“МЕНДИРМАН ЖАЛОЛИДДИН” телесериали – олдинга ташланган қадам. ДАДИЛ ҚАДАМ!

Кеча илк қисми тақдим этилган бу тарихий сериални катта қизиқиш билан мен ҳам томоша қилдим. Хўш, бу лойиҳа нега олдинга ташланган қадам, нимаси билан дадил қадам?

1. Катта кўламли тарихий лойиҳани ҲОМИЙлар маблағлари эвазига суратга олиниши олдинга ташланган ҚАДАМ. Бу каби лойиҳаларни Давлат молиялаштирмаса суратга олишни тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди. Тўғриси, бошқа мамлакатлар киноижодкорларига ҳавас билан қараб, катта-катта тарихий жанрдаги лойиҳаларни маҳаллий ҳомийлар, ватанпарвар тадбиркорлар молиялаштираётганини кўриб… Шундай бўлиши ҳам керак аслида. Кўксида ватанга меҳри, миллат ташвиши бор ҲОМИЙ ва ТАДБИРКОРларимиз томонга ДАДИЛ қадам ташлаб берди “МЕНДИРМАН”!

2. Тарих – бу фан, тарих бу ҳужжат, кино, сериал бу БАДИИЙ ИЖОД эканини ДАДИЛ айта олган лойиҳа ҳам “МЕНДИРМАН” бўлди. Сериалнинг илк қисми тугамай туриб, Жалолиддин Чингизхон билан кўришмаган, унинг олдига элчи бўлиб бормаган деган ҳайқириқлар тутиб кетди тармоқларни. Хайрият, ЖАЛОЛИДДИН эсимизда экан, у қаёққа бормагани, ким билан учрашмаганини билар эканмиз. Ҳужжатларда шундай, манбаларда шундай. Аммо ижодкор буларнинг барчасига ўзгача бир тасаввур, ижодий қараш билан ёндашадики, кўриб турганингиздек ЖАЛОЛИДДИН ЧИНГИЗни олдига боради. У билан бир дастурхонда овқатланади ҳам. Шоирлар ўз шеърларида “Кипригинг найза бўлиб, юрагимга санчилди” деб ёзишади. Ҳаётда киприк найза бўлиб, юракка санчилиши мумкинми? Йўқ! Ижодда эса ҲА! Тарихчиларимиз билан кўп суҳбатда бўламан, ҳамкорлик қиламан. “Мана «ШЕРЮРАК» фильмини қаранг, тарихий қаҳрамонларимиз ҳақида шундай фильмлар олишимиз керак”, дейишади кўпинча. Дарҳақиқат, “ШЕРЮРАК” яхши фильм. Унинг бош қаҳрамони УИЛЯМ УОЛЛАС ҳам тарихий шахс. Қизиққанлар УОЛЛАСнинг ҳаёти билан танишиб кўрсин, тармоқларда маълумот тўлиб ётибди. Танишиб кейин фильм билан солиштириб кўришсин. Қанчалик тарихий ҳақиқат билан мос экан? Фильм эркин, ижодий ёндашув билан ишланган. Натижада мана шу фильм орқали ШОТЛАНД халқи қалбимизда ҚУЛЛИКка ҳеч қачон кўнмайдиган КУЧЛИ миллат сифатида мангуга қолди. Тарихий фильмларни ишлашдан мақсад ҳам шу эмасми аслида?!

3. ЖАЛОЛИДДИН шахси бугун ТРЕНДда! Билган-билмаган, кўрган-кўрмаган ҳамма ЖАЛОЛИДДИН сериали, унинг воқеалари ҳақида баҳслашди ва баҳслашмоқда. Майда мавзулардан, майда шахслар ҳақидаги сунъий ХАЙПлардан ниҳоят қўл ювиб, тарихий қахрамонимиз ҳақида бахслаша бошладик. “Устоз, ўқиб чиқдим ҳозир, Жалолиддин ростдан ҳам Чингизхон билан учрашмаган экан”, дейди ҳали йигирмага ҳам кирмаган бир шогирдимиз. Умри ТИК-ТОКларга термулиб ўтиб бораётган бу ёш йигит бугун ЖАЛОЛИДДИН ҳақида ўқиб ўргана бошлади. Мана шу жиҳат ҳам биз учун олдинга ташланган ҚАДАМ!

P.S. Бош қаҳрамонни нега ЎЗБЕК актёри ўйнамади, деган саволни мен ҳам кутгандим. Чунки бу савол каминага ҳам бегона эмас. “ИСЛОМХЎЖА” фильми намойишидан кейин Хоразмлик мухлислар, “нега бош ролни Хоразмлик ўйнамади”, дейишганди. Бу – рашк. Миллат ўз қаҳрамонини рашк қилса, бу яхши-ку! “Мендирман” эса бу рашкни янада оловлантирди.

Жаҳонгир Аҳмедов,
кинорежиссёр

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: