Масхара қилманг, ёрдам беринг

Эртакларда жиноят ёки ёмон иш устида қўлга тушганларни эшакка тескари ўтқазиб, кўчаларни айлантириб, сазойи қилишгани ҳақида ўқиганмиз. Ўша жиноятчини бир қишлоқ ёки бир икки кўча аҳли эринмаса кўчага чиқиб томоша қилган. Ёш-яланглар уларга тош ҳам отишган. Бугунги сазойилар бошқача, ижтимоий тармоқларга олиб чиқилади. Нима эмиш, Хоразмда бир кафеда ишлайдиган қизлар ярим яланғоч ҳолда сумалак ковлашибди. Уни кимдир видеога олгану тарқатган. Ана сазойининг каттаси. Истаса, бир қишлоқ эмас, бутун дунё кўради. Аслида бу қизлар тунгги клуб раққосалари экан. Улар шу либосда рақсга тушаркан (Шу жойида йиғлагим келяпти). Демак, уларнинг хизматига талаб бор. Шунинг учун емакхона уларни ишга ёллаган. Аёлнинг кўйлаги ёмонга йиртилмасин, дерди бувим раҳматли. Ўқишга борсанг, сочингни кесма, енги калта кийим кийма, қошингни терма, деб тайинларди. Бугун бу нақлнинг маъносини уққандайман. Бир марта сен ҳақингда ёмон гап чиқдими, ўша аҳволингда эсланасан, дейиляпти.

Хуллас, ўша қизларнинг сурати роса тармоқларда “айланди”. Ҳамма ўз нафратини баён қилди. Ҳатто ички ишларга олиб борилиб, жаримага тортилди. Мен уларни оқламайман, ёқламайман. Лекин тунги клуб эгасичи? Ўша клубнинг мижозларичи? Ўша либосда рақс тушса майли, қозонга яқинлашса, ёмонми? Уларнинг узр сўраб чиққанлариям сазойи қилинди. Бунақалар битта узр билан қутулади, деб. Хўш, ўша аёллар ахлоқсиз экан, уларни сазойи қилиш ўрнига тузатиш масаласида бош қотирайлик. Телевизорда ашаддий жиноятчилар, қотиллар юзлари бекитилиб, ҳеч ким танимайдиган қилиб кўрсатилади. Нега ноқулай вазиятга тушиб қолган аёлларни шундай кўрсатмайдилар?  Тўғри, улар ўзлари яланг ҳолда саҳнага чиқар экан. Уларнинг расмини байроқ қилиб югурганлар, гуноҳингиз улар билан бир бўлиб қолмадими? Ўша аёлларни тўғри йўлга бошлай оламизми? Шу ҳаракатда фикр билдирайлик. Йўқ, аксинча, “эшитдингми, кўрдингми, Хоразмда аёллар…”

“Ёввойи оққушлар” эртаги асосида олинган фильмда бир иркит аёл фисқ-фасод тарқатиб юради. Мен бир-бирларига ўшандай суратларни ташлаганларни кинодаги ўша аёлга ўхшатаман. Ҳатто бир эркак фейсбук тармоғида “Афсуски, сумалак ковлаган аёлларнинг бири қўшним бўлади”, деб ёзди. Муқаддас динимизда қўшнининг ҳақи деган гап бор. Қўшнинг айби – сенинг айбинг. Қўлингдан келса, ёрдам бер, аҳл бўл, бўлмаса шармисор этма!

Ҳамиша хор бўлган, зор бўлган аёлларга раҳмим келади. У қиз бола бўлиб дунёга келганида қанча орзулар қилингандир, солиҳалардан бўлсин, деб тилаклар билдирилгандир. Бугун унинг масхара бўлиши менинг жонимни ўртади. У бир оиланинг бекаси бўлгиси келгандир, бир эркакнинг эркаси бўлгиси келгандир. Тақдир уни балчиққа отган экан. Чиқишига ёрдам берайлик, баттарроқ тубанликларга бормасин деб бирор таклиф айтайлик. Шу ўринда айтиб қўяй, фоҳишалар фаҳш эркаклар туфайли юзага чиқади. Фақат “Эркак қарқара, аёл масхара” бўлиб қолаверади. Бир пайтлар “Фаришта олов ичра” деган бадиий фильм бўларди. Ёмон кўрар эдим ўша кинони. Лекин энди ўйлаб кўрсам, жамиятда битта аёл хор-зор бўлишига эркакларнинг ҳиссаси бор экан. Асли адашган онадан туғилган қиз яна адашди. Қишлоқдошлар шивир-шивир гап қилишади, холос. Уни алдаганлар оппоқ. У шарманда, у хор-зор. Мана шунақа.

Аёлни Аллоҳ улуғлаган. Ҳаммамиз интиладиган жаннатни онанинг оёғи остида дейдилар. Унинг бир ёмон иши ҳаммани огоҳ қилмоғи керак. Томоша учун, баҳс учун мавзу бўлиши керакмас. Мутлақо шахсий фикрларим бу.

Манзура ШАМС

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: