Муса Ерниязов ҳаёти қандай кечган эди?

Муса Ерниязов ҳақида қисқача

Муса Ерниязов — 18 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига раислик қилган давлат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони. Кеча, Қурбон ҳайитининг биринчи куни, 31 июль санасида коронавирус инфекциясидан вафот этди.

Муса Ерниязовнинг ҳаёти қандай кечган эди?

Муса Ерниязов 1947 йил 20 декабрда Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, 1971 йилда Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш муҳандислари институтини, 1986 йили Тошкент Олий партия мактабини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини қурилиш муҳандиси вазифасидан бошлаб, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар кенгашида катта референт, бошқарма бошлиғи, ишлар бошқарувчиси бўлиб ишлаган. 1983-89 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хўжалиги вазири, вазирлар кенгаши раисининг ўринбосари, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси раиси, Чимбой тумани ҳокими лавозимларида самарали меҳнат қилган.

2002 йилдан ҳозирга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесе раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. Қарийб 50 йиллик фаолияти давомида ўзининг улкан раҳбарлик салоҳияти, бой билим ва тажрибаси, ватанимизга садоқати билан халқимизнинг қалбидан жой олган.

Муса Ерниязов Қорақалпоғистоннинг чин фарзанди, ҳақиқий қаҳрамони. Сабаби у бу юртнинг ҳар қаричини, одамларнинг муаммоларини-ю, уларни ечиш йўлларини яхши биларди. Шу боис ҳукумат олдига масалаларни дадил қўя оларди.

Шавкат Мирзиёев вилоят ва туманлар ўз бюджетини ҳал қилиши учун уларга мустақиллик бериш ҳақида гапирганида, Муса Ерниязовнинг фаолиятини намуна қилиб кўрсатган эди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси маҳаллий бюджетдан мактабларни молиялаш учун энг кўп қўшимча маблағ ажратгани учун “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан ҳам тақдирланган. 

Қорақалпоғистон элининг фидойи отаси шунингдек, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи”, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” унвон ва орденлари соҳибидир. Турмуш ўртоғи Амангуль Жаббарбергеновна, уч нафар фарзанди бор.

Муса Ерниязов 24 июнь куни коронавирусга чалинган эди, аммо бу 24 кун сир сақланиб, 18 июл куни унинг коронавирусдан даволанаётгани оммага эълон қилинган эди. 31 июл куни эса у вафот этди.

Бугун, 1 агуст куни Муса Тажетдинович Ерниязов охирги манзилга кузатилди. Марҳум Нукус шаҳридаги «Шорша баба» қабристонига дафн этилди.

Муса Ерниязов ҳақида фикрлар

Бугун Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев таъзия маросимида иштирок этиб, Муса Ерниязов ҳақида сўзлади: «Раҳматли Муса оға элни яхши кўрган, ҳалол, пок, ор-номусли инсон эди. У кишига жуда ишонардим, Қорақалпоғистондан кўнглим тўқ эди. Тили, дини, тақдири, ташвишлари бир бўлган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг оғзибирчилигини қадрларди. Қорақалпоғистонни ривожлантириш, одамларнинг бирини икки қилиш бўйича кўп ишларни бошлаган эдик. Энди бу ишларни, режаларимизни дўстлари билан бирга албатта давом эттирамиз».

«Аллоҳ таоло Муса оғани мана шундай муборак Қурбон ҳайити ва жума кунларида ўз раҳматига олганида ҳам бир хислат борлигидан далолат, дейиш мумкин. Барчамиз учун қадрли бу инсон ҳаётда ўзидан яхши ном, яхши из ва хотиралар қолдирди. «Юрт учун фидо бўлиш – ўлим эмас, аслида қайта туғилиш», дейди донолар. Муса Ерниязовнинг номи ва ёрқин хотираси ҳам бугун қайта туғилмоқда, тарих саҳифаларига абадий муҳрланмоқда».

Алишер Садуллаев, Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор: «Муса ака жуда мулоҳазали ва донишманд инсон эди. Ёшлар учун жуда кўп фойдали ишларни қилган эдилар. Умри давомида Ўзбек ва Қорақалпоқ халқи учун кўп меҳнат қилди. Яқиндагина қўнғироқ қилиб гаплашганларим, менга берган маслаҳатлари, Қорақалпоқ ёшлари учун биргаликда режа қилган ишларимиз кўз олдимдан ўтяпти. Муса ака, сизни Аллоҳ ўз раҳматига олсин».

Алишер Қодиров, «Миллий тикланиш» демократик партияси лидери: «Очиқ ва тоза қалб эгаси эди Муса оға. Охиратлари обод бўлсин. Ҳаммамиз Аллоҳданмиз ва албатта унга қайтамиз».

Журналист Хуршид Далиев: «Муса ака юрт отаси эди. Қонун бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Муса ака Қорақалпоғистонни Раҳбари ва энг юқори лавозимли шахси эди».

Муса Ерниязовни одамлар каттиқ ҳурмат қилишар ва яхши кўришар эди. Шубҳасиз, у қалбимизда мангу қолади.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: