“Мен ҳали тирикман!”

Урушдан беш ўғли қайтмаган яна бир оила ҳақида

Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабанинг 75 йиллигини кенг нишонлади. Бинобарин, ўша йиллари юртимизда уруш дахл қилмаган бирор хонадон, оила қолмаган. Фарзандига нон тишлатиб, уни бағрига қайта босолмаган ота-оналар, азиз ёрини кутиб, чироғини ўчирмаган аёллар, яқинларини йўқотган жигарбандлар, ота бағри тафтини ҳис этмаган фарзандлар, бувасиз ўсган неваралар… бу айтишгагина осон.

Улар орасида бир неча фарзанди фронтдан қайтмаган ­оилалар ҳам кўп. Машҳур Зулфия Зокирова каби беш фарзанди урушга кетиб, бири ҳам қайтмаган яна бир оила тошкентлик Иброҳимовлардир. Бу қаҳрамонлар номи Тошкент шаҳридаги 64-умумтаълим мактаби ҳудудида жойлашган ёдгорликка битилган: Анвар, Раҳим, Ҳаким, Ҳабиб, Ҳайдар.

Оила ҳақида 1995 йили чоп этилган Ўзбекистон Республикаси хотира мажмуа-китобининг 294-295-бетларидаги “Ака-ука Иброҳимовлар” мақоласини ўқиркансиз, уларнинг ўз уйига йўллаган хатларида жангчининг Ғалабага ишончини ҳис этасиз.  “…мен ҳали тирикман ва соғман”, деган сўзлар, аввало яқинларини хотиржам қилиш учун айтилган. Бинобарин, мактуб замирида аёвсиз жанглардан кейин ҳаёт эканидан шукроналик, урушни якунлаб, Ватанга қайтиш умиди ҳам ифодаланган эди. Минг афсус, улар қайтишмади…

Муаллифи кўрсатилмаган бу мақола эълон қилинганига ­
25 йил бўлди.
Ака-ука Иброҳимовларнинг яқинларини излаш бўйича олиб борилган ишлар ҳали натижа бермади. Ижтимоий тармоқлар орқали бу ҳақда эълон берилгандан кейин Р. Иброҳимов дафн этилган жой ҳамда унинг рафиқаси ҳақида қўшимча маълумот олинди. Бунда “Ташпоиск” гуруҳи ва молдовалик қидирув бўйича мутахассис Василий Сеньковский ёрдам берди.

Умуман, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Марказий архиви маълумотлари асосида 2 фарзанд Самарқандда туғилгани, оталарининг исми – Ҳусайн, оналари – Гулбону (Гульбану, Гулия) Галиевна эканлиги, оналарининг яшаш манзили ҳозирги Мирзо Улуғбек тумани Олой (ўша вақтда Куйбишев райони, Почтовая) кўчаси, 25-уй эканлиги аниқланди. Урушдан кейин бу кўчада янги кўп қаватли бинолар қурилган, кўрсатилган рақамли уй мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Журналистик суриштирув жараёнида  Иброҳимовларнинг фарзандлари ҳақида қуйидаги маълумотлар тўпланди:

Ибрагимов Анвар  — 1938 йили армияга чақирилган ва Чегара қўшинларида хизмат қилган. Уруш йиллари офицерлик курсини тамомлаган. 1946 йили катта лейтенант А. Ибрагимов чегарани қўриқлаётганда ҳалок бўлган. Анвар Ибрагимовга оид қўшимча маълумот аниқланмаганлиги учун отасининг исми қайд этилмади. Сабаби, фарзанд­ларнинг бирида отасига оид маълумот Хусеинович, бош­қаларида Хусаинович тарзида берилган;

Ибрагимов Рахим Хусаинович — 1909 йили туғилган, 1941 йилгача Москва мўйначилик фабрикасининг Бухоро қоракўлчилик заводида директор бўлиб ишлаган. “Ҳурмат белгиси” ордени соҳиби. Уйланган ва Термиздан кўнгилли бўлиб фронтга кетган. Қизил Байроқли 95-гвардиячи ўқчи дивизияси 290-гвардиячи ўқчи полки 3-ўқчи рота командири, гвардиячи лейтенант унвонига эга. 2-Украина фронтида жанг қилган Р.Ибрагимов 1944 йил 15 мартда Кировоград области Марьянополь қишлоғи атрофидаги жангда кўрсатган жасорати учун “Қизил Байроқ” ордени билан тақдирланган. Унинг охирги хатида 1944 йил ­7 апрель санаси қўйилган.

Молдованинг Шерпень қишлоғини озод қилишда ҳалок бўлган жангчилар рўйхатида  388-рақам билан “Ибрагимов Раим Хусанович”нинг вафот этган санаси 1944 йил 4 май, деб қайд этилган;

Ибрагимов Хаким Хусаинович — 1912 йил туғилган, 1935 йили армияга чақирилган. Ундан оила охирги хатни 1941 йил августда олган. Ҳужжатда ёзув билан 1944 йилнинг апрель ойида бедарак йўқолгани қайд этилган (ЦАМО РФ, Ф. 58, Оп. 977520, Д. 259, Л. 4);

Ибрагимов Хабиб Хусаинович — 1915 йил туғилган, 1939 йили армияга чақирилган, Совет — Фин уруши қатнашчиси, Беларусда жанг қилган. 1941 йил сентябрда бедарак йўқолганлиги сабабли унинг номига “қорахат” олинган (ЦАМО РФ, Ф. 58, Оп. 18004,  Д. 630, Л. 10);

Ибрагимов Хайдар Хусеинович — 1921 йил туғилган, 1944 йилнинг январида Украинани озод қилишда ҳалок бўлган. Катта сержант, снайпер Х. Ибрагимов ҳарбий хизматга Термиздан чақирилган (ЦАМО РФ, Ф. 33, Оп. 686044, Д. 3165, Л. 2).

Мазкур маълумотлар оиланинг ҳаёти Самарқанд, Бухоро, Термиз, Тошкент ва Москва шаҳарлари билан боғлиқ кечганидан дарак беради. Ака-ука Иброҳимовлар ҳақидаги маълумотларни тўлдириш, суратлар ва бошқа материаллар билан танишиш ҳамда бу борада алоҳида изланиш олиб бориш мақсадида қидирув давом эттирилмоқда.

Шу ҳақда маълумотга эга бўлган ватандошларимиздан, айни масала билан шуғулланаётган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ билан боғланиб, хайрли ишга ҳисса қўшишларини сўраймиз.

Ҳафтанинг душанба—жума кунлари соат 9.00 дан 18.00 гача 71-233-37-01, 71-233-37-11 телефон рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.

Электрон почта манзили: tmarkaz@academy.uz, engyangitarix@mail.ru

Мирзоҳид РАҲИМОВ,
тарих фанлари
доктори, профессор.

Козимхон Сагдуллаев,
санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: