Оқсари онанинг армони

Мўйноқнинг асосий ташриф қоғози, бу шубҳасиз, кемалар қаб­ристони жойлашган эски кема портидир. Уруш йиллари ушбу портга Ўзбекистоннинг барча жойларидан аскарлар Амударё орқали келиб, шу ердан денгиз кемаларига чиқиб, Қозоғистоннинг Орол шаҳрига борган, кейин фронтга поезд ёки бошқа транспортда олиб кетилган. Ушбу эски порт ўрнида учи осмонга қараб турган бир иншоот мавжуд. Бир вақтлар Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аскарлар хотирасига бағишлаб қурилган ва “Учган юлдуз” деб номланган бу мажмуага ҳозир денгиз ва портни эслатувчи ёдгорлик сифатида қаралади.

Мазкур ёдгорлик қурилишига сабаб бўлган ғоят таъсирли бир воқеани мўйноқликлар яхши эслашади.

1941 йил уруш бошланиб, Мўйноқда бир оиладан ота ва унинг ёлғиз боласи фронтга чақирилади. Уйда Оқсари исмли она ёлғиз қолади. Кўп ўтмай, фронтдан ота вафот этгани ҳақида қора хат келади. Ўғил ҳам шу кетганча, мўл кетади. Кўрдим-билдим, деган киши бўлмайди.

Уруш тугайди. Фронтга кетганлардан биров ногирон, бош­қаси соғ қайта бошлайди. Қайтмаганларнинг эса урушда бирор жойда ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар чиқиб туради. Афсуски, Оқсари онанинг ўғлидан дарак бўлмайди.

Аёл ҳар куни почта кутади, ҳар куни келаётган кемани кутиб олишга чиқади, ёлғиз ўғлидан эса нишон йўқ. Уруш тугаса-да, онаизор ҳар куни шу портга келиб, соатлаб фарзанди отланган йўлга термулиб ўтиришни одат қилади. Орадан йиллар ўтади.

70-йиллар ўрталарида денгиз суви тортилиб, чекина бошлайди ва порт жойини ўзгартиришга тўғри келади. 30 йилдан ортиқ фарзандини шу жойда кутиб келаётган она “портни кўчирманг” дея дод-фарёд солади.

“Менинг болам урушга шу йўлдан кетган. Келса, энди шу йўлдан келади”, — деб портни кўчирмоқчи бўлганларга зор йиғлайди.

“Опа, энди сув йўқ, кемалар қатнамайди. Болангиз келадиган бўлса, машинада ёки самолётда келади, денгиз йўли билан эмас”, — дейишади улар.

“Йўқ, тушунмаяпсиз. Менинг болам ҳали ёш, ўз уйини фақат шу йўл орқалигина топа олади. У Мўйноқдан бошқа ерни билмайди, фақат денгизга чиқиб кўрган, холос. Келса, денгиз йўли билан келади. Йўқса, уйини қандай топади?…”

— Мўйноқ тумани партия қўмитаси иккинчи котиби лавозимида 28 йил ишлаган Абдикерим Тлеуов деган киши 40 йил ўғлини кутган онанинг тақдиридан ғоят таъсирланиб, урушга кетиб ҳалок бўлган аскарлар хотирасига бағишлаб “Учган юлдуз” ёдгорлигини яратиш ғоясини илгари сурган, — дейди экскурсовод-олим Октябр Доспанов.

Ушбу мажмуада аввал 1941-1945 ёзуви бўлиб, учида беш юлдуз бўлган. Энди ёдгорлик қайта таъмирдан чиқарилди.

“Кемалар қабристони” айнан шу ерда жойлашган. 12 эски кема бир вақтлар бу жойда денгиз бўлганидан дарак беради.

2000 йиллар бошигача денгизнинг қуриган майдонида қолиб кетган 300га яқин кема аста-секин металлолом учун кесиб-кесиб давлатга топширилди.

Ҳозир мавжуд 12 дона эски кемани ҳам йўқ қилиб юбориш ғояси мутасадди раҳбарлар томонидан вақти-вақти билан кўтарилиб туради. Кемалар Қорақалпоғистоннинг имижига салбий таъсир кўрсатармиш. Яқинда Мўйноқ бўйича ўтказилган бир йиғилишда юқори лавозимли бир амалдор шу таклифни яна бир бор кўтаргани мениям ҳайрон қолдирди. Ахир, сайёҳлар шу манзарани кўриш учун Мўйноққа келишяпти-ку. Агар, кемалар йўқ қилиб юборилса, гап-сўз кўпаймайдими? Мўйноқда туризмни ривожлантириш бўйича Президент қарори ижроси нима бўлади?

2010 йил Мўйноққа БМТ Бош котиби Пан Ги Мун келиши айтилиб, қизғин тайёргарлик бошланади. Шунда ҳалиги 12 та кемани нари судраш, бери судраш бўйича топшириқлар жонига теккан бир амалдор “шу кемаларни ҳам ўшанда металлоломга бериб юбориш керак эди, бошга битган бало бўлди-ку” деган экан.

Мўйноқда яқинда “Мотамсаро она” ҳайкали қуриб битказилди. Бизнингча, Оқсари она тимсолида ҳам бир ёдгорлик ўрнатилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ахир, юртимизда Оқсари она каби қанчадан-қанча оналар дилбанди йўлига илҳақ бўлмаган дейсиз?!

Есимхон ҚАНОАТОВ,
Журналист

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: