Испания чўлдан яшилликка айланган диёр

Мадридга келганимда февраль ойининг сўнгги кунлари бўлишига қарамай яққол сезилган жиҳат об-ҳавонинг илиқлиги, атрофнинг ям-яшиллиги бўлди. Баъзилар калта шим ва кўйлакда юришибди. Осмонда қуёш чарақлаб турибди. Испанияга баҳор аллақачон келиб бўлган экан. Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кундузи 8-10 даража илиқликни кўрсатиб турган бир пайтда Испания пойтахтида 20-22 даражани ташкил қиларди.

Мадрид четдан келган одамга дастлаб оддий шаҳарга ўхшаб туюлади-ю, аммо марказдаги тарихий-меъморий кўп қаватли биноларни кўриб, лол қоласиз.

Биринчи кун меҳмонхонага буюмларимизни қўйибоқ, айланишга чиқдик. Шаҳарни кўздан кечирарканмиз, аввало, кўп қаватли уйларга ёнма-ён ўсиб турган дарахтлар диққатимни тортди.

Уйлар табиатга зиён етказмасдан барпо этилган. Бўларкан-ку, деб юбордим, беихтиёр. Ҳатто, умрини ўтаб бўлган дарахтлар ҳам кесилмаган. Аксинча, безатилиб, шаҳар кўчаларига чирой қўшмоқда.

8 кунлик ўқув-сайёҳат давомида шунга гувоҳ бўлдикки, Испаниянинг биз борган бошқа шаҳарларида ҳам кўчаларда турли дарахтларни кўриш мумкин. Фақат, асосан, иқлимга мос сояли дарахт­лар. Бу ерда йилнинг 320 кунида қуёш чарақлаб туриши ҳисобга олинса, бунда мантиқ борлигини англаш қийин эмас.

Шу ўринда юртимизда ёппасига манзарали дарахтлар (арча, можжевельник ва ҳоказо) ўтқазилаётгани эсимга тушди. Масалан, бундан 10-15 йиллар олдин Нукус кўчаларида яшнаб турадиган сояли дарахтлар ўрнини манзарали дарахтлар эгаллаган. Ободонлашаётган Мўйноқда ҳам катта йўлнинг икки томонига манзарали дарахтлар экилган. Биринчидан, бу дарахтлар на ўзига, на одамларга соя беради. Иккинчидан, бундай кўчатлар анча қиммат, иқлим шароитига мослашиб, тутиб кетиши ҳам қийин. Учинчидан, кўпи қуриб қолади. Бизда ҳам маҳаллий шароитга мос сояли дарахт турлари кўп-ку. Шуларни эксак бўлмайдими? Ахир, ёзда соя тополмай қийналамизку! Мутасаддилар эса сояли дарахтларни кесиш билан овора.

Кўчат экиш мавсуми бошланаётган бир пайтда испанлар тажрибасини қўлласак, ҳеч зиён кўрмаймиз, назаримда.

Испанияда шундай сояли дарахтлар остидаги яшил майсазорлар, асосан, одамларга ҳордиқ чиқариш учун хизмат қилади. Ҳар куни минглаб кишилар дам олиб кетадиган ушбу майсазорлар орасидан биронта маиший чиқинди тополмайсиз. Ҳар қадамда чиқинди контейнерлари.

Мамлакат жанубидаги Ўрта ер денгизига яқин жойлашган Андалусия автоном жамиятига кирувчи провинциялар табиати Ўзбекистонга жуда ўхшаш. Иқлими қуруқ ва анча иссиқ. Сафаримиз давомида Испанияда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси биз ўйлагандан кўра анча ривожланганига амин бўлдик. Андалусия бўйлаб ташкил қилинган сайёр тадбирларда далалар, шаҳарларда кўзингиз тез-тез яшил қопламаларга тушади. Ҳатто, тоғлар тепасигача инсон қўли етиб бориб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, асосан, зайтун ўстирилмоқда. Тоғлар ён бағридаги зайтун дарахтлари томчилатиб суғориш орқали ўстирилмоқда.

Испания томчилатиб суғориш усули орқали етиштириладиган зайтун экспорти бўйича дунёда етакчи экан. Дунё бўйича зайтуннинг, қарийб, 45 фоизи ушбу мамлакатда етиштирилади.

Зайтунни испанлар олтинга менгзашади. “Олива” ёки “асейтуна” деб номланувчи ушбу ўсимлик давлатнинг асосий бойлигидир. Ер остида табиий бойликлар кам. Масалан, нефтни Жанубий Африка, Мексика ва Саудия Арабистонидан сотиб олишади. Тўғри, испан заминида нефть конлари йўқ эмас. Масалан, Канар, Балеар оролларида мўл нефть конлари топилган. Фақат, бу конлар қазиладиган бўлса, табиатга катта зиён етиши, яъни кўплаб дарахтлар кесилиши ҳамда сайёҳларга ноқулайлик туғилиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, табиий заҳираларга ҳозирга қадар қўл теккизилмаган. Муҳими, бу борада улар шошилишмаяпти ҳам. Испанча «olea» (зайтун) ва инглизча «oil» (нефть) сўзлари битта ўзакдан келиб чиққани ҳам эътиборга сазовор.

Зайтун ортидан испанлар катта муваффақиятларга эга бўлишган. Энг аввало, экологик тозаликка, табиатни сақлаб қолишга ва қолаверса, иқтисодий тараққиётга ҳам эришган. Испания бутун Европани қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлайди. Дунёдаги энг юқори навли мева, саб­завот ва полиз экинлари айнан ушбу давлатнинг суғориладиган ерларида етиштирилади.

Суғориладиган ерлар миқдори бўйича Испания Европада етакчи ўринлардан бирини банд этган. Мамлакат қишлоқ хўжалигининг асосий экини буғдой. Бундан ташқари, жавдар, сули, маккажўхори, арпа, дуккакли экинлар, картошка, қанд лавлаги, пахта, тамаки, шакар қамиш ва турли саб­завотлар ҳам етиштирилади. Катта майдонлар узумзор билан қопланган Испанияда винонинг машҳур навлари ишлаб чиқарилади.

Испаниянинг қуёшли давлатлиги сайёҳларга жуда манзур. Шунинг учун Испания туризм бўйича дунёда биринчилар қаторида туради. Аҳолиси 46,7 миллион киши. 2019 йилда мамлакатга 90 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган.

Саҳий қуёш сайёҳлар учун маъқул келса-да, фермерлар учун анчайин ноқулайлик туғдиради. Ёзда тез-тез қурғоқчилик юзага келади. Испанлар бу муаммони сув ресурсларини оқилона бошқариш ва оби ҳаётдан тўғри фойдаланиш эвазига бартараф этишади. Бир пайтлар чангиб ётган бепоён чўл бугун қишлоқ ва сув хўжалигини модернизациялаш натижасида ям-яшил ўлкага айланган.

Есимхан ҚАНОАТОВ,
журналист

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: