Ноқонуний қурилишларга қарши курашиш мумкинми?

 Жиззах ва Бухоро шаҳарларида қурилиши тугалланмасдан қулаб тушган, портлаган кўп қаватли турар-жой объектларининг қурилиши аслида ноқонуний бўлган, деб маълум қилди қурилиш вазирлиги  . Ҳайратланарли томони шундаки, бу объектлар қурилиши ноқонунийлиги айнан бахтсиз ҳодисадан кейингина, жамоатчиликка ошкор қилинди. Шу ўринда беихтиёр саволлар пайдо бўлади.

Мамлакат бўйлаб қурилиши ноқонуний ёки шаҳарсозлик нормаларига зид бундай объектлардан яна қанча бор? Объект қурилиши ноқонуний эканлигини билиш ёки ноқонуний қурилишларни тўхтатиш учун уларнинг ҳар бирида қандайдир бахтсиз ҳодиса бўлиши керакми?

Ёки билса ҳазил, билмаса чин, дегандек, агар қурилган объектлар қулаб тушмаса, портламаса қонуний қурилиш ҳисобланади-ю, бордию бирор бахтсиз ҳодиса юз берса, қурувчи жавобгар топилиб, қурилиш  ноқонуний  ҳисобланадими?

Агар қулаб тушмаганда, бу объект тақдири нима бўлар эди? Катта эҳтимол билан қурилиш тугаллангандан сўнг масъул мутасаддилар ёрдамида ҳужжатлар қонунийлаштирилардими?

Наҳотки, мана шу каби ноқонуний қурилиш объектлари баланд бўлиб қад кўтаргунича бирорта ҳам масъул мутасаддилар кўрмай қолишса? Аслида Қурилиш вазирлигининг ҳудудлардаги бўлимлари ва бошқа айрим маҳаллий раҳбарлар бу каби объектлар қурилишидан жуда яхши хабардор ( манфаатдор бўлмаса агар).

Давлатимиз раҳбари ҳам такидлаганларидек, бугун қурилиш соҳаси коррупция энг кўп урчиган соҳалардан биридир. Лекин кимларнингдир нафси, чўнтаги учун истеъмолчи моддий, жисмоний, руҳий зарар кўриши тўғрими? Агар ана ўша объектлар яна бир неча ой ўтиб қулаганида, бир неча ўнлаб инсонлар ҳаётига хавф солиши ҳам мумкин эди. Масъул идораларнинг бу каби ҳолатларга бўлган муносабати эса худди нўноқ спортчининг ўйин майдонидан четлатилишига ўхшайди. ( ноқонунийлигини биз билгандик, биз кутгандик, деб жар солишади)

Аслида Қурилиш вазирлиги масъулларининг ноқонуний қурилишларни тўхтатиш, соҳадаги коррупцияга қарши курашиш бўйича нияти жиддий бўлса, бунинг ечими жуда ҳам осон. Вазирлик ўзининг расмий веб-саҳифасида ёки ижтимоий тармоқларда ҳар бир ҳудуд бўйича ноқонуний ёки шаҳарсозлик нормаларига зид равишда олиб борилаётган қурилиш объектлари тўғрисида маълумотларни (манзили, суратлари, қурилиш фирмасини номи каби) эълон қилиб борса, кифоя. Қолганини қалами ўткир блогерларнинг ўзи қойиллатишади (давлат харидлари мавзуси каби).

Қолаверса, бўлиб ўтган воқеалар фонида ноқонуний қурилиш бу сифатсиз, ишончсиз, хавфли уй ёки бино-иншоот эканлигини англаб бораётган фуқаролар ҳам бу каби маълумотлардан хабар топгач, ноқонуний объектларни харид қилишдан ёки уларга сармоя киритишдан тийилишади. Ўз-ўзидан бозор иқтисодиётининг “кўринмас қўли” барча қурувчи ва тадбиркорларни қонуний ишлашга мажбур қиларди. Бунга эса чинакам хоҳиш ва жиндай ирода бўлса бас.

P.S. Бу гапларни ёзишдан мақсад кимнидир айблаш ёки қайсидир вазирни обрўсизлантириш эмас, шунчаки атрофимизда бўлаётган воқеаларга шу жамиятнинг аъзоси сифатида  муносабат билдириш. Зеро, бўлаётган воқеаларга реал ёндашиш, хатоларни тан олиш, янада самаралироқ фаолият юритишга интилиш, халқ манфаатларини энг юқорига қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиз бўлиши лозим.

                                                                     Дониёр ҒАНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: