Кўнгил карантини

Онам Фарғонанинг Қувасидан Андижоннинг Бўзига келин бўлиб тушган. Ҳар гал энам онамни йўқлаб келса хассаларини белларига қўйиб «Узоққа қиз берганнинг ранги самон ёр, ёр, деб хиргойи қилиб дарвозамиздан кириб келарди. Кейинчалик энам касал бўлиб бир жойда ётиб қолди. Тез-тез онам билан йўқлаб борадиган бўлдик. Бир марта борганимизда онам кечки пайт уйга қайтишга тараддуд кўра бошлади. Шунда энам йиғлади. Жон қизим бугун қолгин дийдорингга тўяй. Ўтганимдан кейин уйимда қирқ кун ўтирмай, ўттиз тўққиз кун ўтирасан.
Одамлар «Озодахон, нега қирқ кун ўтирмадингиз»,
дейишса, онам илтимос қилганида бир кун ёнида қолган эдим, деб айтасан», деган эди. Бу сўз бола қалбимга мухрланиб қолган.

***
2006 йил, қишда катта қор ёғди. Ўша қишда онам фалаж бўлиб қолди. Довон ёпилган. Бир хафта йўл очилмади. Тошкентдан Андижонга қайтгунимча бир хафтада ўтиб кетди. Борсам онам касалхонанинг жонлантириш бўлимида экан. Мени қўйишмади. Эшикнинг олдидан кетмай йиғлаб ўтиравердим. Охири кекса духтирни рахми келди. «Майли, тез кириб чиқ», деди. Онамга қараб турувчи ҳамшира мени имлади. Яқин борсам Онангиз тинмай бир нималарни пичирлайди», деди.
Секин эгилиб қулоқ солдим. Инсултдан тиллари қорайиб кетган онам бир шеъримни ёдлаб олган экан.Шуни айтиб ётибди. Шеърдан хафсалам совиб юрган пайтларим эди. Ким нима деса, деяверсин, мен онам учун катта шоир эканлигимни хис қилдим. Яна ёза бошладим.

***
Шаҳардан қайтсам онам мени, аравага солиб кўчага олиб чиқ, дейди. Кўчада ҳаммага мақтанади, шоир болам келди, дейди. Дўконнинг ёнига борганимизда менга марожна олиб бергин, болам, дейди. Опаларинг билмасин. Шу ерда еб оламан, дейди. Шошиб-шошиб муздек марожнани тишлаб, тишлаб ейди. Нима қилай, болам, ичим куяди, дейди. Болага айланиб қолган онамнинг
Араваси олдида тиз чўкиб йиғлайман.
Билдирмасдан йиғлайман.
***
Кўчага чиқмасам ҳам дунё тўхтаб қолгани йўқ. Осмон қулаб тушмадику онажон…
Сизни соғинтиришдан бошқа нимага эришдим, онажон. Аслида, вирус менинг тош кўнглимга тушиб улгурмадимикан, онажон…

Муҳаммадсиддиқ Раҳматов

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: