Мижозларининг иқтисодий аҳволини оғирлаштирган танаффус: унинг кимга ва нима кераги бор эди?

Маълумки, жорий йил 24 мартдан Ўзбекистонда ҳам эпидемик ҳолат, яъни 40 кун муддатга карантин эълон қилинди. Кейинроқ бу ҳолат такрорланиб, 10 июлдан 15 августга қадар карантин муддати узайтирилди. Карантин пайтида давлат хизматларидан ташқари барча соҳалар, жумладан тадбиркорлик фаолияти тўхтатилди. Давлат раҳбари ҳам, Марказий банк раиси ҳам кредит олганларга 2020 йилнинг 1 октябрига қадар танаффус эълон қилишди. Лекин кредит фоизлари Марказий банк раисининг қарорига кўра тўҳтатилмади. Бунинг оқибатида бугунги кунда кредит фоизлари йиғилиб, манаман деган тадбиркорни ҳам эсанкиратиб қўйди.

Мен 2018 йил сентябр ойида 25 фоизлик автокредит олиб, банкка 39 миллион сўм топширгандим. Менга тақдим этилган уч йиллик жадвалга кўра, муддат охирига келиб жами 129 миллион сўм тўлашим керак эди. Энди 6 ойлик танаффус ҳисобига мен 6 миллион қўшимча маблағ (жами 135 миллион) тўлашим керак бўлмоқда. Кредит эса банк томонидан дастлабки белгиланган 3 йиллик муддатда якунига етмоқда.

Энди дастлаб режада белгиланган ойига 3 миллион сўм эмас, балки 5 миллиондан тўлаяпман. Уни устига яна 6 миллион сўмни, яьни 6 ойлик танаффус пайтида тўпланиб қолган фоизларни ҳам тўлашга мажбурман. Энди айтингчи, нега банк томонидан шартнома шартлари бузилмоқда? Бу биргина мен билан юзага келган масала эмас, балки мамлакатимиздаги барча банк мижозларига тегишли бўлган муаммо!

Юқоридагиларга кўра, Марказий банк раисига бир қатор саволларим бор. Айтингчи, 6 ой танаффус эьлон қилинганидан кейин кредитнинг тўлов муддати ҳам 6 ойга узайтирилиши керак эмасмиди? 6 ойлик танаффус вақтида фоизларнинг ундирилиши “Банклар тўғрисида”ги қонунларга зид эмасми? Банк мижозларининг иқтисодий аҳволини оғирлаштирадиган бундай танаффуснинг кимга ва нима кераги бор эди?

Фахриддин Комилов,
юридик фанлари номзоди

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: