Конституцияга кимлар, қанча ўзгартириш киритган?

Бугун конституция байрами баҳонасида мавзуга оид қизиқарли маълумотлар билан танишишни истайсизми? Бу ажойиб-у ғаройиб фактлар ҳар кимга ҳар хил кайфият бағишлаши аниқ. Баҳс-мулоҳазага киришишни истаганларни эса муҳокамага чорлаймиз!

Умрибоқий президентлар

Сиёсатшунос Рассел Фитцгиббон 1940 йилдаёқ давлатни узоқ бошқариш учун қонунларни ўзгартиришни “continuismo” деб аташни таклиф қилган. Бугун бу “сиёсий касаллик” бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган бўлиб, 1945 йилдан 2017 йилгача демократик ва авторитар давлатларда 94 нафар президент конституцияни чеклаб ўтиб ваколатларини узайтиришга эришган.

2018 йилда Хитой халқ республикаси раиси Си Цзинпин ҳукуматни бошқариш учун чекловлардан қутулди. Энди у мамлакатни хоҳлаганича бошқариши мумкин. 2019 йилда эса Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий парламент орқали президентлик ваколатларини узайтириб олди.

Миср Парламенти президентлик ваколатларини 4 йилдан 6 йилга узайтирган ва натижада Сиси 2024 йилдаги сайловда ҳам қатнашиш имконига эга бўлгани кўпчиликка маълум. У шу тариқа 2030 йилгача мамлакатни бошқариши мумкин.

“Бобомнинг баҳонаси”

Ҳукуматда бир умр қолишни хоҳлайдиган раҳбарларнинг барчаси қари эркаклар бўлгани учун шундай атама пайдо бўлган. Россияда бу атаманинг бошқача варианти бор: “Терешкова тузатуви”. Чунки Путиннинг муддатларини ноллаштиришни айнан депутат Валентина Терешкова таклиф қилганди. Сиёсатчи Александр Батуро Дмитрий Медведевнинг президентликка келишини ҳам “континуизм” сирасига киритган.

Дмитрий Анатольевич 2008-2012-йилларда бир муддат Россия президенти бўлган. Айнан унинг даврида президентлик муддати 4 йилдан 6 йилга узайтирилган. Агар мана шу мантиқдан келиб чиқсак, Путин “континуизм санъати”га учинчи марта мурожаат қилди.

Антик дунёда ҳам

Буни қарангки, ҳатто антик даврларда ҳам давлат раҳбарлари белгиланган муддатдан ортиқ ишлашига йўл қўйилмаган. Юқори лавозимдаги одамлар одатда ҳар йилда алмаштирилган. Ўшанда одамлар давлатнинг шахсга боғланиши ҳалокатга олиб келишини тушунишган. Аммо кейинчалик монархия пайдо бўлиши давлатчиликнинг жуда хунук кўринишлари пайдо бўлишига олиб келди. XVIII асрдаги Франция ва Америка инқилобларида давлат раҳбарларининг муддати қатъий белгиланиши асосий даъволардан бири бўлган.

37 йиллик бошқарув келтирган ҳалокат

Зимбабвенинг марҳум президенти Роберт Мугабенига қайта-қайта сайловларда ўз номзодини кўрсатиши учун ҳеч нима халақит бермаган, чунки унинг ўзи бошчилигида 1980 йилларда қабул қилинган конституцияда ҳеч қандай чеклов бўлмаган. У Зимбабвени 37 йил давомида бошқариб, мамлакатни иқтисодий ҳалокат ёқасига келтириб қўйган.

Бу борада Венесуэланинг узоқ йиллик президенти Уго Чавес ҳам бошқалардан қолишмайди. Дунёдаги энг катта нефть заҳирасига эга мамлакатнинг қашшоқ ва яшаш учун хавфли давлатлар қаторига кириб қолишига сабабчилардан бири бўлган Чавес ўз ваколатларини ошириш учун конституцияни уч марта ўзгартирган ва ҳар сафар одамлар (расмий маълумотларга кўра) уни қўллашган.

1999 йилда Чавес давлат раҳбарлигига келгач, венесуэлаликлар янги конституция учун овоз беришади. Янги ўзгаришларга кўра, президентнинг ваколатлари кескин оширилганди. Конституцияга киритилажак ўзгаришлар пакетида моддий ёрдам ва ижтимоий ҳимоя ҳақида ҳам бандлар бор эди.

2007 йилда ўтказилган референдумда эса у президентлик ваколатларини 6 йилдан 7 йилга узайтиришни, шунингдек, мамлакат Марказий банки ва губернаторлар тўғридан тўғри ўзига бўйсунишига эришмоқчи бўлади. Аммо сайловчиларнинг 51 фоизи буни рад этиб, Чавес кутган натижа бўлмайди.

2009 йилда Чавес барибир мақсадига етишади. У бу гал ақлли йўл тутади ва барча сайланадиган лавозимлар учун икки марталик чекловни олиб ташлашни таклиф қилади. Бу сафар сайловчиларнинг 54 фоизи таклифни қўллайди ва у қабул қилинади. Бироқ Уго Чавес бу ўзгаришдан тўлиқ фойдалана олмайди. 2012 йилда қайта сайланган диктатор 2013 йилда саратондан вафот этади.

МДҲ давлатларда-чи?

МДҲ давлатларида ҳам ваколатни ошириш учун конституцияни чеклаб ўтиш санъат даражасига кўтарилган. Масалан, ҳозирда раҳбар бўлиб келаётган Александр Лукашенко, Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон “миллат пешвоси” Имомали Раҳмон конституцияга киритилган ўзгаришлар билан ваколатларини узайтириб олишган.

Тожикистонда ҳаттоки президентликка номзод бўлиш ёши референдум орқали 35 ёшдан 30 ёшга туширилган. Бу нима учун қилингани тушунарли. Имомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли Рустам Имомали 2020 йилги президентлик сайловларида ўз номзодини кўрсата олиши учун эди. У 1987 йилда туғилган ва 2020 йилда 35 йиллик чеклов унга халақит бериши мумкин эди. Шу сабаб ҳар эҳтимолга қарши номзод камида 30 ёш бўлиши кераклиги қайд этиб қўйилди.

Хуллас, Конституцияга ҳурмат турли мамлакатларда турлича. Аммо ундаги қоида ва моддалар ўз қадрини топганидагина Бош Қомус номига яраша бўла олади.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: