Вазирлик ўзимиз билган маълумотни, яна ўзимизга қайтарди

Кейинги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим муассасалари ҳар томонлама ривожланиб, мазмунан ва сифат жиҳатидан такомиллашиб бормоқда. Мазкур таълим ташкилотлари болаларга таълим-тарбия берадиган, соғлом улғайишларига эътибор қаратадиган масканга айланмоқда.

Соҳадаги тизимли ислоҳотлар ва амалий имтиёзлар туфайли бугун нафақат давлат балки хусусий, давлат хусусий шериклик асосида ташкил этилган  оилавий боғчалар ҳам яхши ривожланаяпти. 

Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг соғлиғини сақлаш,  уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, мақбул ўқув юкламасини белгилаш,  соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириб бориш, соғлом овқатланишни тўғри ташкил этиш, умуман олганда тарбияланувчиларнинг кун давомида соғлиғини назорат қилиб бориш муҳим ҳисобланади.

Бу эса  у ердаги тиббий ходимлардан алоҳида масъулият талаб этади.  Бугунги кунда айрим ҳудудларга оилавий болалар боғчаларига ҳам малакали ҳамширалар  фаолият олиб бормоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлда “Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти бўйича рухсатнома бериш тартиби тўғрисида низомларни тасдиқлаш ҳақида” ги қарорига мувофиқ тартибга солиб келинмоқда. Яъни оилавий МТМ очган тадбиркор шартнома аниқроғи тўлов асосида хамшираларни оилавий боғчага жалб қилиши мумкин.

Афсуски, чекка ҳудудларда таълим ташкилотлари фаолиятини ўрганиш жараёнида, тадбиркорлар ва ота-оналар билан суҳбатлашганимизда оилавий МТМ очган тадбиркорда тўлов имконияти етарли бўлмаганлиги сабабли ҳамшираларни оилавий боғчаларга жалб қилинмаётганлиги, бу эса мазкур таълим муассасаларида даволаш-профилактика тадбирлари ўтказилиши, санитария-гигиена қоидаларига, овқатланиш режими ва сифатига риоя қилиниши тўлақонли амалга оширилмаётганлиги кўзга ташланмоқда. 

Шу сабабдан оилавий боғчалар учун давлат бюджетидан тиббиёт ходими учун тегишли тоифа бўйича қисқа муддатли ёки 9 соатлик гуруҳлар учун маълум бир масалан 0,50 штат бирлигида иш ҳақи тўлаш учун субсидиялар ажратиш бўйича амалий ёрдам сўраб 2020 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига депутат сўрови юборгандик. 

Сўровимизга вазирлик томонидан оилавий мактабгача таълим ташкилотларига  “Тиббий ҳамшира” штат бирлиги учун қўшимча штат бирлиги амалдаги норматив-хуқуқий ҳужжатларга асосан мақсадга мувофиқ эмаслиги, шунингдек оилавий боғчаларга фуқаролик хуқуқий шартномалар асосида “Тиббий ҳамшира” ва бошқа мутахассислар мустақил ёлланиши мумкинлиги маълум қилинган. 

Хуллас вазирлик ўзимиз билган маълумотни, яна ўзимизга қайтарди. Яъни амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра нима мувофиқ, нима мувофиқ эмаслиги ҳақида сўровда ҳам батафсил ёзилган эди. Сўров жўнатишдан мақсад бошқа эди. Яъни амалиётда кузатилаётган жараёнларни ҳисобга олган ҳолда бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш киритиш бўйича таклиф киритиш.

Бу ерда мавжуд ҳужжатга ўзгартириш киритиш орқали аҳоли ва болажонларимиз учун қулайликлар яратиш, қолаверса, катта умидлар билан мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган ҳудудларда оилавий боғча ташкил қилаётган, замонавий боғчаларга бориш имкониятига эга бўлаолмаётган фарзандларимизга тўғри тарбия беришга бел боғлаган тадбиркор юртдошларимизни қўллаб қувватлаш ҳақида гап кетаяпти, холос. Бундан бошқа ҳеч қандай манфаат кўзланмаган. Масала эртамиз эгалари, мамлакат келажаги бўлган баркамол авлодни вояга етказишга бориб тақалаётган экан қандай ҳужжат бўлмасин, унга ўзгартириш киритиш зарур деб ҳисоблаймиз. 

Мактабгача таълим соҳасида оз бўлсада тажрибага эга бўлган инсон сифатида шуни айтишим керакки, боғчаларидаги энг асосий вазифа биринчидан, болаларни соғлом овқатлантириш бўлса, иккинчиси уларга сифатли таълим -тарбия беришдир. 

Энди масалага таҳлилий нуқтаи назардан ёндашсак. Бугунги кунда оилавий боғчалар учун белгиланган талабларга мувофиқ қатнаб турган тарбияланувчиларнинг  70 фоизи давлат боғчаларига тўланадиган  миқдорида қолган 30 фоизи эркин ҳолатда ота-она бадал пули тўлайди.

Тошкент шаҳри, вилоят марказларида давлат боғчаларига 195 мингга яқин бадал пули тўланса, бир ойда тадбиркорни фойдаси ҳисобланган 5 млн. сўм атрофида бадал пули тўпланади. Ва шу маблағ ҳисобидан тадбиркор боғча учун ҳамшира ва бошқа қўшимча хизматларни шартнома асосида пулли ёллаш имкониятига эга бўлади. 

Лекин чекка ҳудудларда ҳам вазият шундайми, оилавий боғчалар ўз харажатларини ўзи қоплай олаяптими деган ҳақли савол туғилади?

Ҳозирда республикамизнинг 70 та туманида болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олишни ошириш мақсадида, ота-оналар тўлов имкониятидан келиб чиқиб, арзонлаштирилган бадал пули жорий қилинган.  Биргина Қашқадарё вилоятининг ўзида 8 та , Бухорода 5 та, Жиззахда 5 та, Навоийда 6 та, Самарқандда 5 та, Сирдарёда 4 та, Сурхондарёда 7 та,  Фарғонада 3 та, Хоразмда 13 та,  Қорақалпоғистон Республикасида 17 та туманларда боғча тўловлари арзонлаштирилган.

Айрим туманларда 50 минг атрофида давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун бадал пули тўланади. Бу албатта жуда қувонарли ва ижобий жараён. Шундай имконият яратилгач айнан шу ҳудуддаги болаларни боғчаларга қамраб олиш сезиларли ошди. Бундан мазкур ҳудуддаги ота-оналар ҳам болалар ҳам мамнун.

Лекин, танганинг ҳам икки томони бўлганидек, оилавий боғчага энг ками 7 та, кўпи билан 25 нафаргача болалар қамраб олинишини ҳисобга олсак, 70 фоиз болаларни давлат боғчаларига тўланадиган ота-она бадал пулида қамраб олган тадбиркор учун бир ярим миллион атрофида пул йиғилади. Бу албатта озиқ-овқат ҳамда 25 бола учун 1 штат бирлигида тарбиячи ва 1,25 штат бирлигидаги ёрдамчи тарбиячига ойлик маош учун тўланадиган субсидиядан ташқари, уйида боғча очган тадбиркорнинг фойдаси. 

Тадбиркор мана шу маблағга, қўшимча хизматлар мусиқа раҳбари, тил ўвитувчилари, ҳамшира ёллаши ундан ташқари коммунал тўловларнинг 50 фоиз тўловини амалга ошириши лозим. Ўз-ўзидан маълум бу маблағ билан тадбиркор юқоридаги ишларни ярмини ҳам қила олмайди. Бу эса боғчадаги тарбиянинг ранг-баранглиги, қизиқарлилигини пасайтиради. 

Чекка ҳудудларда аҳоли учун биринчи тиббий хизмат етарли таъминланишида муаммолар мавжудлигини ҳисобга оладиган бўлсак оилавий боғчаларда таълим олаётган болалар соғлиғини назорат қилиш бугунги кунда долзарб муаммолардан бўлиб қолмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйида таклифни билдирмоқчиман. Чекка тоғли ҳудудларда ота-она бадал пули арзон бўлган 70 та  туманларда ташкил этилган ва этилаётган оилавий боғчалар учун 0,50 штат бирлигида давлат томонидан ойлик маоши учун субсидия ажратиш ва боғчаларда тиббий хизмат ходими фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Тахминий ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак 1 штат бирлигидаги ҳамширани ойлиги 1 млн. 200 минг атрофида, битта оилавий боғча учун 0,50 штат бирлигида ишловчи ҳамшира учун 600 минг сўм маблағ сарфланади. Агар буни 12 ойга кўпайтирсак жами 6 млн. сўмга айланади. Юқорида қайд этилган 70 та тумандаги 3 минг 544 та оилавий боғча учун бир йилда унчалик катта миқдорда маблағ талаб этилмайди. Лекин шу орқали биринчидан боғча очган тадбиркорни битта муаммодан қутқарган бўламиз, иккинчидан оилавий боғчаларда ҳам тиббий тарбияни тўғри йўлга қўйилишига эришилади. Бу боғчаларда таълим олаётган 85 мингдан ортиқ  болаларимиз соғлиги ва тиббий хавфсизлигини таъминлаш деганидир. 

Масалани бошқа томонига ҳам эътибор қаратиш лозим. Бугунги кунда ҳамширалик йўналишини тугатган қанчадан-қанча хотин қизларимиз ишсиз ёки атиги бир, иккита тунги навбатчилик учун ишлашяпти. Шу орқали уларни ҳам бандлигини таъминлашга эришардик.

Хулоса қилиб айтганда, бутун дунё учун ҳали ҳам ташвиш туғдираётган коронавирус пандемияси барчамиз учун энг катта бойлик соғлиқ-саломатлик эканлигини яна бир бор исботлади. Шундай экан, фарзандаларимизни соғлигига жуда жиддий эътибор қаратишимиз, бу йўлда ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан қандай имконият талаб этилса, барчасини ишга солишимиз зарур. Зеро, болаларимиз қанчалик соғлом бўлса, ақли, билими ҳам шунчалик яхши ривожланади. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқат. 

Шахноза ХОЛМАХМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 
O’zLiDeP фракцияси аъзоси.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: