Обид Юнусов 803 марта ижро этган ролини биласизми?

Нима учун машҳур?

Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек кинематографиясининг олтин фондидаги кўплаб фильмларнинг бош рол ижрочиси, дубляж санъатининг моҳир устаси. Актёр “Парвона” спектаклидаги машҳур Ўткурий ролини 803 марта ижро этган. Унинг овози билан 1000 дан ортиқ фильм ўзбек тилига ўгирилган.

Бугун актёр таваллуд топган кун.

Қандай машҳур бўлган?

Обид Юнусов 1934 йили 20 ноябрда машҳур бастакор Юнус Ражабий хонадонида дунёга келган. Санъаткорлар оиласида улғайгани боис унда ёшликдан актёр бўлиш иштиёқи кучли бўлган.

Ўнинчи синфни битираётганда ундан “Мактабни битиргач, ким бўласан?” деб сўрашганида, “Мен актёр бўламан, актёр бўлиб Алишер Навоийни ўйнайман, мен Гамлетни ўйнайман”, деб орзу қилган. Аммо санъаткорга бу ролни ижро этиш насиб этмаган.

Театрдаги илк ролларини Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида ўқиб юрган пайтларидаёқ ўйнай бошлаган. 1956 йилда мазкур институтнинг актёрлик факультетини тугатган Обид Юнусов қарийб 40 давомида Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)да ишлаган.

Одил Ёқубовнинг “Юрак ёнмоғи керак” асаридаги Камол, Рамз Бобожоннинг “Тоға ва жиянлар”идаги Бўривой, “Насриддиннинг саргузаштлари”даги Насриддин, Абдулла Қаҳҳорнинг “Аяжонларим” асаридаги Каримжон, Эркин Воҳидовнинг “Олтин девор”идаги Қиличбек, Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” ва “Фармонбиби аразлади” асарларидаги Маъмур образлари билан томошабинлар қалбидан ўрин олган. “Армон”, “Тўйлар муборак”, “Чинор остидаги дуэл”, “Чаён гул”, “Шайтанат”, “Шарпа” каби кинофильмларда роллари билан актёр ўзига ҳайкал қўйган.

Унга машҳурлик келтирган “Парвона” спектаклидаги ролини эса у ажойиб тарзда қўлга киритган. Шоир ва драматург Уйғун театрга келиб пьесани ўқиганидаёқ Обид Юнусовнинг ўша ролга завқи кетган. Аммо пьеса қабул қилиниб, роллар актёрларга бўлиб берилганида, унга роль тегмаган. Илтимос қилганидан кейингина иккинчи актёр қилиб, шу ролга ёзиб қўйишган. Лекин бу орада Ўткурий ролига тасдиқланган асосий актёр гастролга кетиб қолгач, режиссёр Шариф Қаюмов репетицияни давом эттиришни Обид Юнусовга юклаган.

Обид Юнусовнинг устозларига эътиқоди баланд бўлган. Шунинг учун биринчи ўғлининг исмини Олим Хўжаевга ҳавас қилиб Олим деб қўйган бўлса, иккинчи ўғлига Наби Раҳимовга бўлган ҳурмати сабаб Наби деб қўйган.

Обид Юнусов 2015 йил 20 сентябрда  вафот этган.

Машҳур нима дейди?

“Болалигимда кино жинниси эдим, қўлимга озгина пул тушса, трамвайга осилиб бўлса-да, кинотеатрга югурардим. Эрталаб соат тўққизда кирсам, то кечки соат бешларгача сеансма-сеанс кўравериб, сула­йиб қолардим. Кейин уйга кетардим. Ўша вақтлар машҳур бир ярим соат давом этадиган “Тарзан” киносини синфдошларимга бир ярим соат гапириб берганимни эслайман. Уйдагиларга ҳар хил ролларни ўйнаб берардим”.

“Қани, мен уч-тўрт йил ишлаб кўрай-чи, ёқса ишларман, ёқмаса кетарман бошқа ёққа, деган одам санъатга кирмаслиги керак. Санъатга фақат жонини, танини, бутун вужудини бериб, кейин ишлаш керак”.

“Ҳар ким, энг аввало, бу дунёда керак бўлиб юриши керак!”

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: