Келажакка таҳдид ёхуд нега булбул қолиб қарға сайраётгани ҳақида

Ҳар бир халқнинг ўз руҳи, маънавияти, яшаш тарзи ва азалий аънаналари билан суғорилган қўшиқчилик санъати бўлганидек, ўзбек халқ  қўшиқчилик санъатининг  ҳам илдизлари жуда теран. Асрлар оша оғиздан-оғизга ўтиб, бизгача етиб келган ота-боболаримиз, момоларимиз айтган  алёрларнинг ҳар бир сатрида ўлмас тарихимиз, бебаҳо маънавиятимиз, миллий қадриятларимиз ва гўзал анъаналаримиз мужассам.

Инчунин, Шашмақом, Бузрук, Рост, Дугоҳ, Сегох, Баёт, Ироқ каби мумтоз қўшиқлар жаҳоннинг манаман деган қўшиқчилик санъатини лол қолдиргани, ундан баҳраманд бўлган ҳар бир инсоннинг қалбидан чуқур жой олгани рост. Уларнинг ҳар бирида инсон қайғу изтироблари, қувончу шодликлари ўзига хос беқиёс жозиба билан тараннум этилади. Қўшиқларнинг сўзи, оҳанги, тили, дини, миллатидан қатъий назар, ҳар бир кишига руҳий қувват беради, қалбларни ғубордан тозалаб, эзгуликка ундайди. Миллий куй-қўшиқларимизнинг ўзига хос хислатлари, куч-қудрати ҳам мана шунда-да.

Қай бир замонда булбул билан қарға кимнинг овози одамларга кўпроқ ёқиши ҳақида узоқ тортишиб, охири бир тўхтамга келишибди.

Келишувларига кўра, қирқ кун булбул хониш қилибди. Унинг навосидан куч-қувват, роҳат олган одамларнинг ишларига барака, турмушларига файз кирибди. Ўзаро низо, уруш-тўполонлар ҳам ўз-ўзидан барҳам топибди. Орадан қирқ кун ўтгач, навбат қарғага келибди. Биринчи кун булбул ўрнида қарға қағиллашини эшитган одамлар “Нега булбул қолиб қарға сайраяпти” деб ажабланишибди. Иккинчи куни “Яна шу қарғанинг куйи­ни эшитамизми” деб хафа бўлишибди. Учинчи куни эса қарғанинг ёқимсиз сассига кўникишибди. Ўн кунлардан кейин эса “Бугун қарға куйлармикин” деб кутадиган бўлишибди.

Қиссадан ҳисса шуки, бугунги кунда тобора қулоқларимиз кўникиб, ёшларимиз онгини эгаллаб бораётган қўшиқларнинг ҳаммаси ҳам миллий руҳиятимизга мос, тарбиявий аҳамиятга эга деб бўлмайди.

Айрим санъаткорлар томонидан санъатни саноатга айлантириш,  маъносиз, ғализ жумлалардан иборат сўзларни қўшиқ деб куйлаш, аёл хонандаларнинг саҳнада ярим яланғоч кийимлари ва ҳашамдор қасрларини телеэкран орқали кўз-кўзлашлари-ю, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган даҳанаки жанглари ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий тарбияси, келажагига очиқ таҳдид солиши билан ҳар биримизни ҳушёрликка чорлаши керак.

Маъно ва моҳияти тушунарсиз енгил-елпи сўзлардан иборат қўшиқ аталмиш хонишларнинг урчиб бораётганлиги, ўзбекона ахлоқ-одоб қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган клиплар, айрим таниқли хонандаларнинг телеэкранларда турли тиллардаги сўзларни қориштириб гапириши она тилимизга, кўп минг сонли мухлисларга, миллатимиз ва миллий-ахлоқий қадриятларимизга беҳурматлик эмасми?

Ижтимоий тармоқларда айрим хонандалар томонидан бир-бирлари шаънига қарата отилаётган тошлар ва ўзларини реклама қилиш мақсадида гапираётган алмойи-алжойи сўзлари эшитган ҳар бир одамда унинг руҳий соғлом шахс эканлигига шубҳа уйғотади.

Яхши қўшиқ жон озиғи бўлгани каби, савиясиз қўшиқ маънавият кушандаси, дейиш мумкин. Ҳаммамизга яхши маълумки, айниқса, ёшларимиз санъаткорларни ўзлари учун кумир деб билади. Ўғил-қизларимиз уларнинг кийиниши, гап-сўзлари, яшаш тарзидан ўрнак олишади, тақлид қилишади. Шунинг учун ҳам, саҳнага, халқ олдига чиққан ҳар бир одам ўз оғзидан чиқаётган ҳар бир сўз масъулиятини унутишга ҳаққи йўқ.

Узоққа бормайлик, бугунги кунда ҳам Охунжоннинг ширали овози, Муҳриддиннинг дардли хониши, Нуриддиннинг сеҳрли созини эшитган ҳар бир юртдошимизнинг юраги бир ҳаприқмай қўймайди. Бу севимли хонандаларимиз элу-юрт муҳаббати ва ҳурматига фақатгина булбул янглиғ овозлари билангина эмас, сўз масъулияти, қўшиқларидаги маънавий дид ва нафосат, халқ ва мухлисларга бўлган ҳурмат ва эҳтироми сабабли сазовор бўлишгани шубҳасиз.

Кишига ором бериш тугул, тиш оғриғидек  ғашга тегадиган “бақир-чақир”ларни қўшиқ” дея кўникишнинг оқибати ёшларимизни дидсиз, маънавий қашшоқ кимсага айлантириши ҳақида кўп бора бонг урилса-да, тегишли вазирлик ва ташкилотлар томонидан бирор-бир амалий чора-тадбир кўрилмади.

Яна бир гап! Юртимиз теледастурларининг тўридан тушмайдиган айрим қўшиқчилар ўз она тиллари — ўзбек тилини ёт тил билан қориштириб гапиришни, она тилини билмасликни ўзларича замонавийлик ёхуд маданият белгиси деб, фахр билан таъкидлаши кишини ажаблантиради. Уларнинг ярим-юлуқ ўзбекча, русча аралаш масхарамуз мулоқотлари жуда кулгили ва ачинарли кўринишини билиб қўйса ўзлари учун фойдадан холи бўлмайди.

Хулоса ўрнида, севимли шоиримиз Иқбол Мирзонинг ибратомуз фикрини келтиришни жоиз топдик. “Шоирларда бир гап бор. Сиз шеър ёзингу  шуни онангизга ўқиб беринг, отангизга ўқиб беринг, шунга уялмасангиз кейин жамоат олдида ўқинг”. Миллий ўзлигини йўқотган санъаткорларга қарата айтгим келади: фақат қофиядош, саёз, маъни-маъносиз, яланғоч сўзлардан иборат қўшиқларни қандай қилиб халқ олдига олиб чиқаяпсиз?

Ахир сиз миллатнинг юлдузи, ифтихори бўлмоқчисиз-ку!

Фарида ҚОРАҚУЛОВА, 
журналист

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Келажакка таҳдид ёхуд нега булбул қолиб қарға сайраётгани ҳақида

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: