Бизнинг нуронийлар чойхонада, хорижликлар эса спортда рекорд ўрнатмоқда

Одамлар орасида спорт билан ёшликда шуғулланиб юқори натижага эришиш мумкин, навқиронлик даври ўтганида кеч бўлади, деган фикр шаклланган. Шу боис кексаларни жисмоний машқларга, спорт мусобақаларига жалб қилиш ўрнига, биз уларни ортиқча ҳаракат қилмасликка ундаймиз, ҳатто елвизакдан ҳам асрашга уринамиз. Айнан кексалик даврида жисмоний фаоллик саломатлик учун фойдали эканини унутиб қўямиз. Дунёда шундай спортчи нуронийлар борки, улар эгаллаган марраларни унча-мунча ёшлар забт эта олмайди. Қуйида эътиборингизга ҳавола қилинадиган маълумотлар ҳам шундан далолат беради.

Германиялик Йоханна Кваас хоним ҳозирда 95 ёшда бўлиб, у 86 ёшида дунё бўйича энг ёши кекса аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Гимнастика машғулотлари билан 9 ёшидан шуғуллана бошлаган Йоханна хоним 1982 йили мамлакат чемпионатидаги ғалабасидан кейин умуман кўзга кўринарли натижага эриша олмаган. Оилавий муаммолари туфайли спортни тарк этган. Аммо 86 ёшида YouTubeдаги бу аёлнинг спорт машғулотлари тасвирланган видеоролик омма эътиборига тушади. У ҳақида дунёдаги барча спорт  ОАВда мақолалар ёзишади. Айниқса, Хитой ОАВда Йоханна хонимга бағишланган 186 та мақола чоп этгани, унга алоҳида машҳурлик олиб келган.

Америкалик Эрнестин Шеперд хоним эса 84 ёшда. У нафақага чиққанидан кейин спорт билан шуғуллана бошлаган. Умри давомида, асосан, моделлик қилган. Ёши ўтганидан кейин танасидаги ўзгаришларга кўника олмайди ва жиддий спорт – бодибилдинг машғулотларига киришади.

Тез орада ижобий натижага эришган, соғлом ва кўркам қомат эгасига айланган Шеперд хоним ўшандан буён спорт билан шуғулланишни канда қилмайди. 74 ёшида у энг ёши улуғ бодибилдер аёл сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилади.

Ҳиндистонлик 109 ёшли  Фаужа Сингх эса дунёдаги энг ёши улуғ марафончи ҳисобланади. Жаноб Фаужайиллар давомида Панжоб шаҳрида катта ер эгаси – мулкдор бўлган. Ўтган асрнинг 90-йилларида Лондонга кўчиб келади ва илк бор 2000 йили  89 ёшида марафонда иштирок этади.

2011 йили 100 ёшида “энг ёши улуғ марафончи” дея эътироф этилади. Унинг ҳаётини кузатганлар бежизга “салла ичида яширинган бўрон” деб аташмаган, чунки Фаужа Сингх чарчаш нималигини билмайди.

Австралиялик Жорж Коронес ҳозирда 102 ёшда бўлиб, атиги 2 йил аввал 50 метрли масофани 56.12 сонияда сузиб ўтиб, дунё рекордини янгилаган нуроний ҳисобланади.

Жаноб Жорж болалигидан сузиш спорти билан шуғулланиб келган, аммо Иккинчи жаҳон уруши унинг барча режаларини бузиб юборади. Уруш бошлангандан то нафақага чиққанига қадар амалиётчи шифокор сифатида фаолият юритиб, ана ундан кейин Жорж Коронес катта спортга қайтиш вақти келганини ҳис этади. Албатта, мусобақаларда юқори натижаларга эришиши осон бўлмаган. Ўз устида ишлаш, машғулотларда маҳоратини ошириш орқали ютуқларни қўлга киритган.

Хорижликлар кексалар спортда рекорд ўрнатаётган бир пайтда бизнинг айрим нуронийларимиз асосий вақтини чойхонада ўтказаётганини ҳечам оқлаб бўлмайди. Бугунги даврнинг ўзи ҳар биримиздан оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, бир сўз билан айтганда, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга айлантиришимиз зарурлигини тақозо этмоқда.

Муҳайё ТУРДАЛИЕВА тайёрлади

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: