“Шайтанат” фильмининг режиссёридан “Fikrat”дошлар тунги мутолаа учун ҳаётий ҳикоя ва хулосалар

“Шайтанат” фильми нима учун кўпчиликка манзур бўлган? “Ибрат” тарихий фильмининг моҳирона суратга олинганининг сири нимада? Бу фильмларнинг режиссёри ким эканини биласизми?

Танишинг, “Замондошлар”нинг бугунги қаҳрамони – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жаҳонгир Қосимов. У ўзбек киносида ўз имзосини ярата олган режессёр. Киноижодкорнинг “18-квадрат” фильми Россия Миллий аксилтеррор қўмитасининг “Олтин рицар” мукофотига сазовор бўлган. Бугун унинг туғилган куни.

Замондошимизнинг ҳаёти ва ижоди билан танишар эканмиз, кўпроқ унинг фикрати эътиборимизни тортди. Шу боис бугун анъанамиздан четлашган ҳолда Сиз азиз фикрдошларимиз учун таниқли киноижодкорнинг турли мавзудаги ўй-фикрларини жамлаб “Тунги мутолаа” туҳфасини тайёрладик. Марҳамат, адабиётни кинони кино қиладиган асосий унсур, деб биладиган Жаҳонгир Қосимовдан ранг-баранг ҳаётий ҳикоя ва хулосалардан баҳраманд бўлинг!

Кино  кўча томошаси сифатида кириб келган

Кино санъатми ё саноатми? Ҳамиша дунёни мана шу савол ўйлантиради. Кино Францияда коммерция учун туғилган. Одамлар шарманка орқали намойиш этиладиган турли манзараларни кўриш учун пул тўлаб, ҳордиқ чиқарган. Яъни, у кўча томошаси сифатида кириб келган. Бироқ Дэвид Гриффит, Чарли Чаплин, Федерико Феллини, Андрей Тарковский каби санъаткорлар кинони санъат даражасига кўтарди. Бугун бу – аксиома. У қайси мақсадда суратга олинишидан қатъи назар, инсонларни эзгуликка чорлаши керак. Аслида “Титаник” ёки “Индиана Жонс” каби филмлар ҳам тижоратни кўзлаб олинган, лекин улардаги бадиий талқин кинонинг санъат эканини яна бир карра тасдиқлади. Бироқ биз тижорат атамасини ҳақоратомуз сўзга айлантириб юбордик.

Картина қуруқ мадҳиябозликка айланиб қолмаслиги керак!

Ростини айтсам, Исҳоқхон Ибрат ҳақида фильм олиш таклифи тушганида аввалига иккиланиб қолдим. Биринчидан, бу улуғ шахс ҳаёти бўйича кўп нарса билмас эдим. Қолаверса, шу пайтгача бирорта тарихий фильм суратга олмаганман. Лекин турли сиёсий низолар, урушлар хусусида эмас, етук бир сиймо тўғрисида фильмим бўлишини ич-ичимдан орзу қилардим. Яқин-яқингача ниятим амалга ошишига кўзим етмасди…

Фильмда мавзу ҳам, сюжет ҳам эмас, характер бирламчи. Шунинг учун ниманики ўқимай, китобми ёки сценарий, аввало, характер қидираман. Акс ҳолда, ишлаган картинанг қуруқ мадҳиябозликка айланиб қолади. Санъат биздан ўзига хос шахсларни кўрсатишни талаб қилади. Исҳоқхон Ибрат худди шундай енгилмас, матонатли, мақсади йўлида курашлардан қайтмас феъл-атвор эгаси. Нуфузли амалдор, қози эканига қарамай, ўз доирасидаги одамларга қарши бориб бўлса-да, доимо халқ ва ҳақ тарафида туради.

Мен Ибрат ҳаёти билан танишар эканман, ўз-ўзимга аччиқ бир савол бердим: “Хўш, сен халқинг келажаги учун шундай жасоратга қўл урармидинг? Пулинг, молинг, ҳурматинг, хуллас, бисотингдаги бор нарсадан кечиб, миллат болалари учун жонингни тикармидинг, ўлимга тик борармидинг?” Томошабин фильмимизни кўриб, ўзини мана шундай сўроққа тутса, ўтаётган умрини ва қилаётган ишини тарозига қўйса, ўйлайманки, биз нимагадир эришган бўламиз.

Жами урф-одатлар бозорга олиб чиқилган тақдирда ҳам

Агар дунёдаги жами урф-одатлар бозорга олиб чиқилган тақдирда ҳам, ҳар бир миллат вакили айланиб-айланиб, барибир, ўзининг урф-одатларини сотиб оларди, деган фикрга қўшиламан. Нега? Биринчидан, танглайи шу урф-одатлар билан кўтарилган, бошқасига кўниқолмайди. Иккинчидан, географик жиҳатдан мана шу жойга айнан ўзингни урф-одатларинг асқотади. Чунки бу тушунчалар асрлар давомида йиғилган. Бу йўллардан кимлар ўтмаган… Александр Македонский… араб истилочилари… мўғуллар – биз билган-билмаган… қанча-қанча тўнтаришлар. Ҳар бири ўзи билан нималарнидир олиб келган. Ва ҳар бири цивилизацияга ўз улушини қўшиб борган. Шулардан сараланганларигина халқ хотирасида яшаб келяпти.

Дард армоннинг иккинчи номи

Тарозининг бир палласида орзу-ҳавас турса, иккинчисида армон туради. Вазни биринчисиникидан сира кам эмас. Зеро, армон ҳаётга мантиқ киритади. Ҳар бир нарсанинг баҳоси аслида қанча туришини англатади. Қадрнинг қимматини биласиз. Дард армоннинг иккинчи номи. Ижодкор ҳам инсониятга дарди-армони билан керак.

Ошиқнинг душмани йўқ

Ердан бир қарич баландда юрган ошиқ ҳаётни бошқача кўради, унга ёмонликлар кўринмайди… Гўё унинг душмани йўқ – ҳамма яхши. Ўзича ҳаётни фалсафий қабул қилади. Ана шундай инсонларгина Оллоҳ учун хизмат қила олади. Бунга ишонаман. Ўнг юзига урсанг, чап юзини тутиб берадиганлар ҳам айнан шулар… Ромео ва Жульеттани қаранг, оилалар ўртасида аёвсиз душманлик бор: “Ҳей қиз, у сенинг яккаю ягона акангни ўлдирди!”. “Ахир, мен уни севаман!”. Ўлимдан-да кучли! Ҳавас қиламан. Бундаги юксак гуманизм фожиасини қарангки, йиллар давомида бир-бирига душман Монтекки ва Капульеттилар кўнглидаги адоватни ювиб, қалбини очиши учун энг гўзал норасидалар қурбонлиги керак бўлди.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: