсус комиссия қарори билан тўй-ҳашамларни 30 кишилик, ихчам қилиб ўтказишга рухсат берилди. Шу кунларда мазкур тартибга асосан тўйлар ихчам ва ортиқча исрофгарчиликсиз ўтказилмоқда. Тўйдан иқтисод қилинган маблағлар ёш оилани моддий таъминотини мустаҳкамлашга сарфланяпти. Аммо аста-секин тўйлар яна катталаша бошлади, бемаъни харажатлар, ким ўзар ўйинлар яна кўпая бошлади.

Тартиб-қоидага амал қилмасдан, таниш-билиши, қариндош-уруғини кўплигини баҳона қилиб, тўйни 50-60, ҳатто 100 нафардан ортиқ киши билан ўтказаётганлар оз эмас. Бу ҳақда ҳар куни ижтимоий тармоқларда нимагадир кўзимиз тушади, нимадир ўқиймиз, эшитамиз. Тўй-маросимдан кейин вирус юқтирганлар сони янада ортмоқда.

Тўйларнинг катталашишига қандай омиллар таъсир этаётганини ўйлаб кўришимиз керак. Маълумотларга кўра, тўйхоналар 30 кишилик тўй ўтказиш учун ҳам катта нархлар қўйиб олаётган экан. Тўйхоналарнинг кўпи хусусий, бунга эътирозим йўқ. Лекин бу тўйхона эгаси хоҳлаган нархини белгилаш имконига эга, дегани эмас-ку! Хўш, нархлар қандай асосда белгиланяпти? Тўйхоналарда нарх белгилаш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур.

Айрим тўйхоналарнинг эгаси кўпроқ маблағ топиш учун тўй қилувчи билан келишган ҳолда, 50-100 нафаргача одам учун жой тайёрлаяпти. Бу борада зиммасига вазифа юклатилган ташкилотлар ишлаши, ҳар бир ҳудудга кириб бориш керак. Узоққа бормайлик, шу кунларда пойтахтимизда 100 кишилик тўй-маросимлар ўтаётганини эшитяпмиз. Масъул ташкилотлар қаёққа қараяпти?..

Тўйлар яна катталашишига хонандаю ўртакашлар ҳам айбдор, деб ўйлайман. Ҳозир тўйларда иштирок этувчи артистларнинг сони чекланганига қарамай, бунга ҳам амал қилинмаяпти. Тўйда карнай-сурнайчилардан ташқари, бир гуруҳ хонандалар навбатчилик қиляпти. Тўй ўтказувчи ўзини кўрсатишга уриниш, мақтаниш учун 4-5 нафар «юлдузча»ларни ҳам чақиряпти. Бу нафақат ортиқча харажат, балки тўйга келувчилар, қизиқувчилар сони ортишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Яна бир масала — бизда тўйхоналарнинг ҳаддан ташқари катта қурилганида, деб биламан. Эҳтимол бундан кейин тўйхона қуриш учун рухсат беришда уларни чекланган ўринга ва чекланган ҳажмда бўлишига эътибор қаратиш лозимдир. Сабаби, оилалар томонидан кимўзарга иш кўришлар кўпайиб бораётганининг яна бир сабабларидан бири ҳам шунда аслида.

Биз бир нарсани унутмайлик, катта тўй ўтказиш маданият, бойлик белгиси эмас, аксинча, маънавий қашшоқликдир. Шу бўйича доимий тушунтириш ишларини олиб боришимиз, камхарж тўй қилганларни, шунга рағбат билдирган ёшларни намунали оила сифатида тарғиб қилишимиз зарур.

Дилором ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: