“Катта”нинг айби нега яшириляпти?

Ғалати замонлар келди-да. Президент “Давлат идоралари халқнинг хизматкори бўлиши керак” деса, ҳурмат-иззатда яшашга ўрганиб қолган ҳокимларимиз ҳеч эгардан тушгилари келмайди-я?! Сал камчиликлар ҳақида ёзсанг, ҳаққингни талаб қилсанг, бошинг маломат-у, туҳматларга қолиши ҳеч гапмас.

Биз ҳам адашиб сал “баландроқ” гапириб қўйгандик, ҳалигача жабрини тортяпмиз. Айбимиз – “журналистларнинг орқасида Президент турибди”, деб муаммоларни тилга чиқарганимиз.
Хулласи калом, ҳаммаси Шофирконлик фермерлар кластерга тариқ сотишга мажбурланяпти сарлавҳали мақоладан кейин бошланди. Ташвишлар, югур-югурлар ва таклифларнинг ибтидоси шу мақола.
Мақолада Шофиркон тумани ҳокими Шукрулло Ҳакимовнинг “Салим бобо гарден” фермер хўжалиги иш юритувчиси Ҳ.Саломовни ҳақорат қилгани ҳамда карантин қоидаларини жиддий равишда бузиб мажлис чақиргани ҳақида сўз борган эди.

“Катта”нинг устидан катта текширув

Шофирконликлар Ш.Ҳакимовни “катта” деб чақиришади. Айтишларича, мақоладан кейин “катта”нинг устидан хизмат текшируви ўтказилган. Текширувга вилоят Халқ қабулхонаси ва вилоят прокуратураси “бош-қош” бўлган. Ўрганиш натижалари эса кутганимиздек, Ш.Ҳакимов айбсиз деб топилди.

Бировни ҳақорат қилган одам айбсиз бўлиши мумкин экан-да, деябсизми? Мумкин экан! Аммо биз ҳам ортга тисарилишни ўзимизга эп кўрмадик. Шу боис “айбсизлиги” исботланган Ш.Ҳакимовни айбли деб топиш ва жазога тортишни сўраб, туман прокурорига кетма-кет икки марта ариза ёздик. Хатимизда “катта”нинг “Салим бобо Гарден” фермер хўжалиги иш юритувчиси Ҳ.Саломовни ҳақорат қилгани ҳамда карантин қоидаларини қасддан бузгани учун жавобгарликка тортишни сўрадик. Бор-йўқ айбимиз шу.

Дастурхони битта акалар

Бундан бир-икки йиллар аввал ҳокимлар фермерни ҳақорат қилса ҳам, ўқитувчи ёки маҳалла раисини обрўсизлантирса ҳам, битта кечирим билан қутилиб кетиш “анъана”си шаклланган эди. Аммо сўнгги пайтларда “катта”лар ҳам ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилаётганини эшитяпмиз. Масалан, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев, Мингбулоқ туман ҳокими Нуршод Худойбердиев таълим муассасаси ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларини ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилганидан хабаримиз бор. Аммо ҳақорат учун жавобгарлик нима учундир Шофиркон туман ҳокимига келганда ишламай қолмоқда.

Дарвоқе, 21 сентябрда туман ҳокимлиги мажлислар залида ўрнатилган видеорегистатор ҳам “ишламай қолган”. Видеокамера фақат вилоят ва республика миқёсидаги селекторда ишлатилармиш. Прокуратуранинг иддаосича, ўша куни туман ҳокимлиги раҳбарлигида фермерлар учун йиғилиш ўтказилган.
Аммо иккинчи хатимизга жавоб йўллаган туман прокурори Ж.Тангриев 21 сентябрь куни Президент Администрацияси раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши бўлганини маълум қилган. Агар прокуратуранинг “видеорегистратор вилоят ва республика миқёсидаги мажлисларни ёзиб боради”, деган гапига ишонсак, демак, ўтган йилнинг 21 сентябридаги йиғилиш ва ҳокимининг ҳақорат ва таҳдидларга тўла оташин нутқи ёзиб олингани шубҳасиз. Аммо прокуратура…

Негалигини биласизми? Чунки бизнинг “каттамиз” Д.Раҳматуллаев ва Н.Худойбердиев сингари “простой” ҳокимлардан эмас. Боз устига “катта”миз ҳар қандай бало-ю қазони “даф” қилиш йўлини яхши билади.

Аммо “катта”мизнинг қўллари ҳар қанча узун бўлмасин, биз ҳаққимизни талаб қилаверамиз. Зеро, қонунчилигимизда “шахснинг қадр-қиммати ва ишчанлик обрўйини тўкканлик учун жавобгарлик”, деган қоида ҳали ҳам амалда бўлса?!

Ҳасан САЛОМОВ,
“Салим бобо гарден”
фермер хўжалиги раҳбари

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

“Катта”нинг айби нега яшириляпти?

  1. У.сиз айтган шофи ркон туман прокурор ва ички ишлар бошкармасидан норози инсон чигилбак кишлогига яшовчи 66 йошли онахон бибижонайа уякинда.37 йошли.углидан айирилди.ужиноятхам яширилди

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: