Наргиза АСАДОВА, журналист: Кемалар қабристони ёки томчилаб йиғлаётган жўмрак…

Қизалоқ тўплаган чиқиндиларини онасига кўрсатиб: «Қаерга ташлай?» – деб сўради. Аёл эса бепарволик билан: “Ана, ариққа супуриб юборавер”, – деди…

Тушларимга ҳаммадан кўра кўп сув киради. Сувки, шовуллаган, бетиним, бетизгин тўлқинлар. Мовийранг тўлқинларнинг шовуллашини, пастлаб учаётган чағалайларнинг ёқимли сасларини ўнгимдагидек тинглайман унда…

Қирғоғидан узоқлашган тўлқинлар

Сўнгги пайтларда Орол денгизи ҳақида кўп ўйлайдиган бўлиб қолдим. Бу қандайдир ичикишга, ўкинишга хос бир туйғуки, айтмасам бўлмайдиган, ёзмасам қўймайдиган нарса.

Бундан анча йил олдин бир машҳур рассом ижодхонасида Орол денгизи манзараларини кўргандим. Саҳрои Кабирдек ястаниб ётган қумликлар аро яккам-дуккам кема шарпаларининг совуқ сукунати ҳали ҳамон кўз ўнгимда туради. Шафақ рангли бу суратларда рассомнинг илинж ва умидга йўғрилган илтижолари бордек эди гўё.

Денгизнинг фожеаси ҳақида хўп гапирилди. Бугун тан олиб айтамизки, бу катта авлоднинг бизга қолдирган энг мудхиш хатоси. Сиёсий манфаатлари хакалак отган мустабид тузумнинг қолдирган энг оғир жароҳати.

1910 йилларда ўртача 300 та оролчалардан ташкил топган Орол денгизи сатҳи 68 минг кв.метр бўлганлигини бугун фақат тарихий маълумотлардангина биламиз. Чуқурлиги 67 метрни ташкил қилган денгиз Амударё ва Сирдарёдан суғориш ишларининг кучайиши, суғориш каналлари ва насослар кўпайтганлиги натижасида 1981 йилларга келиб том маънода кемалар қабристонига айланди. 1960 йилда суғориладиган ер майдонлари 4,5 млн.га етган бўлса, сувга бўлган эҳтиёж 60 км.куб.га, 1991 йилга келиб, эса суғориладиган ерлар ҳам, ичимлик сувига бўлган эҳтиёж ҳам икки бараварга ошди. Бу нафақат нохуш манзарани, балки ҳудуддаги 30 га яқин умуртқали ҳайвонлар ва 300 дан ортиқ қуш турларининг йўқолишига, ҳудуд экомувозанатининг бузилишига олиб келди.

Айни пайтда қуриган денгиздан 100 миллион тонна чанг кўтарилаётган бўлса, бунинг салбий оқибатлари нафақат унинг атрофига, балки бошқа шаҳарларга тарқлмоқда, бутун инсониятга катта талофот етказмоқда…
Бугун Орол денгизи экологиясини асраш борасида юртимизда ўрмонлаштириш ишлари олиб борилаяпти. Минглаб кўнгилли инсонлар томонидан миллионлаб туп саксовул кўчатлари ўтказилмоқда. Буларнинг бари умид, умид ва яна умид беради…

Увол ҳақида…

Бувимнинг болалигимда айтмиш насиҳатларини кўп эслайман. Таътил онларимга ошуфта ўша кунларнинг соғинчи билан қулоғим остида сирғадек қолиб кетган гаплари жуда қадрли. Ҳаёти қийинчиликлар ичида кечиб, ҳалол меҳнат ва иймони бутунлик билан яшаган бувимнинг биз набираларга энг кўп такрорлайдиган гапи: “Увол қилма болам” дегани эди. “Нонни чимчиламасдан, бўлаклаб егин”, “Таоминг идишда қолмасин”, “Дастурхонни ўтганлар руҳига атаб, кейин қоқ” сингари сўзлари ичида “Сувни увол қилма, идишдаги сувнинг оғзини ёпиб юр”, “Сувга қараб супурма”, “Ёмғирнинг сувини олиб қўй”, каби пандлари мўл эди. Бугун ҳаётимда ана шу фикрларнинг катта ўрин тутишини, ҳар нафасимда, табиатга муносабатимда, рўзғор тутимимда асқатаётганлигини ҳис этаман.

Кўп қаватли уйнинг иккинчи қавати. Бу қаватдан пастдагиларни нафақат кўриш, ҳатто бемалол гаплашиш ҳам мумкин. 4-5 ёшли қизалоқ бўйидан катта супургини олиб ўзича кўп қаватли уй ҳовлисини супураяпти. Қилар ишидан мамнун, бошқалар ҳам кўряптими, дегандек атрофга аланглаб ҳам қўяди. Ҳар куни шу йўлакдан ўтиб-қайтувчилар жажжи “озодахонга” кулимсираб ўтишади. Қизалоқ бир кун супир-сидирни тамомлаб, қўшниларга гап бераётган ойисининг ёнига борди, тўплаган чиқиндиларини кўрсатиб «қаерга ташлай» деб сўради. Аёл эса бепарволик билан, “Ана, ариққа супуриб юборавер” деди суви тиниқиб оқаётган ариқни кўрсатиб…

Қизалоқ бир муддат жим турди-да, кейин ойиси айтган ишни қилди. Иккинчи қаватдан аёлга танбеҳ берганим, унинг менга қайтарган гаплари эса иккинчи масала. Муаммо шундаки, шундай атроф-муҳитга нисбатан бепарволик синдромининг юқумлилиги, унинг авлоддан-авлодга тақлид оқибатида ўтиб келиши. Бувиларимиз бот-бот такрорлаётган биргина увол тушунчасининг ўзида она табиатга бўлган чексиз меҳр, эътибор ва ғамхўрлик борлигини, лекин таассуфки, у бугун кундалик ҳаётимизда тилга олинмаётганлигини, бунинг кўргиликларини эса ҳар соатда кўриб, ҳис этиб турганлигимизни ўйлайман.

Юртимизнинг кўпгина минтақаларида аҳоли ичимлик сувини мисқоллаб сотиб олаётган, тежаётган бир пайтда хонадонида куну-тун суви чаккиллаб томчилаётган жўмрагини созлаб қўйишга ҳафсала қилмаётганлар, ёз кунлари ҳовлисини ичимлик суви билан салқинлатиб ором олаётганлар, афсуски, бор. Бундайлар қирғоқларидан йироқлашиб кетган Оролни, тишлари тўкилиб бораётган камқон келинчакларни, туғилганидан эндокрин ва бошқа касалликлар билан рўйхатга олинаётган гўдакларни ўйлашмайди, сувга навбатда турган одамларнинг, болаларнинг дардини, муаммосини ҳис қилишмайди…

Аммо бир таскин бор. Бу қалби тоза, беғубор болалар қалбида кичиклигидан атроф-муҳитга меҳр-муҳаббат уйғотиш. Уларни она табиатга садоқатли ва ғамхўр қилиб тарбиялаш, она табиатнинг ҳар бир неъмати биз учун омонат эканлигини илмий, диний, аҳлоқий тушунчалар, ҳаётий мисоллар, экскурсиялар орқали тушунтиришдир. Бундай болалар катта бўлганда, албатта, табиатнинг, экологик муаммоли ҳудудда яшаётган инсонларнинг ноласини ҳис қиладиган одам бўлиб вояга етиши шубҳасиз.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: