Нос чекманг, буважон!

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ва виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари айланмасини тартибга солиш ҳамда истеъмолини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида Ўзбекистонда нос, тамакили ва никотинли снюслар савдосини тақиқлаш таклиф қилиняпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тама­кига қарши курашиш бўйича мутахассисининг маълум қилишича, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилган. Қонун лойиҳасида мамлакатда тамаки маҳсулотини сотиш, рек­лама қилиш, сотувини рағбатлантириш, ҳомийлик қилиш борасидаги чеклов чораларини кучайтириш, жамоат жойларида тамакидан холи муҳитни яратиш ҳамда чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари (шу жумладан, носвой, тамакили ва никотинли снюслар) айланмасини тақиқлаш кўзда тутилган.

Бу ҳақида ўқиб ўз фикр-мулоҳазаларимни билдиргим келди. Зеро, нима учундир кексалар орасида ҳам нос чекувчилар кўпчиликни ташкил этади. Улар бу маҳсулотни олиб келишни набираларига буюриб, шахсий намуна бўлишаётгани эса янада ачинарлидир. Қолаверса, бу маҳсулотларнинг инсон, айниқса, кекса организм учун зарари ҳақида аслида билмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Шундай бўлса-да, бугун айрим маълумотларни келтирган ҳолда қонун лойиҳасидаги мазкур таклиф инобатга олинишига умид билдирамиз.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили дунё бўйича 5 миллионга яқин киши тамаки чекиш асоратида келиб чиққан касалликлар туфайли вафот этади. Ўзбек онкологларининг берган маълумотларига кўра, тил, лаб ва бошқа оғиз бўшлиғи органлари ҳамда ҳалқумнинг рак билан касалланиш ҳолларининг 80 фоизи нос чекишнинг оқибати экан. Носкашнинг организмида ҳам худди шундай кимёвий реакция юз беради, носнинг таъсиридан биринчи навбатда оғиз бўшлиғининг шиллиқ пардаси ва ошқозон-ичак йўллари жароҳатланади. Узоқ вақт нос чекиш ошқозон яраси ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин. Носкашларнинг аксарияти тишларининг тез ишдан чиқишидан шикоят қилишади. Мунтазам нос чекиш, авваламбор, бутун организмни заҳарлайди. Сўнг ички аъзолар фаолиятига доир бузилишлар келиб чиқади.

Кексаликда саломатликни янада асраб-­авай­лаш ўрнига юқоридаги ҳолатларга сабабчи бўлувчи маҳсулотларни истеъмол қилишнинг саломатликдан ташқари, нуронийларимизнинг обрў-ҳурматларига ҳам путур етказиши тайин. Чунки биз улардан фақат ўрнак олишни истаймиз! Уларнинг юзларидан нур ёғилиб туришини, қолаверса, жонлари соғ ва умрлари узоқ бўлишини истаймиз! Дўкондан нос олиб қайтган набирларининг кўзидаги “шу носни чекманг, буважон” деган ўтинчни ўқий олиш­ларини хоҳлаймиз!

Сайёра ҚОДИРОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: