Карантин қоидаларини ким бузяпти: амалдорларми ёки фуқаролар?

Кеча зарурият туфайли кўчага чиқдим. Идорадан махсус стикерли машина олиб кетгани келди. Ўйладимки, пойтахт кўчалари бўм-бўш, ҳамма карантинда, уйда қолган. Бироқ катта йўлга чиқишимиз билан англадимки, чучварани хом санаган эканман: кўча тўла автоулов, одамлар…

Машиналарнинг аксариятида рухсатномаси йўқ, одамлар эса ниқобни энгагига осиб олган. Ҳайдовчи ҳайратимни сезди, шекилли, ҳокимият биносига ишора қилади: “Булар бузяпти карантинни. Бугун шу кўчадан иккинчи марта ўтишим. Иккинчи марта мажлисга одамлар чақиртирилди. Машиналарни қаранг?!”

Қатор машиналар

Ростдан ҳам, ҳокимият биносининг олди машиналар билан тўлган. Яна савол берамиз: нега одамлар карантин қоидаларига бўйсинмаяпти? Ўзининг ва ўзгалар ҳаётини нега ҳавф остига қўйяпти?

Яқинда кўпчиликка унча маълум бўлмаган Кения давлатида Сенат қўмитасининг раиси комендантлик соати режимини бузгани учун лавозимини тарк этди.

Кения давлати Сенат қўмитасининг раиси Сакажа

Маълум бўлишича, сенатор Жонсон Сакажа уч шериги билан тунги вақтда бар яқинида ичиб ўтирганида полиция томонидан ушланган. Қилмиши учун узр сўраган сенатор лавозимидан кетишини эълон қилиб, суд олдида жавоб беришга ҳам тайёр эканлигини айтди. Қонунга мувофиқ, сенатор бу ҳаракати учун жаримага тортилиши ёки қамалиши ҳам мумкин.

Сенатор бўла туриб, бор-йўғи карантин тартибни бузгани учун лавозимини тарк этдими, деб ҳайратланяпсизми? Чунки бизда айрим амалдорлар тартиб-қоидаларни ҳеч нарсадан тап тортмай бузишлари ёки карантин шароитида ҳам ҳар куни мажлисбозликка йўл қўйишига одатланиб қолганмиз. Шахсий автомобилларда ҳаракатланиш белгиланган вақтдагина рухсат этилган бўлса-да, уззу-кун йўлларда машиналарнинг қатнови тинмайди. Балки кенияликларга ўхшаб, балиқни бошидан тозалаш керакдир?

Тасаввур қилинг, Кениядаги ҳолат бизда содир бўлди. Карантин қоидасини бузгани учун амалдорни ушлаб олишди. Ўша “каттакон” нима дейди (биласизми): “Сен бу қоидаларингни бошқасига айтасан, мени биласанми, кимман? Билмасанг билиб ол…”.

Ходимлар эса амалдорни маҳкамага олиб бориш у ёқда турсин, “Ия, акахон, ўзларими, узр, биздан ўтди. Бемалол дам олаверинг, у-бу нарса керакмасми, мабодо”, деб қўллари кўксида, узр сўрашади. Чунки шундай қилмаса…

«Узр, биздан ўтди».

Ишқилиб, бу одатларимизни кенияликлар эшитмасин! Ахир, биз уларни учинчи дунё одамлари, деб юрганимизда, улар қонунга амал қилиб яшаш қандай бўлишидан сабоқ беришяпти!

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: