Камбағаллик шаънимизга ярашмайди

Камбағалликни ҳар ким ҳар хил тушунади. Менимча, камбағал одам ишлаб топган ҳар бир сўмини фақат еб-ичишга, арзон ки­йим-кечак сотиб олишга қатъий ҳисоб-китоб билан сарфлайди. У уй-жой сотиб олиш ёки қуриш, жуда ихчам тўй қилиш ёки маърака-маросим ўтказиш, тўловли шифохонада даволаниш ёки дори-дармон сотиб олиш, фарзандини бирор касб ёки тил ўргатиш курсларида ўқитиш, кредит олиш ва тўлаш, бошига ташвиш тушганда қандайдир чора излаш имкониятига эга эмас. Бундай пайтда у яхшилар ёрдами, саховати ёки қарзига муҳтождир. Оддий одамлар орасида яшаб кўрсангиз, уларнинг тахминий миқдори ҳақида тасаввурга эга бўласиз.

Тўрт-беш миллион камбағал деб эътироф этилаётганлар орасида қашшоқлар ҳам бор. Улар биз билган камбағалларга ўхшаб 500-600 минг сўмга тирикчилик қилишмайди, балки қарилик, ногиронлик, меҳнат стажи камлиги, қаровчиси йўқлиги ва бошқа турли сабаблар рўкач қилиниб олинадиган 250-300 минг сўмни фақат нонга сарфлаб, тирикчиликнинг бошқа харажатларини бировлар уйини тозалаш, кирини ювиш, кўчаларни супуриш, бўш елим идишларни териб, топшириш ёки тиланчилик қилиш йўли билан топадилар. Мен таниганлардан бири чиқиндилар орасидаги суякларни териб, Бектемирдаги бир цехда ун қилиб, фермерларга ем ўрнида сотса, бошқаси аёлларнинг қирқилган сочларини гўзаллик салонларига улама соч учун хомашё сифатида ўтказади. Тўғри, дангасалигидан тиланчиликни касб қилиб олганлар ҳам бор, аммо танганинг иккинчи томони бўлганидек, айримлар бунга мажбур ҳам бўлаётир.

Амир Темур бобомиз бу муаммога ақл билан жуда холис ечим топган экан. Яъни махсус тайинланган одамлар фақирларни аниқлаб, уларни иш ва нафақа билан таъминлаган. Шундан кейин ҳам тиламчиликни давом эттиришса, жазоланган. Ҳозир бизда ички ишлар ходимлари бундайларни масжид­лар атрофи, кўча ва хиёбонлар, аҳоли гавжум бошқа жойлардан ҳайдаш билан oвора. Ўйлашмайдики, уларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиш ва муаммоларни ҳал этиш камбағал-қашшоқликка қарши курашнинг самарали воситасидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан камбағалликни камайтириш ва қашшоқликни бартараф этиш учун кураш бошланган экан, бу борада эътибор бериш зарур бўлган баъзи масалалар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларимни баён қилмоқчиман. Аввало, бу ишга кимларни жалб этмоқ муҳимлигига эътибор қаратиш зарур.

Кўп йиллик ҳаётий кузатишлардан шундай хулосага келдимки, ўзига тўқ оилада тарбияланган, ҳаётда ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмаган ва ҳозир ҳам шоҳона ҳаёт кечираётган, ҳалол нон топиб ейиш машаққатини татиб кўрмаган, миллий маънавиятдан, урф-одатларимиздан йироқлашиб қолган, йўқчилик ва етишмовчилик нималигини хаёлига ҳам келтиролмайдиган қўштирноқ ичидаги баъзи саховатпеша инсонлар камбағалнинг қалбига йўл топа олмайди. Шунинг учун бундайларни айни тадбирларга жалб қилиш кутилган самарани бермайди. Улар қилинган ишлар юзасидан рақамларга бой маълумот беришдан нарига ўтишмайди. Айниқса, мансабпараст ва такаббур айрим ёш кадрлар, қалбида меҳр-шафқат йўқ инсонларни бу ишга жалб этишдан наф йўқ. Ахир, мақсад — камбағаллар борасидаги статистикани ёритиш эмас, балки ёрдамга муҳтожлар ижтимоий аҳволини яхшилаш.

Сир эмас, кўп жойларда маҳалла раислигига илгари ички ишлар тизими ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаган кадрлар сайланган. Кўпинча улар профлактика инспектори бажарадиган ишларни бажаришади. Асосий иш услуби тергаш, муҳокама қилиш, танбеҳ бериш ва ҳоказо. Мен айрим шу тоифадаги раисларга бир маҳалла фаоли сифатида асосий масала камбағал, қашшоқ, етим-есир, муҳтожлар билан кўпроқ ишлаш эканини, уларга ижтимоий кўмак бериш, бандлигини таъминлашнинг чорасини кўриш лозимлигини айтганимда, кўпинча “бизда камбағал бечоралар йўқ”, деган жавобни эшитганман. Ваҳоланки, маҳаллада истиқомат қиладиган киши қайси хонадон қандай шароитда яшаётганини четдаги одамдан яхшироқ билади. Шундай кайфиятдаги маҳалла раислари ҳозир ҳам ўз лавозимларида ишлаб юришибди. Айтинг-чи, уларни камбағаллик ва қашшоқликни тугатишдек бугунги ўта долзарб масалага ҳисса қўшади, деб бўладими?

Кейинги 20 йил ичида учта маҳаллада яшашимга тўғри келди. Ҳаммасида маҳалла раисларининг яқин маслаҳатчилари бутунлай ғарб турмуш тарзини мукаммал ўзлаштирган аёллар ва диний эътиқоддан йироқ, аммо тарбия ҳақида соатлаб сафсата сотадиганлар эканига гувоҳ бўлдим. Тарбия ҳақида гап борганда маҳалладаги ўзига тўқ оилаларни ибрат қилиб кўрсатиш, ночор, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёхуд адашган ва алданганларни “маҳалла юзидаги доғ” сифатида кўришдан нарига ўтишмайди. Хўш, аслида зиммасига юклатилган вазифаси тўғри йўлдан адашганларга тўғри йўл кўрсатиш, уларни соғлом ижтимоий ҳаётга мослаштириш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш бўлган, бироқ ҳудудимизда мана шундай ибратли оилалар бор, дея хўжа кўрсинга ишларни “беш” қилиб кўрсатиб, муаммоларга бефарқ қараётган, жойи келса, камчиликларни яширган маҳалла фаолларини ким деб аташ мумкин?

Ҳозир хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотларида ишлайдиган баъзи масъуллар ёш оилалардаги ажрим масаласига бир томонлама ёндашиб, бутун айбни қайноналарга тўнкаётганларидек, камбағалликка қарши курашда бу вазифани адо этишга йўналтирилган мутасаддилар ҳам кўзланган мақсадга эришолмаса, камбағалларнинг ўзларига мағзавани ағдариб қуя қолишлари тайин. Етмаганига, бу борадаги чора-тадбирлар давлат томонидан молиялаштирилса, таассуфки, айрим масъулларга қинғирлик учун йўл очилади. Масалан, яқиндагина ижтимоий тармоқларда Бош прокуратура томонидан хабар қилинган жиноят — Оққўрғон тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари М.А. туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Н. билан тил бириктириб, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган пулларни нақдлаштириб, 109,2 млн. сўмни ўзлаштириб юборгани фикримизга яққол далилдир.

Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳар бир кўча ва маҳалладаги оғир шароитда яшаётган оилалар, ногирон, ёлғиз ва қаровсиз инсонларнинг аҳволини ўша кўча ёки маҳалладаги инсоф-диёнатли, ҳалол, меҳр-оқибатли, ҳақсўз одамлар, аввало, нуроний отахон ва онахонлар яхши билишади. Бундай савоб ишга ана ўшаларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ.

Кейинги пайтда камбағалликни бартараф қилиш мақсадида одамларни бирор касбга йўналтириш, ўқитиш ва тайёрлаш ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу жуда тўғри ташаббяус, аммо улар ўқишни тугатганидан сўнг кафолатланган иш билан таъминланиши зарур. Ишсизлар сони ортиши бу борадаги режани чиппакка чиқаради.

Шунинг учун камбағалликдан қутулмоқчи эканмиз, ҳисоб-китобни пухта ишлаб чиқиш жоиз. Камбағаллик айб эмас, деган гаплар энди ўтмайди. Бугун Ўзбекистон дунё нигоҳидаги мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллади. Мамлакатимизда ўзгаришлар ва янгиланишлар олиб борилаётган экан, камбағаллик шаънимизга ярашмайди.

Иброҳим НОРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: