Миллиардлар беҳуда сарфландими?

Ҳойнаҳой, эшитгандирсиз, яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус ва пневмония каби балои қазоларга қарши ўтказиладиган дезинфекциялаш чоралари самарасизлигини, дезинфекция туннелларида ишлатиладиган хлорли эритмаларнинг инсон организмига хавфли таъсири жуда кучли эканини оммага баён этди.

Ҳолбуки, Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков беш ой аввал республиканинг барча ҳудудларида дезинфекция тадбирларини ўтказиш учун давлат бюджетидан 1 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилганини айтган эди. Шундан кейин одамлар гавжум жойларга, давлат идоралари ва бошқа ташкилот-корхоналарнинг кириб-чиқиш йўлакларига туннеллар ўрнатилди. Дезинфекция ишлари амалга оширилди. Бунинг учун давлат бюджети ҳисобидан мўмайгина маблағ сарфланди.

Энди билсак, бу тадбирларнинг бари беҳуда экан. Оқибатда  дезинфекциялашлар натижасида миллиард-миллиард сўмлаб пуллар ҳавога соврилди. Бу — биринчидан. Иккинчидан, кўплаб кишиларда аллергик ринит, конъюнк­тивит, бронхит, ҳатто, оғир  касалликлар сирасига кирувчи бронхиал астма пайдо бўлди.

Агар хлорли эритма шу қадар зарарли бўлса, нега шифохоналарда ҳар куни ундан тозалаш ишларида фойдаланилмоқда? Ошхоналарда, хонадонларда идиш-товоқлар ювиш учун нега тақиқланмаяпти?..

Барчамиз кўриб-билиб турибмиз, пандемия даврида айрим оилаларнинг моддий-иқтисодий аҳволи танглашди. Ана шундай қалтис бир вазиятда дезинфекциялаш тадбирлари учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан 28 миллиард сўм сарфланибди. Аслида бу маблағлар эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга тарқатилганида уларнинг қанча муаммолари ҳал бўлмасмиди?..

Энг ажабланарлиси, дезинфекциялаш самарасиз эканлигини Соғлиқни сақлаш вазирлиги, наҳотки, беш ойдан сўнг билган бўлса?! Бунга ҳеч ишонгинг келмайди!

Нигора ЭРКИНОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: