Мурод Ражабов ўзбек телеканалларини жиддий танқид қилди

Таниқли актёр Мурод Ражабов ўзбек телеканалларини жиддий танқид қилди. Актёрнинг айтишича, охирги пайтларда телевидениеда «кўринмаётганига» сабаб, кўрсатувларнинг сифати уни қониқтирмаётганида. Унга бирорта канал ҳам, кўрсатув савияси ҳам маъқул келмаётган экан. Яқинда Мурод Ражабовга «Ёшлар» телеканалидан интервью бериш таклифи билдирилганда, актёр қуйидагича жавоб берган ва таклифни рад этган: «Қайси канал? Ёшлар канали? Шунақа канал ҳам борми? Ҳа, киноларни таржима қиладиган каналми?»

«Агар эфир вақтини 24 соат деб оладиган бўлсак, унинг деярли 20 соати «қаланғи-қасанғи» таржима қилинган фильмлар билан тўлдирилган», – дейди М.Ражабов фикрини давом эттириб. – Ҳозир одамлар замон билан ҳамнафас, 40 йил олдинги фильмларни эмас, янги киноларни кўришяпти, Россия каналларини кўришяпти. Ўзбек телеканаллари қачонгача томошабинларни бундай алдашади, – дейди актёр.

Бундан ташқари, актёрни ўзбек телевидениесининг «осмондан тушгани» ранжитар экан. Масалан, каналларда тинмай коронавирус ҳақида, аломатлари сезилганда дарҳол доктор ҳузурига бориш лозимлиги ҳақида гапирилади. Лекин реал ҳаётда кўпинча шифохона касалларни қабул қилмайди. Буни эса телевидение билиб туриб, билмаганга олишини жаҳли чиқиб айтиб берди.

Телеканалларда ишлаётган журналистлар маҳоратини танқид қиларкан, қуйидаги асосларни келтириб ўтган. Интервьюга чақирган журналист, суҳбат бошлангандан кейин «Сизга нима савол берсам экан» деб ўйланиб қолгани, яна бир интервьюда 20 йил театрда фаолият олиб борган, театрда шаклланган актёр Мурод Ражабовга «Ҳеч театрда ўзингизни синаб кўрмаганмисиз?» деб савол берилгани ҳақида куюниб айтган.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: