Нега вакцина билан ССВ эмас, балки Инновация вазирлиги шуғулланмоқда?

«Бу саволга, асосий омил сифатида шуни айта оламанки, вакциналар – бу юқори технологиялар. Жудаям катта инновацияси бор. Бу соҳада вазирлигимиз етакчилик қиляпти дейишдан йироқман. Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам вакциналарни синовдан ўтказиш, дори препаратлари, даволаш усуллари бўйича бир қанча тажрибалани амалга ошириб келмоқда. Инновацияда, яъни умуман юқори технологиялар трансферини амалга оширувчи ваколатли давлат органи сифатида, жоиз бўлганда кузатувимиздаги дори-препаратлари, вакциналарни трансферини амалга ошириш вазифамиз ҳисобланади» –деди Иброҳим Aбдураҳмонов.

Ўзбекистонликларни коронавирус вакцинаси билан таъминлаш учун бир неча хил вакцина синовларини ўтказиш лозим бўлади. Бу – Россия вакциналари ҳам, Европадаги AstraZeneca ҳам, АҚШдаги Moderna компаниясининг вакциналари ҳам ёки Хитойнинг вакциналари ҳам бўлиши мумкин. Вазирнинг айтишича, бир пайтнинг ўзида бир нечта вакциналар синовини ўтказиш устида ишлар олиб бориляпти ва “аҳоли буни тўғри тушуниши керак”.

“Бир нечта вакцина синовини параллел равишда ўтказиш – давр тақозоси. Чунки коронавируснинг ҳам ҳар хил типлари бор”,-деб билдирди Иброҳим Aбдураҳмонов.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда синалиши айтилаётган Хитой вакцинаси синовининг учинчи босқичида турли давлатларда 15 минг кўнгилли иштирок этади. Улардан 5 минг нафари ўзбекистонликдир.

“Вакцина синовида битта нарсани тушуниш керак. 5000 вакцинани оладиган кўнгиллининг тенг ярми – 2500 нафари ҳақиқий вакцина олмайдиган одамлар бўлади. Яъни 2500 нафари ҳақиқий вакцина олади, қолгани ҳақиқий вакцина олмайди ва ким қанақа вакцина олганини, қанақа ампула ишлатилганини ҳеч ким билмайди. Бундай қилишдан мақсад – вакцинанинг қанчалик самарадорлигини аниқлаш, субъектив аралашувларни камайтиришдир”,-деб айтган вазир.

Унга кўра, дунё миқёсида шу кунгача коронавирусга қарши 11та вакцина синовининг 3-босқичи амалга оширилмоқда. Мазкур синовлар пайтида вакцинадан ўлганлар бўлмади.

“Биргина AstraZeneca компанияси ишлаб чиққан вакцинанинг 3-босқич синовида бир киши вафот этди, аммо кейин маълум бўлдики, вафот этган одам плацебо гуруҳида бўлган, у ҳақиқий вакцинани олмаган”,-деди Иброҳим Aбдураҳмонов.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: