Муаммолар аниқ, сиз ечимини айтинг

Халқимизда бувисининг тарбиясини олган қиз, деган ибора бор. Шу гапнинг ўзиёқ ёшлар тарбиясида бува ва бувижонларимизнинг сабоқлари, ўгитлари катта аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Чиндан ҳам, зийраклик, ҳаё-ибо каби фазилатлар-у, бир неча ҳунарларни биз айнан улардан ўрганганмиз. Қайсики машҳур давлат арбоби, шоир ёки санъаткорнинг болалиги билан қизиқманг, унинг тарбияси, ўз йўлини топишида бува ёки бувисининг ўрни, ўгитлари, ҳатто айтиб берган биргина эртагу ривояти катта аҳамият касб этганини кўрасиз.

Президентимиз 2020 йил 25 декабрда ёшлар вакиллари билан учрашувда “хонадонларимиздаги тинчлик-тотувлик, аввало, оиладаги соғлом муҳитга, мус­тақил ҳаёт остонасида турган қизларимизни оилавий турмушга тайёрлаш билан бевосита боғлиқ” экани ва бугун жамиятимизда ёш оилалар ўртасида ажралиш­лар сони ортаётганини таъкидлаб, бу оғриқли масалада кўпни кўрган мўътабар нуронийларимиз, оқила ва меҳрибон оналаримиздан кўмак сўради.

Бунга жавобан “Нуроний” жамғармаси фаолларининг халқимизга Мурожаати ва нуроний отахонлар,  онахонлар ва фаол хотин-қизларнинг “Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва инсон ҳаётида оиланинг ўрнини янада ошириш” юзасидан Ўзбекистон ёшларига Мурожаати қабул қилинди. Ҳар иккала Мурожаат “Nuroniy” газетасида эълон қилинди. Бу яхши, аммо шу Мурожаатларни  мамлакатимиз бўйича қанча одам ўқиди?

“Nuroniy” газетасининг адади  бор-йўғи 3756 нусха бўлса? Бу мамлакатимиздаги маҳаллалар сонидан уч баробар кам. Демак, қолган маҳаллаларда, ҳаттоки, Мурожаатларнинг матни билан ҳам танишиш имкони бўлмаган. Шундай экан, ҳар бир маҳаллада ҳеч бўлмаганда бир дона “Nuroniy” газетасини етказиш имконини таъминлаш мумкин эмасми?

Ахир, Президентимиз “Nuroniy” жамғармасига жорий йилда 100 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилишини ва бу маблағлар нуронийларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга сарфланишини қайд этган эди. Қолаверса, интернетдан ахборот олишга қийналадиган кекса авлод вакиллари газета ўқишни истайди. Аммо уларнинг пенсиялари ўз эҳтиёжларидан кўпинча ортмайди. Шундай экан, “Nuroniy” жамғармаси республика Бошқаруви, ҳокимликлар ва вазирликлар уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кекса ёшдагиларнинг ягона нашри – “Nuroniy” газетасига обуна қилиб беришса, йил давомида ҳар ҳафта гўё улар ҳолидан хабар олгани сингари  кўнглини шод этган бўларди.

Ажабланарли томони, Мурожаат­лардан мақсад нима эди? Муаммоларни ҳам ҳал этишмиди ёки Юрт­бошимизнинг чақириғига шунчаки жавоб қайтаришми? Яна бир муҳим жиҳат. Шу каби Мурожаатлардан кейин ўзи нима ўзгаради? Мурожаатда отахон ва онахонлар ҳафтанинг шанба кунини “Аҳил оила куни” деб эълон қилган ҳолда, ёшларга йўл кўрсатиш, маслаҳатлар беришга тайёр эканлигини маълум қилишган. Бу ташаб­бусларни амалда қўллаш учун эса бирон-бир режа ёки йўл харитаси ишлаб чиқилмаган. “Аҳил оила куни” дейиш билангина иш битмаслигини наҳотки фаоллар тушуниб етишмаса?

Ҳар икки Мурожаатда ҳам оила муқаддаслиги, уни умрбод асраб яшаш кераклиги уқтирилган. Жумладан, “Бундан йигирма, ўттиз йил илгари эр-хотин ажралишини одамлар фожиа, мусибат деб қабул қилишган. Бугунги кунга келиб эса ажралиш, болаларнинг тирик етим бўлиб қолиши оддий ҳолатга айланиб бормоқда. Бу ачинарли ҳолдир”, дея таъкидланган. Чиндан ҳам, сўнгги йилларда ёшлар ўртасида ажрашишлар сони ортмоқда. Аммо бу ҳолга ачиниш билан иш битмайди, кўрсаткичлар камаймайди. Аниқ режа, таклиф ва механизмларни ишлаб чиқиш фурсати аллақачон етди. Эътибор берган бўлсангиз, Юртбошимиз қайси ҳудудга ташриф буюрмасин, у ердаги муаммоларни кўндаланг қў­йиб, аниқ таклиф ва топшириқларни айтади. Мисол учун, яқинда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига ташрифи чоғида маҳалла, туман ва шаҳарларни криминоген вазиятдан келиб чиқиб, уч тоифага, яъни “қизил”, “сариқ”, “яшил”га бўлишни илгари сурди ва вазият оғир ҳудудларда ишни самарали ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди. Демак, фақат Мурожаатлар эмас, таклиф ва ечим ҳам тавсия этилиши муҳим.

Ҳозир ёшларни ишонтириш осон эмас. Шунинг учун ҳам аниқ ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш, керак бўлса, “Суюнчи” фильмидаги Анзират буви каби дадиллик ва ташаббускорлик зарур. Шу кунгача қарийб уч мингга яқин нуронийлар “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Хўш, бугун ўша нишондор фахрийлар жамият ҳаётида нечоғли ташаббускор бўляпти ёки қандай из қолдираяпти? Қандай амалий натижалар кўрсат­япти? Назаримизда, уларнинг аксарияти нишонларни кўксида ялтиратиб тақиб юрибди, холос. Негаки, биронта ҳам амалий натижалар кўринмаяпти. Савол туғилади: нега? Демак, улар орасида бу кўкрак нишонга муносиб бўлмаганлар ёхуд нишонни қўлга киритгандан ке­йин фаолликни унутиб қўйганлар бор. Шу сабабдан оилавий ажримлар сони ҳам ортиб боряпти.

Бизга шунчаки “Меҳнат фахрийлари” эмас, ҳар бир гапини ўтказа оладиган, таъбир жоиз бўлса, маҳалланинг виждони бўла оладиган Анзират буви-ю Холмат оталар керак.

Хуллас, гапнинг индаллоси, пишиқ-­пухта, аниқ режа ва чора-тадбир асосида маҳалла ва оилалардаги муаммоларга ечим топиш лозим. Демак, нуронийларимиздан фидойилик, та­шаббускорлик талаб этилади. Ахир, айтадилар-ку, қуруқ қошиқ оғиз йиртар, деб.

Санъат МАҲМУДОВА,
“Меҳнат шуҳрати” ордени
ва “Олтин қалам” Миллий мукофоти соҳибаси

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: