Концертларига ота-онаси фақат бир марта ташриф буюрган халқ артисти

НАСИБА АБДУЛЛАЕВА

Нима учун машҳур?

Ўзбекистон халқ артисти. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси. Унинг “Бари гал”, “Самарқанд”, “Азизим онам” каби қўшиқлари миллионлаб мухлисларига эга. Бугун унинг туғилган куни.

Қандай машҳур бўлган?

Насиба Абдуллаева 1961 йил 15 ноябр куни Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. Отаси Мелик Ёрмуҳаммедов эронлик, онаси Халчучук тожик бўлган. Қизалоқ оддий ишчи оиласида тарбияланган етти фарзанднинг энг кенжаси эди. Санъатга қизиқиши баланд бўлган отаси бир неча мусиқа асбобларини яхши чалган. Санъатга бўлган эҳтиросни отасидан олган Насиба мусиқа мактабининг аккардеон бўлимида таҳсил олган. Гарчи оилада етишмовчиликлар бўлсада, пул тежаб урал мотоциклини сотиб олган ота ҳар куни қизини машғулотларга олиб борган. Бир кун келиб, қизи унинг саъй-ҳаракатларини оқлашига ишонган.

Бўлажак қўшиқчи мактабни битиргач, Архитектура-қурилиш институтига ҳужжат топширган. Аммо имтиҳонлардан ўта олмай, мактабда мусиқа фанидан дарс берган. Ижодини халқ қўшиқларидан бошлаган ижодкор “Хоразм лазгиси”, “Бари гал”, “Танавор” каби қўшиқларни ижро этган. 1980 йил уни “Самарқанд” вокал-инструментал ансамблига солист сифатида таклиф қилишган. Шу йили у ўзининг “Бари гал” ва “Самарқанд” альбомларини яратган. Унинг истеъдоди мамлакат ва чет элларда юқори баҳоланган. Насиба Абдуллаева 1987 йил “Ўзбекистон (ССР)да хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлган.

1989 йил Тошкент давлат маданият институтини тамомлагач, Ўзбекистон давлат филармониясига ишга жойлашган.  Шу йили унинг ижодига бағишланган “Насиба” телефильми ишланган. 1990 йилда ўзининг “Айлонай” деб номланган биринчи яккахон альбомини чиқарган. Унинг овози минглаб томошабинларнинг қалбини забт этган.

Қўшиқчининг мунтазам берилган концертларида зал мухлислар билан тўлган. У турли тилларда қўшиқ куйлаши билан кўпгина мамлакатларда ҳам ўз мухлисларини топган. 2000 йилда Насиба Абдуллаева турмуш ўртоғи (гитарист) Элдар Абдуллаев билан ажрашгач, икки йил ижодий танаффус қилган. 2004 йилда эса у Ўзбекистон давлат консерваториясида дарс бера бошлаган.

2017 йилда унинг Аслан Ҳусайнов билан куйлаган дуэти томошабинлар эътиборини тортди. 2018 йилга келиб Насиба Абдуллаеванинг дискографияси еттита мусиқий альбомдан иборат бўлди. Шу йили Италиянинг Fendi модалар уйи продюссерлари қўшиқ муаллифини кўрсатмаган ҳолда ўз рекламаларида Насиба Абдуллаеванинг “Фарида” қўшиғидан парча ишлатган эди.

Унинг Анвар ва Акбар исмли икки ўғли бор.

Машҳур нима дейди?

“Ота-онам ўта камтар инсонлар эди. Улар менинг концертларимга фақат бир маротаба (2002 йил) ташриф буюришган. Олди қатордан жой олиб ўтиришга ҳар доим тортинишар эди”.

“40 йиллик ижодим давомида мухлисларим кўзида меҳрдан бошқа нарса кўрмадим. Бу мен учун Бахт!”.

“Менинг назаримда, санъаткор учун унинг тадбирда биринчи ёки охирги чиқиши эмас, омма ва севган томошабинларининг кўнглида қанақа ўрин эгаллаганлиги, ўз ишининг қанчалик устаси бўлганлиги ва санъат оламида қанчалик ўзига хослиги муҳимроқ”.

“Келиб чиқишим Самарқанддан, отам эроний, онам тожик. Лекин ҳар битта тилда қўшиқ куйлаганимда, одамларнинг мени ўша миллатга мансуб деб билиши, менинг ютуғим бўлса керак. Санъаткор сифатида…”

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Концертларига ота-онаси фақат бир марта ташриф буюрган халқ артисти

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: