Кенгашганга кенг дунё

Олий мажлис сенати раиси Танзила Норбоевага очиқ хат

Ҳурматли Танзила Камоловна!

Менинг ёшим 85 да. Яратганга шукурки, ҳали ҳам китоб, газета-журналларни кўзойнаксиз ўқиб, автомобилимни ўзим бошқараман. Меҳнат фаолиятим ҳам самарали кечди. Ўттиз йил мобайнида маҳаллий санитария-эпидемиология станциясида оддий шифокорликдан то бош шифокоргача бўлган лавозимларда ишладим. Сўнг­ра Бектемир шаҳри ижроия қўмитаси раиси, “Ўзқишлоқхўжаликкимё” бирлашмаси раиси ва Тўйтепа шаҳри ҳокими вазифаларини бажардим. 2005 йилдан эътиборан собиқ Тўйтепа, ҳозирги Нурафшон шаҳридаги Муқимий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида фаолият юритиб келмоқдаман.Бинобарин, ўз тажрибаларимдан келиб чиқиб, баъзи фикрларимни Сиз билан ўртоқлашмоқчиман.Президентимиз ўз чиқишларидан бирида барча масъулиятни зиммасига олиб, “Мамлакатда камбағаллар бор, қачонгача бир-биримизни ал­даб юрамиз, ахир, бу камчилик­лар ҳам қачондир ўз ечимини топиши керак-ку!” деганидан сўнг барча ҳақиқат юзага қалқиб чиқди. Ҳа, давлатимиз раҳбари бу борадаги ҳақиқий аҳволни яширинг,  кўрсатманг, айтманг, демади. Аксинча, мавжуд муаммоларни рўй-рост тан олиб, ўша ёлғон ва дардли пардани очиб  ташлади. Агар бу аччиқ ҳақиқат 1991 йилдаёқ эътироф  этилганида, халқимизни ҳали-ҳануз қаттиқ ташвишлантираётган қан­чадан-қанча муаммолар алла­қачон­лар ижобий ечимини топ­ган бўларди.

Хўш, ушбу масалаларни келгусида тезроқ ҳал этишнинг йўли ва имкони борми?

Бу саволнинг жавоби кўпчиликни қизиқтириши табиий. Қолаверса, охирги вақтларда айнан шу мавзуга бағишланган кўплаб муҳокамалар ўтказилмоқда. Масалан, жорий йилнинг 23 июнь куни Сизнинг раҳбарлигингизда Тошкент вилоятида ташкил этилган йиғилишда туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарларининг коронавирус пандемияси даврида камбағал оилаларни ночор аҳволдан чиқариш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотлари тингланди. Мутасаддилар билан савол-жавоблар бўлди. Пировардида зарур чора-тадбирлар  белгилаб олинди.Мен ўша мажлисдан ке­йин бу муаммолар тўғрисида кўп ўйладим. Сўнгра умрим бўйи  кўрган-кечирганларимни бирма-бир хаёлимдан ўтказиб, ўтмиш билан ҳозирги кунимизни ўзаро қиёслаб, муқим хулосалар чиқаришга уриндим.

Яккаҳокимлик ҳукм сурган жойда…

Раҳматли ота-онамдан Октябрь тўнтаришидан олдинги ҳокимларнинг аҳолига ўтказган зулмлари ва тазйиқлари тўғрисида кўп эшитгандим. Буни қарангки, охирги салкам 30 йилдан  буён халқимиз яна ҳокимлар билан бирга ишламоқда. Мана, ўзимнинг фаолиятимдан бир мисол. Боя  айтганимдек, мен 1976-1980 йилларда Бектемир шаҳри ижроқўми раи­си вазифасида ишлаётган кезларимда сайланган депутатлар ва ижроқўм аъзолари халққа шу қадар яқин эдики, буни аҳоли ҳар жабҳада ва ҳар дамда сезиб турарди. Ижроқўм йиғилишларида депутатлар ва доимий комиссиялар аъзолари амалга оширилган ва оширилажак ишларни чуқур таҳлил қилиб боришарди. Ҳар чоракда газ, электр энергияси, ичимлик сув таъминоти, таълим, соғлиқни сақлаш, ички ишлар тизимлари ва бошқа масъул ташкилот-корхоналар фаолия­ти депутатлардан иборат комиссиялар томонидан мониторинг қилиниб, доимий равишда сессияларга олиб чиқиларди. Шак-шубҳасиз, қониқарсиз ишларга сессияларда холисона баҳо бериларди.

Мен бу гапни ўтмишни қўмсаб айтаётганим йўқ, фақат ўша пайтлардаги  депутатлар анча фаол бўлишганини  эслатмоқчиман. Ҳозиргилари-чи?.. Сўнгги ўн йил ичида муқаддам халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ тумани, ҳозир  Нурафшон шаҳар кенгаши депутати сифатида бор гапни очиқ-ошкора айтаман: биз сессия бўлишини уч соат олдин ёки аввалги кун кечқурун эшитиб қоламиз. Ҳайронман, ахир сессия кун тартиби олдиндан белгиланиб, эртароқ хабар қилинмайдими? Унда муҳокамага қўйиладиган масалалар депутатлик комиссияларида кўриб чиқилиб, сессияга ҳар бир депутат тайёргарлик кўрган ҳолда келмайдими?

Афсуски, йўқ! Маҳаллий кенгаш депутатлари статист сифатида юқоридагилар лозим топган фармойиш ва қарорларни ижро учун қабул қилиш билан чекланишади, назаримда. Ҳокимлар (бир вақтнинг ўзида ижро органи раҳбарлари) кенгаш раиси ҳисобланади. Нурафшон шаҳридаги айрим ташкилотлар раҳбарлари эса депутат. Аниқки, улар депутат сифатида ҳокимга бирор-бир фикр билдиришдан олдин ўз мансабини ўйлайдилар.Бу менинг шахсий фикрим, хулосани эса ўзингиз чиқариб олаверасиз, деган умиддаман.

“Кимўзар”га берилган ваъдалар

Юқоридаги даъволарим дав­лат бюджети, янада соддароқ қилиб айтганда, халқ ризқи ҳисобидан ойлик олиб, халқ ичига кира олмаган, унинг дардини яхши билмаган ва теран ҳис этмаган бешта сиёсий партияга ҳам тааллуқли. Улардан қай бирининг қайси аъзоси: “Мен халқ номидан гапираяпман”, деб аччиқ ҳақиқатни баралла айта олаяпти? Сўнгги сайловлардан буён орадан салкам 9 ой ўтди. Хўш, бири-биридан асло қолишмай “кимўзар”га ваъдалар берган, ранг-баранг сайловолди дас­турлари билан беармон мақтаниб, кўкрагига урган партиялар шу вақт оралиғида қандай ишларни қойиллатиб қўйди? Бунисини билмадим, фақат бош­қа бир аниқ далилни келтира оламан. Яқинда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати худди шу партиялар ортда қолган ойлар мобайнида қайси ишларни амалга оширганини-ю, қайси ваъдалари ўлда-жўлда қолиб кетганини таҳлил қилди. Ажабки, уларнинг бажарилганидан бажарилмагани кўпроқ экан. Нима, 9 ой кам муддатми? Халқ, сайловчилар ваъдалар амалда рўёбга чиқишини яна қанча кутишлари керак?.. Виждони пок ва эл-улус дарди билан яшаётган айрим депутатларни ҳисобга олмаганда, аксарият маҳаллий кен­гашлар депутатлари фақат статист вазифасини бажармоқда. Мен яккапартиявийлик даврида 30 йил ҳалол меҳнатим билан халққа хизмат қилгандим ва яна шунча вақтдан бери яккаҳокимлик шароитида ишлаб келмоқдаман. Модомики, шундай экан, бир масалани ўртага кўндаланг қўймоқчиман: яккапартиявийлик қандай хотима топганини яхши биламиз, энди ундан тегишли хулоса чиқариб олиб, яккаҳокимликнинг келажак қисматини ўйлаш фурсати етмадимикин? Яна бир гап. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилги сайловолди дастурида “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепция­сини амалга ошириш  устувор вазифа этиб белгиланганди. Кучли фуқаролик жамиятининг негизи эса биздан бошқа ҳеч бир  мамлакатда йўқ ноёб маҳалла тизимидир.  Шу боис уни такомиллаштириш тўғрисида қатор қарорлар чиқди, энди уларнинг ижросини таҳлил қиладиган фурсат келди, чамамда.

Ишсизликни бартараф этиш омиллари

Биз “Мустақил бўлдик”, “Ҳозир ўтиш давридамиз”, Энди янги босқичга қадам қўйдик” дея ўзимизни овутиб, йилларга ном бериб, чорак аср вақтни ўтказиб юборганимизни билмай қолдик. Устига-устак, “Янгисини қурмай туриб, эскисини бузманг!” шиорини даст кўтардигу, амалда тескарисини қилдик, керак бўлса, бирор нарса қурмасдан борини бузиб ташладик. Бир замонлар аллакимларнинг ўзбошимчалиги туфайли Тошкентдаги чинни заводи ер билан яксон қилинган эди. Мен бундан қаттиқ афсус чекиб юрардим. Президентимизга раҳ­мат, дилимиз тубида ётган армонга ҳам малҳам қўйди, ўша корхона қайта барпо этилди. Уни бир неча бор телевизор орқали кўриб, кўзимга ёш қалқди. Янги завод халққа 87 миллиард сўмга тушди, ўзбек чиннисининг чатнаган жойини тўлдирди. Юзлаб иш ўрни яратилди. Аммо собиқ чинни заводи, авиация заводи, ўнлаб давлатларга пахта териш машинаси, қишлоқ хўжалиги техникаларини экспорт қилган “Ташсельмаш” заводи каби юзлаб корхоналар йўқ қилингани сабабли ишсиз қолган минг-минглаб юртдошларимиз Россия ва  Қозоғистонга, маълумоти борлари янада олис юртларга йўл олишди. Тасаввур қилаяпсизми, 1913-1915 йилларда Чор Россия­си мардикорчилигига қар­­ши курашган халқ фарзанд­лари XXI асрда ўз ихтиёрлари билан ўша юртларга мардикорликка отланишди!.. Хорижда ишлаш учун кетган ҳар бир ёшга менинг юрагим ачишади. Ахир, одамзод   туғилганидан то вояга етгунча шу халқнинг, давлатнинг озмунча сармояси сарфланадими? Чақалоқ дунёга келган туғуруқхоналар, болалар боғчалари, мактаб, коллеж, инс­титуту университетлар бир маромда фаолият юритиши учун давлат қанчадан-қанча маблағ ажратади? Шунча азоблару харажатлар билан ўсиб-улғайиб, қўлидан иш келадиган бўлганда унинг тирикчилик кўйида чет элга кетишга мажбур бўлиши аслида уларнинг эмас, бизнинг хатомиз эмасми? У ўзга юрт иқтисоди ривожи йўлида тер тўкса, майлими? Қани бу ерда мантиқ, қани маъно?.. Ёки нима, биз бошқаларга мардикорлар етказиб берувчимизми? Тўғри, мигрантлар  юртимизга валюта келтираяпти, деб ўзимизга тасалли берамиз. Аслида эса улар бош­қа мамлакатларда мингини яратиб, бирини олиб келаётганини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Менимча, қандайлигидан қатъи назар, ҳамюртларимиз бировлар ҳаммолига айланиб қолмасликлари керак? Бунинг учун, аввало, замонавий корхоналар қуришимиз, янги ва муқим иш ўринлари яратишимиз лозим. Иккинчидан, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашимиз, бу борада мактаблар мавқеини  юксалтиришимиз зарур. Ўз навбатида, бу билим масканлари ҳамиша ҳокимлик, депутатлар, маҳалла-кўй, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлиши шарт. Негаки, мактаб бизга бегона ёпиқ қўрғон эмас, зурриётларимиз ўқийдиган даргоҳ. Қолаверса, улар учун керакли мабғағ давлат томонидан, айнан ота-оналардан ундирилган солиқлар ҳисобидан ажратилади. Демак, биз болаларимиз қандай билим олаётганини ҳар кун-ҳар он  кузатишга, таълим сифати қай даражадалигини билиб туришга ҳақлимиз. Ҳурматли Танзила Камоловна! Бу гапларимни ҳаёт машаққатларини бошидан кўп ва хўп кечирган, 85 ёшида ҳам озми-кўпми, эл-юртга фойдам тегса, деб куйиб-ёниб яшаётган отахоннинг холис фикрлари деб билинг.Сизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, халқ бахт-саодат йўли­да амалга  ошираётган ишла­рин­гиз­­га муваффақиятлар тилайман!

Жўра АҲМЕДҚУЛОВ,
Халқ депутатлари Нурафшон шаҳар кенгаши депутати,
Муқимий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: