Муваффақият рақибнинг мағлубиятидами?

Ишимизда муваффақиятга эришиш ҳақида деярли ҳар куни ҳар биримиз бош қотирамиз. Ҳатто, эртаклардаги каби олтин балиқ, сеҳрли чироқ ёхуд Хизр бувага дуч келсаг-у, барча орзуларимиз амалга ошса, қани эди?

Аммо, машҳурлар-у, доноларнинг муваффақиятга эришиш сири аслида жуда ғайриоддий эмаслиги ҳақидаги фикрларини кўп эшитгансиз. Эътиборингизга ҳавола қилмоқчи бўлганимиз қуйидаги ажойиб воқеа эса барчамизга бизнинг муваффақиятимиз бошқаларнинг мағлубиятида эмаслигини уқтиради…

Маҳатҳир Муҳаммад воқеаси

1974 йилда Маҳатҳир Муҳаммад (Малайзиянинг 1981–2003 йиллардаги  бош вазири) мактаб битирувчиларининг битирув кечасида фахрли меҳмон сифатида иштирок этиб маъруза қилади. Маърузасининг охирида эса қуйидагиларни таъкидлайди:

– Биламан, бу кеча талабаларнинг битирув кечаси. Аммо мен устозлар ўртасида ўйин ўтказмоқчиман. Ғолибга мукофот бор.

Йиғилганлар ҳайрат билан воқеани кузатиб туришар экан, меҳмон устозларга ҳар хил рангдаги шарларни тарқата туриб дейди:

– Ҳар-бир устоз шарни пуфлаб шиширади. Сўнг уни оёғига боғлайди. Шарни ёрмасдан муҳофаза қилган устозга мукофот берамиз. Сизда бир дақиқа вақт бор. Қани, бошладик!

Устозлар бирдан ўринларидан туриб бир-бирларига ҳужум қилишга ўтиб кетишди. Улардан ҳар бири бошқасининг шарини ёришга,  ўзининг шарини асрашга ҳаракат қилар эди. Аммо натижа бошқача бўлди. Бирорта шар бутун қолмади. Ҳамма бир-бирининг шарини ёриб ташлади. Ҳеч ким ғолиб бўла олмади. Шунда Маҳатҳир Муҳаммад шундай деди:

– Мен сиздан бир-бирингизнинг шарингизни ёришни сўрамаган эдим. Аксинча, ҳар ким ўзининг шарини муҳофаза қилиши керак эди, холос. Агар сизлар бошқаларга нисбатан салбий қарорга келмай, жойингизда қимирламай турганингизда эди, барчангиз ғолиб бўлар эдингиз. Аммо барчада салбий фикр устунлик қилди. Сизлар ўз муваффақиятингизни бошқалар мағлубиятида кўрдингиз. Ваҳоланки, ғалаба барчангизда мавжуд эди!

Чиндан ҳам, баъзилар муваффақиятга эришиш учун бошқаларни вайрон қилишга ҳаракат қилишади. Афсуски, бу фақатгина ўйин хусусияти эмас, кўпчиликда ақлнинг ҳаётдаги хусусияти ҳам шундан иборат.

Юқорида таъкидлаганидек, бу мавзуда фикрлар талайгина. Бошқаларнинг эшкагини синдиришинг сенинг қайиғинг суръатини оширмайди. Гул бошқа гул билан жанг қилишни ўйламайди. У фақат очилади, холос.

Чўққида ҳаммага жой бор

Аслида, ота-боболаримиз ҳам кўнгли пок, нияти эзгу инсонгина ўз мақсадига эришиши мумкинлигини уқтиришган. Сиз ҳам муваффақият сари одимлаётган экансиз, атрофингиздагиларга фақат ҳавас билан боқинг, ҳалол меҳнат ва билим билангина муваффақият зинапояларидан чиққан одам маррага етиб омад қучгай!

Ғирромлик билан эришилган маррадан эса кишининг қулаб тушиши осон. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бежизга, “Сизлардан ҳар бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани токи биродарига ҳам яхши кўрмагунча мўъмин бўла олмайди”, деганлари бежиз эмас. Биз эса Сизга фақат омад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз!

Фикр билдириш