Муаммонинг моҳияти қолиб, номини ўзгартириш билан ҳеч нарса ўзгармайди

Сергелининг номини ўзгартиришни таклиф қилибди бир партия! Ана, холос! Жуда оғир ва катта муаммони кўтариб чиқибди-ку бу номзод деганлари…

Ундан кўра, сўнгги йилларда бу туманда йиғилиб қолган юзлаб муаммоларга эътиборни қаратсангиз тўғри бўлармиди, жаноби номзод! Бу ном бу туманга қанчалик хос ёки мос эмаслиги – бу бошқа масала. Аммо СИРҒАЛИ эмас СЕРГЕЛИ бўлса керак аслида. Майли гап бу ҳақда ҳам эмас.

Сўнгги йилларда бу туманда 500 дан зиёд янги уй қурилди. Шунча кўп қаватли уйга қанча минг одам кўчиб келганини тасаввур қиляпсизми? Шунга яраша аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси-чи, қанчага ошди? Афсуски, бу 0 даражада турибди.

Шаҳар билан боғлайдиган бирорта ҳам янги йўл қурилмади! Битта кўприк қурилиши мана икки йилдан бери чўзилиб ётибди.
Деярли барча йўллардаги «пробка»лар дастидан шаҳар марказигача келишга бир соатдан зиёд вақтингиз кетади.
Электр, газ, иссиқлик таъминоти идораларига бир бориб кўринг, ҳар куни қарийб эллик нафар одам навбатда турган бўлади пул тўлаш учун…

Туманда битта туғруқхонадан бошқа битта ҳам шифохона йўқлигини, одамлар хаста болаларини шаҳарнинг қайси ҳудудида жой бор экан деб касалхонама-касалхона югуриб юришини биласизми?
Тайёр бозор бузиб ташланиб, ҳали ҳам турли жойларга «сочилиб» ётганини-чи?

Ота-оналар дам олиш кунлари фарзандларини айлантиришга олиб чиқиш учун тайинли бирорта маскан йўқлигидан «ташаббускорлар»нинг ҳойнаҳой хабари йўқ!
Хуллас, ҳали яна анча давом эттириш мумкин муаммолар занжирини…

Бир ўйлаб кўринг-чи, ана шу муаммолар ечимини кўтариб чиқиш фойдалироқми ёки номини ўзгартириб «ура-урачилик» билан шуғулланган маъқулми?

Хусниддин Бердиев

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: