Жўмард қарор

Қозоғистон президенти Қосим Жўмард Тўқаев мамлакат Сенати раиси Дариға Назарбоеванинг ваколатини тугатди.Ўз твиттерида Тўқаев Назарбоевага ҳозиргача амалга оширган ишларига раҳмат айтди.Бу унинг илк жўмард қарори бўлди.

Дариға хоним Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевни қизи бўлиб, мамлакатда узоқ йиллар отасидан кейинги шахс бўлган.Ўтган йили президентликдан ўз хоҳишига кўра кетган Элбоши эса ҳамон эгардан тушмаган. У президентга таъсир қила оладиган кўплаб ҳуқуқий-сиёсий “мурувватларни” сақлаб қолган.Сўнгги пайтларда Элбошининг соғлиғи борасида тарқалган хабарлар рост бўлса, бу вазиятда у қизини ҳимоя қилолмаган бўлиши мумкин.

Яна бир вариант: бу қарор айнан унинг ўзидан чиққан.Қозоғистон айни пайтда қийин аҳволда. Бу вазиятда мамлакатга битта раҳбар керак. Учта эмас. Ҳозиргача Тўқаев ота-бола Назарбоевлар билан ҳисоблашиб келгани сир эмас. Дариға хоним охирги пайтларда Сенат раиси сифатида кўп маротаба ҳукумат қарорларини танқид қилиб, давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини шакллантираётганди. Пандемия қозоқ амалдорларини Тўқаев атрофида бирлаштирди.Энди Қозоғистон президенти учун ҳақиқий синовли вақт бошланди. Айни ўзини намоён қиладиган даври келди.

Анвар Икрамов

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: