Карантиндан кейинги дунё

Карантиндан кейин, менинг назаримда, сайёрамиз аҳолиси деярли бир хил кийинади, таомланади, чунки пандемия туфайли ўхшаш турмуш тарзи шаклланди. Ҳар куни дунё аҳлини ваҳимага солаётган тождор вирус оқибатлари ҳақида ахборотларни тинглаймиз, ўқиймиз, кўрамиз. Барчамизнинг фикр-хаёлимиз шу мавзу билан банд. Бу табиий, албатта.

Аммо, энди бу ҳодисанинг ижобий томонларига ҳам назар ташлайдиган вақт етди, чамамда: қарангки, коронавирус рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун имконият яратди, масофадан ишлаш тизими оммалашди; оила аъзолари ўртасида меҳр-муҳаббат туйғуси анча мустаҳкамланди; ахборот маконида кескин ўзгариш юз бермоқда, одамларда маълумотни саралай олиш кўникмаси шаклланяпти.

Дунёда-чи? Глобуснинг рангин чизмаси бир хил — қизил тусга кирган давр ғарб-у шарқнинг яшаш тарзига қандай ижобий ўзгариш киритиши мумкин? Масалан, эпицентр мақомидаги Италия, АҚШ, Бразилия ёки Испаниянинг вирус камроқ талофат етказган мамлакатлар — Жанубий Корея, Япониядан қандай фарқли жиҳати бор? Албатта, бирламчи сабаб гигиеник-санитар маданият пасайиб кетгани билан боғлиқ. Бинобарин, бу муқоясанинг бизга кўриниб турган томони, халос.

Аслида, ғарбона демократлашув муносабатлар эркинлашувига, “жиловнинг қўлдан чиқиб кетиши”га олиб келгани пандемия шароитида яққол кўринди. Хусусан, бир хил жинслилар никоҳи қўллаб-қувватланиши, алкоголизм, оила жамоаси йўқолиб бориши фикримиз далилидир. Пандемия ушбу муносабатларни қайта кўриб чиқишга ундайди, деган умиддамиз. Зеро, маишийлик қанчалик майда тушунча бўлмасин, катта кучларни ўзгартиришга қодир қудратга эгадир.

Шарқда-чи? Қисқа вақт ичида ёшлар онгига сингиб улгурган оммавий маданият тушунчасига эътибор кескин тушиб кетганини кўриш мумкин. Сабаби, вирус каби оммага тез тарқалган бу ғайри инсоний турмуш тарзига қанчалик енгил кўниккан бўлсак, шунча осон унутдик. Карантин даврида мамлакатларнинг иқтисодий ва мафкуравий мақсадлари ҳам яқинлашди, ҳар бир давлатнинг қудрати тўғрисидаги ахборот кафтдагидек кўриниб қолди.

Бу омиллар жамиятнинг ажралмас қисми бўлган оила занжирига ҳам таъсир ўтказмай қолмайди, албатта. Масалан, бундан буёғига узоқ-яқинимиз билан суҳбатлашишни аввалгидек қучоқ очиб, узоқ саломлашувдан эмас, масофадан туриб, тезгина мақсадга кўчиш йўли билан бошлаш эҳтимоли кучлироқ. Яна бир жиҳат, бутун дунё одамлари “ўзингга эҳтиёт бўл” тамойилига яна ҳам қаттиқроқ амал қилиши тайин. Кишилар зарурат ёки кучли хоҳиш бўлмаса, жамоавий тўпланиш, мажлисбозлик, ҳуда-беҳуда саёҳат-у, зиёфатдан ўзларини тия бошлашса, ажаб эмас. Бу қайсидир маънода, худбинликни ривожлантирса, иккинчи томондан турли анъана ва самимий муносабатларнинг қадрига етишимизга ёрдам беради.
Дарвоқе, коронавирус одамлар ўрганиши қийин бўлган яна бир одат —соғлом турмуш тарзи ва ҳалол таомланиш тамойилига рефлекс уйғотишига умид қиламиз. Масалан, Хитойда экзотик ҳайвонлардан тортиб, кучук ва мушук гўшти истеъмолигача тақиқ қўйилгани ҳам бу борада муҳим қадам бўлди.

Шахсан мен, балки ҳаммамиз, айниқса, пандемия даврида тўйларни камчиқим ва озчилик билан ўтказиш ҳам мумкинлигини исботлаб берганига тобора амин бўляпмиз. Бу фикрлар эҳтимолийлиги билан кўпчиликни ажаблантирар, бироқ карантиндан кейин барчамиз руҳан ўзгаришимиз турган гап. Ҳаммаси яхшиликка бўлсин!

Садоқат САМАНДАРОВА,
Республика Маънавият ва

маърифат маркази мутахассиси

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: