Ниятингизни тўғрилаб олинг

Олдинлари бир кишининг кўзидан (хушуъ, Аллоҳнинг зикри туфайли) ёш чиқса, ёнидагилар кўрмаслиги учун бош кийимини қуйироқ тушириб олар эди. Ҳозир эса камералар олдида туриб йиғлашади…

Олдинлари бир киши умрага бориб, қайтиб келар, лекин бундан ҳеч кимнинг хабари бўлмас эди. Ҳозир эса Каъбанинг атрофида тавоф қилаётганини ҳаммага кўз-кўз қилишади…

Олдинлари бир киши тунлари намоз ўқиб, тўшагига қайтиб ётиб олар, баъзида бу ҳолни ёнида ётган аёли ҳам билмай қолар эди. Ҳозир эса туннинг охирги учдан бир қисмида уйғоқ эканликларини билдириш учун ижтимоий тармоқларда дуолар қилишади…

Олдинлари бир талаба дарс асносида профессордан таҳорат олишга рухсат сўраб, ташқарига чиқиб кетар, аслида эса бу вақтда зуҳо намозини ўқиб олар эди. Ҳозир Твиттер ва Фейсбукда Зуҳо намозини ўқимоқчилиги ҳақида жар солишади…

Диққат қилинг! Риё баъзида бошқаларга эслатма қилиш билан ҳам пайдо бўлади.

Олдинлари Рамазон ойи кириши билан киши ибодатларини кўпайтириш учун дўстларидан ўзини четга тортар, лекин буни ўзгаларга сездирмас эди. Ҳозир эса «Рамазонда ибодат билан машғул бўлиш учун ижтимоий тармоқларни тарк этмоқчиман», деб эълон беришади. Индамасдан кетиш мумкин эмасми?!

Авваллари киши ниятини холис қилар, бирон ибодати ошкор бўлиб қолса, ўз нафсини маломат қилар эди. Ҳозир эса бир киши нима қилаётганини қолганлар билиб туради…

Салафлар тунда ниманидир кўрганлари ҳақида гапириб қолишса, ортидан «Мен намоз ўқимаётгандим. Шунчаки, бир ҳашарот чақиб олганидан ухлай олмадим», деб қўйишарди…

Айюб Сахтиёний: «Банда машҳурликни яхши кўрар экан, ҳеч ҳам ростгўй бўла олмайди», деган.

Ҳаммод ибн Зайд айтади: «Айюб (Сахтиёний) бир мажлисда ўтирганида ибратли гап эшитса, (кўзёшини билдирмаслик учун) бурнини қайта-қайта тортиб, «Шамоллаш бунча ҳам қаттиқ бўлмаса», дер эди.

Имом Аҳмадга «Ҳадисларни Аллоҳ учун жамладингиз-да», дейишди. Имом: «Аллоҳ учун», десак, У бундан беҳожат. Аксинча, шу ишни яхши кўрганимиз учун қилдик», деб жавоб берди.

Мусанниф Адҳам

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: