Коронахабарлар

Коронавирусга қарши чекловлар қайси мамлакатларда кучайтирилиб, қайсиларида юмшатилди?

Айрим мамлакатларда COVID-19 билан боғлиқ вазият ёмонлашуви фонида амалдаги чекловлар узайтирилди ёки янгилари киритилди. Бошқаларида эса коронавирусга қарши эмлаш компанияси ортидан вазият яхшиланиши натижасида чекловлар сусайтирилди. Коронадайжестда шу янгиликларга қисқача тўхталиб ўтамиз.

Нидерландияда COVID-19 пандемияси туфайли жорий қилинган комендантлик соати 31 мартгача узайтирилади. «Ҳозир қандайдир юмшатишлар ҳақида эълон қилиш номаъқул бўлган бўларди», — деди мамлакат бош вазири Марк Рютте. Шу билан бирга, 15—17 март кунларига белгиланган парламент сайловларини ўтказиш учун истисно қилинади. Агар яқин орада мамлакатда коронавирус билан касалланиш даражаси пасайса, келаси ойдан бошлаб ресторан ва барларга очиқ айвонларда мижозларга хизмат кўрсатиш учун рухсат берилиши мумкин. Нидерландияда 21:00 дан 04:30 гача амал қиладиган комендантлик соати 23 январдан кучга кирган.

Эстонияда коронавируснинг «британча» штамми фаол тарқалаётгани туфайли 11 мартдан қатъий карантин чоралари киритилади. Улар камида бир ой муддатга жорий қилинади. Мамлакатда барча болалар ва ўсмирлар масофавий таълимга ўтказилади, дўконлар, умумий овқатланиш жойлари ёпилади, оммавий тадбирлар бекор қилинади. Кўчаларда «2+2» қоидаси киритилади — фақат икки киши учрашиши (оилалардан ташқари) ва улар бир-биридан икки метр узоқликда бўлиши керак. Спорт билан фақат ёлғиз шуғулланиш мумкин.

Финляндияда деярли бутун мамлакат бўйлаб COVID-19 билан боғлиқ вазият ёмонлашгани туфайли ресторан ва барлар уч ҳафтага ёпилади. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларидан ташқари барча жойларда умумий овқатланиш муассасалари фақат уйга олиб кетиш учун ишлаши мумкин. 8 мартдан Финляндияда уч ҳафталик локдаун бошланди. Катта синф ўқувчилари, гимназия ва касбий таълим муассасаларида ўқувчилар масофавий таълимга ўтказилди. Шунингдек, мамлакатда 1 мартдан фавқулодда ҳолат амал қилиб келмоқда.

Черногория ҳам коронавирусга чалиниш кўрсаткичлари ёмонлашгани сабабли ўз чегараларини ёпиб қўйиши ва қатъий чеклов чораларини киритиши мумкин. Мамлакат президенти Мило Жуканович COVID-19 билан боғлиқ вазиятни жиддий деб атади ва чораларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Исроилда эса 8 мартдан баъзи тоифадаги чет элликларнинг мамлакатга киришига рухсат берилди. Шунингдек, исроилликларнинг мамлакатга қайтишига қўйилган тақиқ ҳам олиб ташланди. Яқин ҳафталар ичида биринчи навбатда уларнинг Исроилга киришига рухсат берилади, чунки 23 март куни Исроилда муддатидан олдинги парламент сайловлари бўлиб ўтади. Хорижликлардан мусобақаларга келаётган профессионал спортчилар, чет эллик ишчилар ҳамда мамлакат фуқароларининг турмуш ўртоқларига Исроилга кириш учун рухсат берилади. Исроил коронавирус туфайли киритилган чекловларни оммавий эмлаш фонида сусайтирмоқда. Мамлакат коронавирусга қарши вакцинация борасида дунёда етакчилик қилмоқда: айни пайтгача вакцинанинг ҳар иккала дозасини қабул қилганлар мамлакат аҳолисининг 41,4 фоизини ташкил қилмоқда.

Таиландда апрелдан COVID-19’га қарши эмланган чет эллик сайёҳлар учун 7 кунлик карантин жорий қилинади. Айни пайтда мажбурий яккаланиш муддати икки ҳафтага тенг. Эмланганлар паспортига эга чет элликлар учун октябрдан карантин бутунлай бекор қилиниши ҳам мумкин.

Тунисда бундай қоида 8 мартданоқ амал қилишни бошлади: 2021 йилнинг 8 мартидан 28 мартигача бўлган даврда меҳмонхоналардан бирида хона банд қилган чет элликлар мамлакатга келишдан аввал 72 соат ичида олинган ПЗР-тестнинг манфий натижасини тақдим этиши ва етиб келиш пунктида экспресс-тестдан ўтиши керак, меҳмонхонада етти кунлик карантиндан кейин ўз ҳисобидан ПЗР-тест ўтказиб, манфий натижани тақдим этиши керак.

АҚШда коронавирусга қарши вакцинанинг иккала дозасини ҳам олган фуқаролар бино ичида ниқоб тақмаган ҳолд ава ижтимоий масофа сақламаган ҳолда ўзаро йиғилиши мумкин бўлди. АҚШ Касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари тавсияларига кўра, шунингдек, тўлиқ эмланган одамлар уйда COVID-19’нинг оғир шакли ривожланиши хавфи паст бўлган одамлар билан уйда тўпланиши мумкин, масалан, вакцина олган кексалар соғлом фарзандлари ва невараларининг уйларига бориши мумкин. Айни пайтгача АҚШ аҳолисининг 9 фоизга яқини коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.

8 мартдан бошлаб Буюк Британияда ўрта мактаблардаги қатнаб ўқиш тўлиқ тикланди. Мактаблар январда қисман очилган эди, аммо бошланғич мактаблар ўқувчилари ҳамон масофавий таълимда эди. Мактабларга қатнаб ўқишнинг тўлиқ тикланиши COVID-19’га қарши фаол вакцинация билан ҳам боғлиқдир. Айни пайтга қадар Британиянинг 23 миллион аҳолиси вакцинанинг камида битта дозаси билан эмланган, бу эса касалхоналарга юклама анча камайишига олиб келди.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Коронахабарлар

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: