Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади…ми?

Мен, Хафиз Азизович, 2019 йилдан буён “Матиз” русумли 30 175 ТТD давлат рақамли автомашинамда тегишли фаолият тури билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган ҳолда йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланиб келаман.

Жорий йилнинг 24 июль куни  соат 13:25 да икки нафар йўловчилар билан биргаликда ҳаракатланаётганимда Самарқанд шаҳри Гагарин ва М.Улуғбек кўчаси чорраҳасида автотранспорт воситамни ЙХХБ, Миллий Гвардия ва Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ходимлари тўхтатишиб, “Махсус комиссия қарорига асосан йўналишсиз такси автомашиналари учун куннинг белгиланмаган муайян вақтида ҳаракатланмоқдасиз» дея маъмурий баённома расмийлаштириб, машинамни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 291-моддасидаги “Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари”даги талабларга зид равишда, мансаб ваколатини суистеъмол қилган ҳолда жарима майдончасига жойлаштиришди.

Уларга “Махсус комиссия”нинг йўналишсиз таксилар фаолияти борасидаги Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги штабнинг 10.07.2020 йилдаги Транспорт Вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов ва 14.07.2020 йилдаги Ички ишлар Вазирлиги Йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Азизхон Муродовлар иштирокидаги брифингда берилган тушунтиришларда, куннинг муайян муддати БЕЛГИЛАНМАГАНЛИГИ акс этган видеороликларни тақдим этишимга қарамасдан, “Махсус комиссия”нинг қарорига кейинчалик ўзгартириш киритилганлиги важини келтириб, саволларим бўлса «юристларга» мурожаат қилишимни таъкидлашди.

Ваҳоланки, 13.07.2020 йилги Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги штабда Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов иштирокида  брифингда, у киши “Махсус комиссия” қарорлари нега оммага эълон қилинмаслигига тўхталиб, махсус комиссия қарорлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат эмас, шу боисдан ҳам бу ҳужжатлар мажбурий эълон қилиниши шарт эмас, “Махсус комиссия” қарорлари Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан кенг доирадаги чора-тадбирлар дастурлари йиғиндиси эканлиги ва махсус комиссиянинг протоколларининг аҳоли ва юридик шахсларга тааллуқли қисмлари расмий ахборот кўринишида мажбурий тартибда мавжуд барча коммуникация каналлари орқали тарқатилишини таъкидлаган эди.

Шунингдек, шу йилнинг 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги штабда Транспорт Вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов, 2020 йил 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги штабда Ички ишлар Вазирлиги Йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Азизхон Муродов иштирокида ўтказилган брифингда, “махсус комиссиянинг 34-сонли баённомасига илова қилинган автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатининг 4-бандига кўра, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксилар учун махсус рухсатнома талаб этилмайди. Бунда йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши керак, ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши, тиббий ниқобсиз йўловчиларни ташиш таъқиқланиши белгилаб берилган. бундан ташқари фақатгина икки нафар йўловчиларни автотранспорт воситаси орқа ўриндиғига ўтказиши керак, деб белгиланган, автотраспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган ҳудуд доирасида ҳаракатланиши шарт”лигини тушунтириб ўтилган.

Хўш, маъмурий ҳуқуқбузарлик – бу маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ҳисобланса, мен Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги штаби томонидан берилган “Махсус комиссия”нинг талабларига риоя этган бўлсам, менинг ҳаракатларимда “Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”га қасд ёки эҳтиётсизлик мавжудми?

Эндиликда мен дардимни кимга айтай, Президентимиз ўзини-ўзи банд қилган фуқароларга имтиёзлар берилиши борасида чора-тадбирлар белгилаётган бўлса? Шу кунга қадар давлатдан моддий ёки бошқа турдаги ёрдам сўрамаган ҳолда, ўз кучим билан, амалдаги қонунчиликка бўйсинган ҳолда рўзғоримни бир илож қилиб тебратаётган бир даврда, оммавий ахборот воситалари орқали бир талабни билдиришиб, амалда эса эълон қилинмаган ёки тушунтириш берилмаган талабни қўллашиб, шусиз ҳам ночор аҳволда яшаётган мен каби фуқароларни эзиш, жаримага тортиш, камбағаллик ботқоғига отиш қайси қонунчиликка тўғри келади? Биргина рўзғорим манбаи бўлган “шалдироқ” автомашинамни сотиб, ёки онам ва турмуш ўртоғимнинг зиракларини “сутхўр”ларга гаровга берган ҳолда, фоизга олинган пул ҳисобидан жарима тўлашим лозимми? Айтинг нима қилай?  Аслида айбим нимада?

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: