Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Халқ артисти Озодбек Назарбековга саволлар

Маданият вазирлиги ўз номидан келиб чиқиб, давлат ва жамият ҳаётида энг муҳим вазирлик ҳисобланади. Бу ҳақда ўзингиз ҳам вазир лавозимини эгаллаган ҳафтада журналистлар ва блогерлар билан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтгандингиз. Жумладан, «Кўпчилик ташкилотлар танқид чиқиб кетмасин деб ОАВ вакиллари билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилади. Маданият вазирлиги эса журналист ва блогерлардан танқид ва таклиф кутади. Ёзинглар маданият соҳасини. Бу соҳа ислоҳ қилинмаса бўлмайди. Жамоатчилик эътибори билангина одамларимизнинг маданиятини юксалтириш мумкин» деган эдингиз. Бугун Маданият вазирлиги атрофида ахборот кризиси вужудга келди. Ижтимоий тармоқларда вазирлик ва Озодбек Назарбеков атрофида турли муҳокамалар бошланиб кетди, жуда кўп саволларга пайдо бўлмоқда. Шу боис сизга ижтиомий тармоқларда муҳокама марказига айланган айрим саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз (Вазирлик ахборот хизмати билан боғланиш имкони бўлмагани боис саволномани эълон қилиш йўли билан йўлламоқдамиз).

— Аввало, ўша матбуот анжуманида тизимда коррупцияга қарши курашни бош мақсадингиз сифатида эълон қилгандингиз. Айтингчи, ўтган давр мобайнида ушбу мақсад йўлида нималарни амалга оширдингиз? Ёхуд тизимда коррупцияга қарши кураш самарадорлигини қандай баҳолайсиз?

— Бугун бош прокурор томонидан вазирлик бош ҳисобчиси 2.6 миллиард сўмга 56 баробар қиммат нархда тизимдаги театр, маданият уйлари ва бошқа ташкилотлар учун грим сотиб олганлиги ҳақида маълум қилди. Айтингчи, ушбу ҳолатда тузилган шартнома ва ҳужжатларга сиз имзо қўйганмисиз ёки…

— Умуман олганда, сиз бу ҳолатдан хабардормисиз? Ахир давлатнинг 2.6 миллиард сўм маблағи раҳбарнинг хабардорлигисиз ёки розилигисиз «чиқиб кетиши» мумкин эмас. Қолаверса, бошқалар билмаса-да, съёмкалар жараёнида жуда кўп бор фойдаланган қўшиқчи сифатида косметик пудра нима эканлигини сиз яхши биласиз. Айтингчи, Ўрикзор бозоридан сотиб олинган сифатсиз косметик пудрани сохта ҳужжатлар билан грим дея расмийлаштирилиши сизда шубҳа уйғотмаганми?

Муқаддам ўғирлик ва талон-торожлик жиноятлари учун 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилган шахсни вазирлик бош ҳисобчиси лавозимига сиз ишга олганмисиз? Раҳбар сифатида унинг иш фаолияти ҳақида фикрларингиз?

— Сизнинг ташаббусингиз ва саъйи-ҳаракатингиз билан суратга олинаётган «Менман Жалолиддин» фильмини яратиш ҳақида дастлабки шартнома «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда Best organaizer МЧЖ ўртасида тузилиб, унга мувофиқ, олдиндан аванс сифатида 533 миллион сўм маблағ тўлаб берилган. Кейинчалик бу маблағ фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланмагани боис бюджетга қайтарилган. Айтишларича, ўша Best organaizer МЧЖ нинг 48 фоиз улуши Жафарбек Назарбеков Озодбек ўғли деган шахсга тегишли экан. Бу ҳақда бирор изоҳ бера оласизми?

— Сизнинг қатор машҳур қўшиқларингиз муаллифи Шамсиддин Садоий Зангиотадаги шифохонанинг реанимация бўлимида оғир аҳволда ётган чоғида шоирнинг турмуш ўртоғи Иқбол Эргашева сиз ва бошқа санъаткорларга ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Билишимизча, ҳозир ҳам шоирнинг соғлиғида жиддий муаммолар бор. Қолаверса, уй-жойи йўқлиги сабаб яккаю-ягона 5 яшар ўғли ҳам улар билан яшамаётган экан. Айтингчи, ўша мурожаатдан сўнг Сизни машҳурлик даражасига олиб чиққан қатор қўшиқларингиз муаллифининг ҳолидан хабар олдингизми?

P.S. Саволнома Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековга самимий ҳурматимиз юзасидан тузилди. Негаки, вазирлик бош ҳисобчиси томонидан 2.6 миллиард сўмга 56 баробар қиммат нархда сифатсиз пудра сотиб олганлиги ҳақидаги маълумот ОАВда эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда вазирлик ва Озодбек Назарбеков атрофида турли муҳокамалар бошланиб кетди. Айтиш жоизки, саволларнинг аксарияти ижтимоий тармоқда муҳокама қилинаётган саволлар асосида тузилди. Ишонамизки, Озодбек Назарбеков саволларимизга жавоб йўллайди ҳамда вазирлик атрофида кечаётган гап-сўзларга аниқлик киритади.

P.S.S. Умуман олганда, халқаро таржибада давлат органи ёки унинг мансабдор шахслари атрофида бундай муҳокамалар авж олган чоғда ахборот хизмати зудлик билан матбуот анжумани ташкил этади. Ёки матбуот котиби ҳолат юзасидан изоҳ беради. Акс ҳолда, гап-сўзлар, шубҳа-гумонлар авж олиб, давлат органи ёки унинг мансабдор шахсларига аҳолининг ишончи йўқолиши мумкин. Зеро, Президентимизнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳақидаги фикрлари замирида ана шундай эзгу мақсад кўзлангани сир эмас. Қолаверса, очиқлик ва шаффофлик коррупцияга қарши кураш борасида энг самарали воситалардан биридир.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: