Коррупция авж олишига мутлақо алоқаси бўлмаган одамларга коррупция иллати ҳақида маъруза қилаяпмиз

…Коррупция авж олишига мутлақо алоқаси бўлмаган одамларга коррупция иллати ҳақида маъруза қилаяпмиз. Тўғрироғи, масалан дейлик, туғруқхона бош шифокори юқорига ҳисобот бериш учун ходимлари иштирокида коррупцияга қарши мажлис ўтказмоқда ва пора олмаслик ҳақида маъруза ўқимоқда.

Мажлис тугагач, “олиб қочамиз-да энди” дегандек кўз қисиб қўймоқда ва янги туғилган чақалоқлар учун ташлаб кетилган суюнчи пулини олиб қўявериш лозимлиги ҳақида шипшитиб қўймоқда. Туғруқхонага юқоридан амалдор келиб бақириб-чақириб кетгани билан коррупцияга қарши курашиб бўлмайди.

Ҳозирги қуйи поғонадаги амалдорларнинг вазифаси нимадан иборат?

Империалистларга,Толибонга қарши курашиш уларнинг вазифаси эмас. Пахта, Ғалла, Пилла планини (режа демоқчи эдим, барибир тил қурғур “план”га ўтиб кетмоқда) бажаришни назорат қилиш ҳам хокимлар вазифаси эмас. Фермерларга тўла ишониб қўйилса, меҳнаткаш халқимиз ўзи билади, нима қилишни.
Таҳлиларимга кўра, янги тайинлаган хоким ўз ишини бозорни қайта қуриш (тадбиркорни синдириш деб тушинамиз), ерларни қайта тақсимлаш (фермерни оёғига болта уриш дея тушунамиз)дан бошламоқда.

Қадим-қадимдан давлатдан маош олиб ишлайдиган амалдорларнинг бош вазифаси юқорига ёқиш эмас, балки халқнинг дардини ўйлаш бўлган.

Яъни, жиноятчиликни камайтириш, аҳолини яхши яшаши учун шароит яратиб бериш, таълим олиши, саломатлиги борасида қайғуришдан иборат. Бунинг учун хокимлар аҳоли учун қишга ғамлаб қўйилган озиқ-овқат заҳирасини, кўмир, газ, электр таъминотини назоратларига олишлари керак. Аммо улар, ўзлари зиммасидаги вазифаларни бажариш ўрнига пойтахтдан келадиган маърузачиларни кутиб олишни асосий вазифа деб билишаётгандек.

Яна бир бор Криловнинг “Ниначи ва чумоли” масалини ўқиб кўриш керакмикан?!.

Шарофиддин Тўлаганов,
журналист

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: