Нурсултон Назарбоев

Нима учун машҳур?

Қозоғистоннинг 1-президенти — Элбоши. Давлатга раҳбарлик қилган даври 30 йилни ташкил этади. Дунёдаги энг бадавлат ва қудратли давлат раҳбарлари рейтингида 10-ўринни эгаллаган. Оиласида иккита миллиардер бор. Бугун 80 ёшга тўлди.

Қандай машҳур бўлган?

1940 йил 6 июлда Олмаота вилоятида туғилган. Унга икки исмни олиб юришини истаган бувиси Нурсултон деб исм қўйган. Назарбоевнинг отаси — Абиш ҳурмати баланд киши бўлган. 1960 йил техникумни, 1967 йил олий техник ўқув юртини, 1976 йил Совет Иттифоқи коммунистик партиясига қарашли Олий партия мактабини битирган. Хизмат фаолиятини 1960 йил металлургия комбинатида оддий ишчи бўлиб бошлаган. 1977 йилгача комбинатда турли вазифаларда ишлаб, сўнг Қарағанди вилоят партия қўмитасининг котиби, 1979–84 йилларда Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитасининг котиби лавозимларида фаолият юритган. Умрининг 20 йилини русийзабон муҳитда ўтказгани боис қозоқ тилини бутунлай унутган эди. 1980 йилда Олмаотага қайтгач, қозоқ тилини қайта ўзлаштиради. 1989 йил давлат бошига келган ва 1990 йил Қозоғистон ССР Президенти этиб тайинланган. 1991 йил бўлиб ўтган мустақил Қозоғистон умумхалқ сайловида 98,7% овоз билан ғалаба қозонган. Назарбоев президентликка тўрт марта қайта сайланган. 2011 йилда Манғистау вилоятида қатъий норозиликлар уюштирилади. Бу Назарбоев бошқаруви вақтидаги энг катта норозиликлар акцияси эди. Назарбоев 2019 йил 19 март куни истеъфога чиқишини маълум қилади. Бироқ Миллий хавфсизлик кенгаши раиси ва «Нур-Отан» партияси раҳбари лавозимларини сақлаб қолади. Яқинда коронавирусга чалиниб, кекса бўлишига қарамасдан касалликдан соғайди. Сўнг унга атаб ҳайкал ўрнатишди. Назарбоевнинг 3 қизи бор. Тўнғич қизи Сенат раиси эди. Ўртанча қизи Қозоғистондаги энг бой аёл. Кенжа қизи Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев ўғлига турмушга чиққан, кейинроқ ажрашган. Расмий маълумотларга кўра, Назарбоев уруғ-аймоқларининг бойлиги 7 млрд доллар, у билан ишлаган Мухтар Аблязовнинг фикрича эса бойликлар 100 млрд доллардан ошади. 2011 йилдан буён 1 декабрда Қозоғистоннинг Биринчи Президенти куни нишонланади. Назарбоевнинг туғилган куни эса Нур-Султон шаҳри куни билан бирга нишонланади.

Машҳур нима дейди?

«Ҳозирги замонавий дунёда бир вақтлар олган билимигагина таянувчи эмас, балки бутун ҳаёти давомида ўрганадиган киши ғолибдир. Менга университетда қандай қилиб президент бўлиш кераклиги ўргатилмаган эди».

«Қозоғистон келажаги — қозоқ тилида».

«Мен демократияни Америкадагидек қилмоқчи эдим, лекин Қозоғистонда қандай қилиб шунча америкаликларни топаман».

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: