Нега халқаро танловлардан муваффақиятли ўтиб, ўзимизга келганда вилоят босқичидан ҳам ўта олмаймиз?

Эҳтимол, бу мурожаатдан сўнг камина “фаол” ёшлар сафидан чиқарилиб қандайдир бошқа рўйхатларга тушарман. Аммо бугун ҳаётимда содир бўлган бир ҳолатни сиз билан бўлишгим келди.

Шу десангиз, камина, тўрт йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 ноябрдаги ПҚ–3402-сонли қарорига мувофиқ таъсис этилган “Мард ўғлон” Давлат мукофотига  уч йил адабиёт йўналишида, жорий йилда тўртинчи маротаба эса маданият-журналистика соҳасида ҳужжат топшириб келаман. Ҳар йили камтарона ютуқларим туфайли танловнинг Наманган вилоят босқичидан ўтиб, Республика босқичига йўлланма олар эдим. Аммо ушбу мукофот менга насиб этганича йўқ.

Бу йил эса ажойиб бир ҳолатга дуч келдим. Яъни вилоят босқичидан ҳам ўта олмадим. Шунча йил Республика босқичига йўлланмани қўлга киритганим учун бу йилги ушбу ҳолат мени ажаблантирди. Бунинг сабаби нима? Бунга аниқлик киритиш учун Ёшлар ишлари агентлигининг кадрлар бўйича вакили Мурод ака билан боғландим. Вакил асосли сабабларни кўрсата олмади, “келинг, гаплашамиз, хулосаларни кўрсатамиз”, дея олди холос.

Энг қизиғи, журналистика бўйича топширилган ҳужжатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон  Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилояти бўлимидан бирорта ҳам вакил қатнашмай, ишлар фақат вилоят маданият бошқармаси мутахассислари томонидан баҳоланибди.

Шу ўринда ютуқларим ҳақида айтиб ўтсам. Камина Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг 3 босқич талабаси, шунингдек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси, Чилонзор туманидаги 179-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчисиман.  Бугунги кунгача 300 га яқин публицистик мақола  ва бадиий ҳикояларим вилоят, республика газеталарида ёритилган. Ўнга яқин илмий-тақризий, тезисли мақолаларим халқаро журнал, конференция-монография тўпламларида ҳам босилган. Ҳиндистонда чоп этилган ҳикоялар тўпламим мазкур давлатнинг адабиёт йўналишидаги “SAHITYA SHREE” номидаги нуфузли адабий мукофот ва унинг маҳсус сертификатига лойиқ кўрилган. Қозоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган “Жаҳон истеъдодлари” уюшмаси аъзолигига қабул қилинганман. Жорий йилда эса Қозоғистон Республикасида ўтказилган “Энг яхши ёш олим – 2021” халқаро танловининг журналистика йўналиши бўйича биринчи ўрин (олтин медаль) соҳиби бўлдим.

Энди нега бу бола шу мукофотни олишга бунча интилаётган экан, дегувчиларга бунинг сабабини ҳам изоҳлаб бермоқчиман. Отам деҳқон, онам оддий уй бекаси. Университетга олти йил деганда ўз билим ва ҳаракатим билан кирганман. Юқоридаги ютуқларга ҳам осонликча эришмаганим йўқ. Очиқ айтаман, агар шу мукофотга сазовор бўлсам, магистратурада имтиёзли ўқийман, дея умид қилган эдим. Қўллари кетмонда қотиб кетган отамни яна икки йил боламнинг контракти бор, деган ҳадикда яшашини истамагандим. Насиб этса, магистратура босқичига ҳам ўз билими билан кираман. Шартнома асосида ўқишга кирсам ҳам ўқиб, ҳам ишлаб тўловларни тўлашни ўзим уддалайман.

Балки кимдир мени “ёзғувчи”га чиқарар. Нима бўлганда ҳам энди мукофот деганига ҳужжат топширмайман. Аммо мени бир нарса ўйлантиради: нега халқаро танловларда эътироф этилган ютуқларимиз ўзимизнинг танловларда лоақал вилоят босқичида муносиб баҳоланмади?

                                                                           Ҳурмат билан, Ислом Асилбеков!

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: