Талабалигидаёқ Шароф Рашидов эътиборига тушган Муножот Йўлчиева

Замондошимиз ким?

Ўзбекистон халқ артисти, “Буюк хизматлари учун” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳибаси. Мумтоз ашулаларнинг бетакрор ижрочиси. Халқаро “BBC Radio 3 for World Music Awards” мукофотини қўлга киритган. Бугун унинг туғилган куни.

Замондошнинг ҳаёт йўли?

Муножот Йўлчиева 1960 йил 26 ноябрда Андижон вилоятида туғилган. Унинг онаси Муборакхон ва отаси Абдували ўз қизларига исм қўйишда адашишмаган эди. (Муножот – “ибодат қилиш” билан бирга классик мусиқа маъносини англатади). Қўшиқчининг отаси ва акаси дастлаб бу ижодий йўлни танлашига қарши бўлишган. Фақатгина профессионал қўшиқчи ва мусиқачи бўлган тоғаси унинг қарорини қўллаб-қувватлаган.

Муножот 1978 йили Тошкент Давлат консерваториясига ўқишга кириб, профессор Шавкат Мирзаевдан сабоқ олган. 2-курсда ўқиётганида ўқишни Москвада давом эттиришни таклиф қилишганида у бу таклифни қабул қилмаган. Бир сафар Алишер Навоий туғилган куни муносабати билан Марказий телевидениеда эфирга узатиладиган концерт дастури режалаштирилганида эса консерваториядан 10-12 та талаба орасида Муножотни ҳам танлашган. Мазкур концертдаги чиқиши билан  Шароф Рашидовнинг эътиборига тушган талаба қиз телерадиокомпания қошидаги мақомчилар ансамблига қабул қилинган.

Концертлардан бирида ётоқхонадаги шароит туфайли бетоб бўлиб, қатнаша олмагани сабабли унга ҳатто ҳукумат томонидан пойтахтнинг қоқ марказидан икки хонали уй беришган. Кейинчалик мазкур уйни кенгайтиришни ният қилганида отаси унга давлат томонидан берилган биринчи совғани асрашни маслаҳат қилган.

Муножот Йўлчиева 1980 йилда профессионал қўшиқчи сифатида фаолиятини бошлаган. Унинг ижодий тақдирида катта роль ўйнаган Францияга – Париж театри Де Ла Виллега гастроли кейинчалик Европа саҳнасига чиқишига кенг йўл очган. Италия, Голландия, Бельгия ва бошқа мамлакатлардаги нуфузли халқаро фестивалларда иштирок этиш имконини берган. Қўшиқчи дунёдаги барча нуфузли концерт залларида ўз маҳоратини намоён этган.

Айни вақтда Муножот Йўлчиева Ўзбекистон давлат консерваториясининг анъанавий қўшиқчилик кафедраси мудири. Унинг ижодига бағишланган бир неча фильмлар суратга олинган.

Муножот Йўлчиеванинг икки нафар фарзанди бор.

Замондош фикрати

1984 йилда биринчи марта Иорданияга бордик. Мен Муножот, Тановор қўшиқларини ижро эта бошладим. Лекин ижро жараёнида тингловчиларнинг бундан ҳам каттароқ, жиддийроқ нарсаларга тайёрлигини тушундим. Кейин белгиланган дастурни четга суриб, мақомларни ижро этдим. Сиз у ерда нималар бошланганини тасаввур ҳам қила олмайсиз! Улкан спорт мажмуасида концерт бераётганимиз учун томошабинлар жуда кўп эди, улар чапак чала бошладилар, кейин оёқларини дупирлатиб, ҳуштак чалишди… биз эса ҳайратдан қотиб қолгандик. Дастлаб залнинг бу реакциясини ижронинг муваффақиятсизликка учраганини билдирувчи ва ёмон хулқ-атвор, деб ўйладик. Кейин билсак бу уларнинг завқ-шавқни ўзига хос намоён этиши – урф-одати экан.

Мен ҳар қандай қўшиқ санъатида, айниқса, мақомда, уни тингловчига тўлиқ етказиш имконини берадиган учта таркибий қисм – тўғри диапазондаги овоз, сўзлар ва албатта, мусиқа бўлиши керак. Ансамбль одатда ритмни белгилаб берувчи доира, рубоб, ғижжак ва дуторни ўз ичига олади. Ҳаммаси рисоладагидек жойига қўйилган бўлса, дунёнинг исталган мамлакатида тингловчи таржимага муҳтож бўлмайди – руҳнинг ўзи асарни қабул қилади. Бундай ҳолда, ижрочининг томошабин билан мулоқоти юракдан юракка қабилида кечади.  

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: