Камбағалнинг фарзанди ҳам камбағал бўлишига биз сабабчи эмасми?

Бугунги кунда юртимизда камбағалликка қарши кураш борасида жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Бу масала Президентимиз мурожаатларида қайта-қайта таъкидланди, қолаверса, БМТнинг минг йиллик режасига ҳам киритилган. Хўш, аслида бу борадаги аҳвол қай даражада?

4-5 миллион аҳолимиз камбағал

Ўртача кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмайдиган киши камбағал деб белгиланса, демак, юртимизда 4-5 миллион аҳоли камбағаллик ҳолатида истиқомат қилади. Мен эса айрим шундай тоифадагиларни камбағаллар эмас, иқтисодий билими етарли бўлмаган инсонлар, деб атаган бўлардим. Чунки улар ўз кучи ва жисмоний меҳнатини етарлича баҳолай олишмайди, уларда ўз-ўзига ишонч етишмайди.

Биласизми, менимча, бунда инсон биографиясининг ҳам таъсири бор. Айримларда отам мардикорлик қилиб кун кечирган, менинг ҳам қисматим шу, деган қараш шаклланган. Бизга қанчалик эртак ҳисобланмасин, дунё ҳамжамиятида “харобадан чиққан миллионерлар” талайгина. Буюк ихтироларнинг асосчилари ҳам аслида оддий одамлар бўлган.

Жек Ма. Жуда камбағал оиладан чиққан. Ҳозирда унинг бойлиги 48 млрд долларга тенг деб баҳоланади.

Шундай экан, биз ҳам ўзига ишончсиз инсонларда яхши яшашга бўлган интилишини шакллантиришимиз керак. Бунинг учун эса таълим тизимида тенгликни таъминлаб, ҳар бир ўқувчига керак бўлса, индивидуал ёндашиб, ҳар бир ўқувчининг баробар ўзлаштиришига эришиш лозим. Ҳозирги камбағалга ёрдам бериш билан бирга унинг авлодини иқтисодий билимли қилиб тарбиялаб, келажакдаги “фожиаси”дан асраш ҳам муҳим, назаримда. Тўғрими ёки менинг гапларим эртакдай туюляпдими, Сизга?!                 

Гулоро Юсупова

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: